ОЗИҚ-ОВҚАТ ЗАҲИРАСИ – БАРЧАГА ДАХЛДОР МАСАЛА

Қиш эшик қоқмоқда: тайёрмисиз?

ОЗИҚ-ОВҚАТ ЗАҲИРАСИ –  БАРЧАГА ДАХЛДОР МАСАЛА

шу боис бугун янада фаоллик ва ҳаракатчанлик ҳар қачонгидан ҳам зарур

Одатда қиш-баҳор мавсумида аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, маҳсулотлар нархи, хавфсизлиги ўта долзарб аҳамият касб этиши ҳеч кимга сир эмас. Қолаверса бугунги бозор иқтисоди шароитида аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланганлик даражаси мамлакат иқтисодий тараққиётини белгилаб берувчи муҳим омил ҳисобланади. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда аҳолини мунтазам, айниқса, қиш-баҳор мавсумида сифатли озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан тўлақонли таъминлашга ҳамиша жиддий эътибор берилаяпти.

Хусусан, шаҳримизда ҳам шаҳар ҳокимлиги томонидан 2017-2018 йиллар қиш-баҳор мавсуми учун асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини заҳирага жамғариш, бозорларда нархлар барқарорлигини таъминлаш, озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни тўла қондириш юзасидан изчил амалий ҳаракатлар қилинаяпти. Жумладан белгиланган режа асосида аҳоли ва ижтимоий соҳа муассасалари учун озиқ-овқат заҳираси тайёрлаш тадбирларига жалб қилинган корхона ва ташкилотлар томонидан ғамланган маҳсулотларни сақлаш учун жами 11139 тонна сиғимга эга омборхона ва музлатгичлар мониторинги ўтказилди. Қиш-баҳор мавсумига озиқ-овқат заҳирасини яратиш борасида 67 та маҳсулот етказиб берувчи субъектлар билан 7670 тонна маҳсулот етказиб бериш ҳақида шартномалар тузилиб, уларни бажаришга киришилди.

Мазкур шартномаларга кўра шаҳарда қиш-баҳор мавсуми учун 3154 тонна картошка, 1627 тонна пиёз, 1965 тонна сабзи, 925 тонна гуруч, жами 7664 тонна асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари заҳирасини яратиш кўзда тутилган. Бунинг учун жами 12,7 миллиард сўм сарфланиши режалаштирилган. Шундан 4068 миллион сўм маблағ заҳира яратувчи ташкилотлар, 7590 миллион сўм маблағ тижорат банклари кредит маблағлари, 1085 миллион сўм қисми эса бюджет маблағлари ҳисобидан қопланиши белгиланган.

Бир сўз билан айтганда шаҳарда қиш-баҳор мавсуми учун асосий озиқ-овқат маҳсулотлари заҳирасини яратиш борасидаги белгиланган тадбирлар жадал амалга оширилмоқда. Шу кунга қадар ана шу мақсад учун банклар томонидан ажратилган 5050 миллион сўмлик кредит маблағлари (67 фоиз) шаҳар бозорлари ва савдо комплекслари томонидан мақсадли ўзлаштирилди. “Фарғонагўштсутсавдо” ҳудудий базаси томонидан 2,540 миллион сўм кредит қолдиғининг дастлабки 400 миллион сўмини ўзлаштириш ва заҳирага сарфлашга ҳам киришилди. Ҳозиргача шаҳар бўйича жами 3690,5 тонна асосий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари заҳираси яратилди. Хусусан халқ таълими, тиббиёт бирлашмаси муассасаларида картошка, пиёз, гуруч маҳсулотлари 100 фоиз омборларга сақлаш учун қўйилди.

Бироқ, бугунгача шаҳар бўйича режага нисбатан картошка заҳираси 32 фоизга, сабзи заҳираси 38 фоизга, гуруч заҳираси 42 фоизга бажарилиши таъминланди, холос. Бу борада “Фарғонагўштсутсавдо” базаси, “Фарғона улгуржи савдоинвест” МЧЖ, шаҳар бозор ва савдо комплексларида айниқса сусткашлик қилишмоқда. Бу жамоаларда айниқса ўз маблағлари ҳисобидан озиқ-овқат маҳсулотлари заҳирасини яратишга эътиборсизлик билан қаралмоқда.

Ваҳоланки, ўлкамизда куз тугаб, қиш эшик қоқмоқда. Вақт эса кутиб турмайди. Шундай экан, барчага дахлдор, ўта долзарб масала – озиқ-овқат маҳсулотлари заҳирасини яратиш борасидаги сусткашликка дарҳол барҳам бериш зарур. Бу борада фаоллик, ғайрат ва ҳаракатчанликнинг давр,бугунги ғанимат кунларнинг ўзи талаб қилмоқда.

М.ҲАБИБ.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube