ВАЗИФАЛАР АНИҚ, ФАОЛЛИК ЗАРУР

Мамлакатимизда аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, фуқаролар турмуш тарзини яхшилашга қаратилган тизимлар жорий этишга алоҳида эътибор берилмоқда. Жумладан, жорий йилда барча жойлардаги каби шаҳримизда ҳам Президентимиз ва Республика ҳукуматининг бу борадаги қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими, “Ягона ҳисоб-китоб маркази” филиали ташкил этилди.

Янги тизимлар фаолияти натижасида шаҳардаги барча кўп қаватли турар-жой бинолари хатловдан ўтказилди, уларнинг электрон базасини яратиш ишлари бошланди. Аҳолининг дебитор қарздорлигини камайтириш, хусусий уй-жой ширкатлари молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш, консалтинг хизмат кўрсатишни такомиллаштириш борасида ижобий ишлар амалга оширилди.

Бу борадаги амалий ишлар натижасида шаҳар бўйича 2017-2018 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш учун кредит маблағлари ажратиш режаси 169 фоизга етказиб адо этилди. Белгиланган 3,2 миллиард сўм ўрнига 5,4 миллиард сўм маб-лағ ажратилди. Бунинг эвазига ишлаб чиқилган дастур асосида 21 та кўп қаватли уйнинг 18101 квадрат метр том қисми мукаммал, 28 та уйнинг 10835 квадрат метр том қисми жорий таъмирланди. Кўп қаватли уйлар ертўлалари, фасади, уй олди йўлкаларини таъмирлаш, тартибга келтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. 1480 погон метр қувурлар янгиланди, 46 та электр тақсимлаш шитлари таъмирдан чиқарилди, ноқонуний барпо этилган 278 та гараж, 54 та турли бинолар бартараф этилди.

Шаҳар маҳаллалари ҳудудида қиш мавсумини кўнгилсиз ҳодисаларсиз ўтказиш мақсадида 21 минг метр электр тармоғи мукаммал, 120 минг метр электр тармоғи жорий таъмирланди. Мавжуд электр тақсимлаш пунктларининг 4 тасида трансформаторлар янги қувватлисига алмаштирилди, 3 та қўшимча электр тақсимлаш пункти жорий этилди, 7,5 тонна трансфорт мойи қуйилиб, 3 тонна мой заҳираси яратилди.

Бироқ, шуни очиқ айтиш жоизки, куз-қиш мавсумига тайёргарлик борасида олдинда янада долзарб вазифалар турибди.

Зеро, ижобий ишлар кўлами ҳар қанча кенг бўлмасин, айрим ижтимоий соҳа муассасалари, ташкилот ва аҳоли истиқомат жойларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ўлда-жўлда, юзаки бажарилмоқда. Хусусан, шаҳар ҳокимлиги ишчи гуруҳи маълумотларига кўра 19, 2, 24, 32, 25, 33, 20-болалар боғчаларида қиш мавсумига тайёргарлик ишлари кўнгилдагидек эмас. Бу мактабгача тарбия муассасаларининг айримларида кўмир захираси яратиш режаси бажарилмаган бўлса, айримларида биноларни қиш мавсумига тайёрлаш, коммуникация тармоқлари таъмири, ободончилик ишлари охирига етказилмаган. Бундай мисолларни бошқа ижтимоий соҳа муассасаларидан ҳам келтириш мумкин.

Маълумки, шу йил 20 октябрда шаҳар ҳокимининг иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳани куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини ташкил этиш борасидаги вазифаларни тўлиқ бажаришга қаратилган фармойиши қабул қилинган эди. Унга кўра шаҳарда қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ва уни беталофат ўтказиш ишларини жадаллаштириш мақсадида “Зарбдор 70 кунлик” эълон қилинди. Аммо, бу зарбдор кунларда ҳам фармойишда кўрсатиб ўтилган маҳаллаларни куз-қиш мавсумига тайёргарлик даражаси бўйича “яхши”, “ўрта”, “оғир” ва “ўта оғир” тоифаларга ажратиш, “оғир” ва “ўта оғир” бўлган маҳаллалар кесимида алоҳида чора-тадбирлар кўриш, табиий газ етказиб бериш имкони бўлмаган ҳудудлар рўйхатини шакллантириш бўйича тадбирлар белгилаш, аҳоли билан бевосита учрашувлар, қишга тайёргарлик бўйича мулоқотлар ўтказиш ишларини бажарилиши тўлиқ таъминланмаяпти.

Шундай экан, бу борадаги вазифаларни тўлиқ адо этиш учун янада фаоллик, амалий ҳаракат зарур. Зеро вақт кутиб турмайди…

М.ҲАБИБ.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube