УСТАЗОДА ҲУНАРМАНД

Расулжон жуда ёшлигиданок тўқимачиликка хавас қўйди. У улғайган сари қалбидаги иштиёқ аланга олиб, уни Тошкент Тўқимачилик институтига етаклади. Олийгоҳни имтиёзли  диплом билан тугаллаб, ўз олдига ҳунармандчиликни ривожлантиришни, ота боболаримиздан мерос бўлиб келаётган асрий анъаналаримизни безавол давом эттиришни, йўқолиб бораётганларини эса қайта тиклашни мақсад қилиб қўйди. Орадан кўп ўтмай шаҳримиздаги Хўжа Эшон мадрасасида ҳунармандчилик маркази ташкил этиб, унинг атрофига устазода ҳунармандларни бирлаштирди. Бугун бу маскан чет эллик сайёҳлар ва соҳа вакилларнинг энг гавжум маконига айланган.

Ҳунармандчилик марказида миллий ипак матоларимиз атлас ва адрасларнинг тўқилиш жараёнидан тортиб, унга пардоз бериш ишлари маҳоратли тўқувчилар томонидан амалга оширилади. Марказда уч марта халқаро анъанавий атлас фестивали ўтказилиб, унга 20 дан ортиқ мамлакатлардан машҳур дизайнерлар ва тўқимачилар, моҳир ҳунармандлар ташриф буюрган.

Ҳунармандчиликни нафакат ўз шаҳримиз, балки бошқа вилояту шаҳарларда ҳам юксалтиришни орзу қилган Р.Мирзааҳмедов кўҳна Хоразмнинг Хива шаҳрида ҳунармандчилик мактаби ташкил этиб, тўқимачиликнинг халқ орасида унут бўлаёзган “Турма белбоғ” ва “Олача чопон” турларини қайта тиклади. Хозир унинг 20 дан ортиқ иқтидорли шогирдлари бу ерда самарали фаолият олиб бормоқдалар.

У мамлакатимизнинг жанубий қисми Сурхондарёда ҳам тўқимачилик мактаби ташкил этиб, гиламчилик ва тўқима матолар ишлаб чиқаришни ривожлантирди. Моҳир ҳунарманд 2005 йилда ЮНЕСКО томонидан ўтказилган “Осиё ва Тинч океани минтақасида ҳунармандчиликни ривожлантириш” кўрик-танловида иштирок этиб, халқ ҳунармандчилигининг йўқолиб бораётган “Аъло Бахмал” турини қайта тиклаб, дунёнинг энг машхур дизайнерлари эътиборига ҳавола этди. Танловда у мутахассислар эътиборини қозониб, пул мукофоти ва эсдалик совғалар билан тақдирланди. Шунингдек, моҳир тўқувчи 2 марта Францияда ўтказилган халқаро фестивалларда “Халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш истиқболлари” лойиҳаси доирасида муваффақиятли иштирок этиб, ўзбек тўқимачилик санъатини дунёга танитди.

Ҳозир “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бошқармаси раҳбари лавозимида фаолият юритаётган, халқ ҳунармандчилигининг чинакам жонкуяри, етакчиси ва фидойиси бўлган Р.Мирзааҳмедов шаҳар миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш марказининг миллий матоларни тайёрлаш услублари ва илғор тажрибасини ЮНЕСКОнинг жаҳон номоддий маданий мероси рўйхатига киритиш ташаббуси билан чиқиб,  4-9 декабрь кунлари Жанубий Кореянинг Че-Жун оролида марказ томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлари кўргазмаси билан қатнашади.

Ўтган 10 йил давомида марказ ташаббуси билан ҳалқаро саноат тадбирлари, семинар ва маҳорат дарслари ташкилланди. Миллий матоларимизни табиий толалар ва табиий рангларда тайёрлашни нафақат юртимизда балки халқаро миқёсда тарғиб қилди. Бу марказнинг иш тажрибаси жаҳон мероси намунаси сифатида тан олинди, ҳамда марказнинг илғор тажрибасини жаҳон бўйича оммалаштириш кўзда тутилди.  Биз унинг нуфузли анжуманда муваффақиятли иштирок этиб ўз олдига қўйган эзгу мақсадларига етишишига ишонамиз ва унга омадлар тилаймиз.

У бошчилик қилаётган ҳунармандлар марказида ишлаб чиқарилаётган атлас ва адраслар ўз жозибадорлиги, шаффофлиги, жилодорлиги ва ёрқинлиги билан сайёҳларни ҳайратга солаётгани рост. Келажакда бу табиий тоза, инсонлар соғлиги учун ниҳоятда фойдали ипак матоларининг довруғи янада ошиб, жаҳон жамоатчилигини, айниқса унинг гўзалликка ошуфта аёлларини мафтун этиши шубҳасиз.

Мастурахон САИДМУРОДОВА.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube