МЕҲРИМИЗНИ ЗАМИНДАН ДАРИҒ ТУТМАЙЛИК

Табиат муҳофазаси долзарб масала сифатида ҳамон башариятни мулоҳаза қилишга, ижобий тадбирлар кўришга чорламоқда. Қайси бир ўлкада одамлар тоза ичимлик сувига муҳтож. Яна бир минтақада чиқиндиларни йўқ қилиш масаласи ҳал этилмаганидан бедаво дардлар пайдо бўлаётир. Бир тарафда муз қитъада қорларнинг эрувчанлиги ошганидан, Озон қатлами емирилиб бораётганидан бутун олам ташвишга тушмоқда.

Қалбимизда яшириниб ётган бир ҳақиқат ана шу лаҳзаларда уйғониб кетади. Глобал тус олган бу муаммоларга аслида инсониятнинг ўзи айбдор эмасми? Тамаддунлар ривожлангани сайин одамзот яхши яшашга интила бошлади. Бироқ бу табиатга ўз ҳукмини ўтказиш эвазига рўй берди. Таассуфки, бу жараён ҳамон давом этмоқда. Экологик маданият тушунчасига иккинчи даражали омил сифатида қарашга ўрганиб қолгандекмиз.

Автомобилини ичимлик суви билан юваётган ўсмирга қараб унинг оиласида ҳам тарбияга эътибор сустлигини англайсан. Майли, дунё миқёсидаги тоза сув тақчиллигини қўя турайлик, бу йигитча исроф тушунчаси нима эканлигини билармикан? Водопроводдан ҳовлига сув сепаётган қизалоққа ҳам шу баҳони бериш мумкин.

– Швецарияда кимки, кўчани оддий бир нарса билан ифлос қилса ҳам, ўша шахсни полиция жавобгарликка тортар экан. Кўчалар видеокамера назоратида эмиш, – оғзини тўлдириб сўзлади аёл қўшниси билан ўзаро суҳбат чоғида. – Ана сизга тозаликка эътибор. Қани энди бизда ҳам шундай йўл тутишса, – деб қўшиб қўйди ва болаларининг қўлига чиқинди тўла челакни тутқазиб авто-
йўл четига тўкиб келишни тайинлади. Болалар бир уюм ахлатни кўпайтиришга “ҳисса” қўшиб ортга қайтишди.

Бизга камера назорати керак эмас, ўзимизни тартибга ўргатсак, чиқиндини махсус жойга эринмай тўкиб келсак кифоя. Буни оғзини тўлдириб гапираётган аёлнинг ўзи ҳам яхши тушунади. Фақат, “Тартибга фақат мен амал қилганим билан ҳаммаси яхши бўлиб қолмайди” деган тор тушунчага суяниб қолгандек, фарзандларини ҳам шунга эргаштирмоқчидек.

Одамлар кўпинча мукаммал мавжудот сифатида табиатга ҳукмини ўтказишга интилиб келган. Шунинг натижасида музликларда турфа кашфиётлар яратилди, чўллар бўстонга айлантирилди, сув ўзанларини ҳам тараққиёт ривожи учун ўз измига солди. Оқибатда, табиат бунинг нотўғри эканлигини исботлаб, инсониятни жазолади: қуёш ҳароратига рўпара келмаган музликларда тез эриш жараёни бош-
ланиб кетди. Натижада денгизларда ва дарёларда тошқин рўй берди. Боғлар яратиш илинжида ўзлаштирилган чўллар яшнагани билан, яшил тўқайлар ўрнида саҳролар ҳосил бўла бошлади. Ирмоқларни ўз кўйига солишга урингани учун  дарёларда ифлос манзаралар уйқашди, одамларнинг тошқинлардан силласи қуриди. Начора, инсон ҳамон бу хатоларни қилишдан тўхтамаяпти.

Замонавий мезонлар асосида қурилган кўркам меҳмонхона олдидан ўтарканман, пиёдаларнинг йўлагига 3 та улкан контейнер қўйилганига таажжубим ортди. Унинг ичидаги чиқиндилар тошиб, бадбўй иси бу ердан тезроқ қоч дегандек, буриқсиб турибди. Шу палла замонавий автомашина йўл четига тўхтадида, бир болакай сакраб тушиб қўлидаги 3 та катта  пакетдаги ахлат ва сабзавот пўчоқларини контейнерга ирғитди. Машина яна учиб кетди. Шу паллада бирорта, ҳорижлик меҳмонхонага кириб келса ёки чиқса рўпарасидаги манзарадан қандай таассурот олар эди. Албатта, унинг ҳайрати ҳам бизникидан кам бўлмас. Ахлатни тўлдириб кетганларнинг эса бу ҳолат билан иши йўқ. Уйидаги чиқиндиларни кўчага чиқариб қутулганига хурсанд. Яна бир ачинарли жиҳат бор. Аҳоли-ку маиший чиқиндиларни махсус жой деб шу ерга тўкяпти. Ким бу махсус қутиларни айнан шу ерга жойлаштирди? Меҳмонлар кутиб олинадиган маскан олдида ҳам шундай кўнгилни хира қилгувчи “манзара” яратишга ким ботинди экан?

Сўлим Водил қишлоғида бўлганимизда ҳам шунга ўхшаш ҳолатдан кайфиятимиз тушиб қайтган эдик. Зилол сойлар пишқириб оқадиган бу қишлоқда дам олувчиларнинг саноғи йўқ. Дўстларимиз билан Шоҳимардонсойга уланиб кетадиган анҳор бўйида ўтирибмиз. Бир вақт оппоқ сув юзида уюм-уюм чиқиндилар оқиб кела бошлади. Ичида ароқдан бўшаган шишалар, мағзава овқат, совун ва печенье, конфет қутилари ҳам бор. Ажабо, инсонлар шунча бешавқатми, дедик хунобимиз ошиб. Бу сувдан қанчалаб хонадон ичимлик ўрнида фойдаланяпти. Бу чиқиндилар қаерга бориб йиғиларкин? Унинг ортидан пайдо бўладиган зарарланиш ва касалликни гапирмаса ҳам бўлади.

Антарктида узра ёйилган нозик Озон қатламининг емирилиб бораётгани ҳам инсоният олдидаги ечмини кутаётган масалалардан бири. Ультрабинафша нурларидан ҳимоя қилувчи бу парда қатламнинг ҳаётимиздаги ўрни катта. Афсус, бунинг сабабчиси яна инсон омили. Кондиционер ва музлаткич, парфюмерия ишлаб чиқарувчи корхоналар, автомашиналардан кўтарилаётган фреон моддаси неча йилдирки, бу нозик қатламга зиён етказиб келмоқда. Оқибатда, зарарли нурланишлар эвазига тери саратони ва яна бир қанча ёт касалликлар кўпайди. Тўғри, Озонни ҳимоя қилиш мақсадади бутун дунёда 16 сентябрь санаси – Халқаро Озонни асраш куни сифатида белгиланди, мамлакатлар томонидан сармоялар ажратилди. Лекин одамзот табиатга тўғри муносабатда бўлишни ўрганмас экан бундай муаммолар долзарблигича қолаверади.

Қадрли ўқувчи, эҳтимол қўлингизга олиб кўрмаган бўлсангизда, номини ақалли бир марта бўлсада эшитган китобингиз бор. Қизил китоб! Савол туғилади? Қизил китоб қизиқ китобми, нега айнан қизил? Қизил ранг одатда хавф маъносини берувчи белгиларнинг тимсоли. Демак, бу китоб йўқолиб бораётган ҳайвон ва ўсимликлар ҳақида дарак беради, уларни ҳимоя қилишга ундайди. Афсуски, бу китобга киритилаётган жонзот ва ўсимлик турлари йилдан йилга кўпаймоқда. Биргина мисол, айрим мамлакатларда браконьерлик – ёввойи ҳайвон ва ўсимликларнинг ноқонуний ови билан шуғулланиш жиддий муаммолар сирасига киради. Ҳайвонларнинг ноёб териси ва шохидан тижорат қилаётган айрим шахслар қилмиши туфайли жонзотларнинг бутунлай қирилиб кетиш хавфи пайдо бўлди. Экология дарсларида бизга суратлари ва макетлари кўрсатилган ноёб турдаги қушлар ва ҳайвонлар, доривор гиёҳ ва дарахтлар – фауна ва флора оламига бу каби хавф бисёр. Балки, уларни омон сақлаб қолиш фақат сизнинг юмушингиз эмасдир. Бироқ, келажакда улар яна табиий таҳдидлар остида қолмаслиги учун экологик маданиятимизни ва билимимизни юксалтирсак мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Дарвоқе, юртимизда табиат муҳофазасини қонуний тартибга солиш борасида ҳам қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бугун мамлакатимизда 8 та давлат қўриқхонаси, 1 та биосфера резервати, 12 та давлат буюртмахонаси, ҳайвонларнинг ноёб турларини кўпайтиришга ихтисослашган “Жайрон” экомаркази ишлаб турибди. Қолаверса, жорий йил 21 апрелда Президентимиз томонидан имзоланган “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармон ушбу йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқди.

Биз замин фарзандимиз. Уни жон дилдан суймасак табиат шунга яраша инсониятни жазолайди. Атрофингизга бир дам назар ташланг, дунёнинг тўрт тарафига боқинг. Бунинг ҳаётий исботини кўрмоқдасиз.

Дунёда ОНА ягона зот. Она иккита бўлмайди. Демакки, иккинчи замин ҳам йўқ. Келинг, бизни кўксида кўтарган ерни вайрон қилмасдан, тавоф этайлик. Меҳримизни ЗАМИНдан дариғ тутмайлик!

Мадаминжон СОЛИЖОНОВ.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube