МАФКУРАВИЙ ИММУНИТЕТ

Бугунги кунда мустақил мамлакатимизда турли ёвуз кучларнинг диний экстремизм ва халқаро террорчиликни минтақамизга ёйиш орқали юрт тинчлигига раҳна солишга уринаётгани киши кўнглини хира қилмоқда.

Маълумки, Ислом дини ҳамиша одамларни яхшиликка, эзгу мақсадлар сари чорлаб келган. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таъкидлаганларидек, “Ислом дини – бу ота-боболаримиз дини, у биз учун ҳам имон ҳам ахлоқ, ҳам диёнат, ҳам махфиратдир”.

Экстремистик ва террорчилик ташкилотларининг ғайриинсоний ҳамда ғайридиний ҳаракатлари бизни доимо хушёр ва огоҳ бўлишга, ҳақиқий диний
қадриятларимизни уларнинг сохта, ўта ғаразли талқинларидан кескин фарқлашга ундайди. Шунингдек, терроризмнинг бугунги кунда ўта хавфли сиёсий ҳодисага айланиб бораётганлиги, қолаверса унинг диний экстремизм билан чирмашиб кетиш жараёнининг кучайиши, унга қарши курашнинг ягона, янги тизимини шакллантиришни тақозо қилмоқда.

Халқаро миқёсда ўтказилган анжуманларда, МДҲ давлатлари раҳбарларининг олий даражадаги саммитларида, шунингдек Марказий Осиёда биринчи бўлиб 2000 йилнинг 15 декабрида Ўзбекистон
Республикаси Олий Мажлиси томонидан “Терроризмга қарши кураш тўғрисида” Қонун қабул қилиганлиги ҳануз халқаро ҳамжамиятнинг диққат марказида турибди.

Диний экстремизм ва терроризмга қарши курашнинг самарадорлигини оширишда эса маданий-маърифий тадбирларнинг ўрни, фуқароларда, жумладан ёшларда мафкуравий иммунитетни шакллантиришнинг йўналишлари, усуллари ва воситаларининг амалий аҳамияти каттадир.

Мамлакатимизда ижтимоий-сиёсий барқарорлик ҳамда хавфсизликни таъминлашда ва мутаасиб ғояларга қарши фуқароларда мафкуравий иммунитетни шакллантиришда дин соҳасидаги чуқур илмийликка, демократик тамойилларга асосланган давлат сиёсатининг кенг қамровли роли янада кучайиб бормоқда. Шубҳасиз, бу жараён халқимизнинг келажакка бўлган ишончи, эътиқодини, ўзи танлаб олган демократик тараққиёт йўлида ташлаётган ҳар бир қадамини мустаҳкамлашга самарали таъсир этади.

Модомики жаҳонда, жумладан Марказий Осиёда халқлар мустақиллиги, эркинлиги, урф-одатлари ва бойликларига таҳдид соладиган ва ўз манфаатлари йўлида ҳеч нарсадан қайтмайдиган ғайриинсоний кучлар мавжуд экан, бугунги кунда вояга етаётган фарзандларимиз – ёшларни кучли мафкуравий иммунитетга эга шахс сифатида тарбиялаш энг долзарб вазифалардан бири бўлиб қолаверади.

Гавҳархон ЧОРШАНБИЕВА,

шаҳар Мудофаа ишлари бўлими чақирув бўлинмаси масъул ижрочиси,

оддий аскар.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube