ЭРК ҚОМУСИ

Ўзбек халқи хотирасида ХХ асрнинг сўнгги ўн йилидаги шонли тарихий воқеалар абадий муҳрланиб қолади. Айнан шу ўн йилликнинг бошларида истиқлол сари қадам қўйилди. Аждодларимизнинг азалий орзуси – мустақиллик – ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи қўлга киритилди. Бу йилларда инсонпарвар, демократик ҳуқуқий давлатни ва фуқаролик жамиятини бунёд этиш учун зарур замин яратилди.

Янги минг йиллик боши ХХI аср – ўзбек халқи учун Ўзбекистонни буюк давлатга айлантириш ва инсон ҳуқуқлари устувор бўлган фаровон ҳаёт қуриш асри бўлади. Бу борада жамият ҳаётининг барча соҳаларида туб янгиланиш ва бунёдкорлик ишлари кенг кўламда амалга оширилмоқда.

Келажаги буюк Ўзбекистонни бунёд этишга ҳисса қўшиш шу Ватан фарзандларининг зиммасига улкан масъулият юклайди. Юксак масъулиятни англаб, жамиятда ўрнатилган тартиб ва интизомга амал қилиб яшаш ҳуқуқий давлатга хос хусусият ҳисобланади. Шуни айтиш керакки, ҳуқуқий давлат ўз-ўзидан бунёд бўлмайди. Бунинг учун ҳаётда Конституция ва қонунларнинг устуворлиги таъминланиши керак. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси асосида юксак ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият бўлиши, масъулият ва мажбуриятни ҳис қилиб яшаш тарзи қарор топиши зарур.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси олий юридик кучга эга ҳуқуқий ҳужжатдир. Унинг қабул қилиниши ҳуқуқий тикланиш ва тараққиёт сари қадам бўлди. Мустақиллик Конституцияси давлатимиз мустақиллигининг улкан рамзи бўлиб, унда ўз истиқлол ва тараққиёт йўлимиз акс этади. Уни келгуси авлод эркинлик, мустақиллик, озодлик ва ҳурлик тантанаси сифатида тарихда эъзоз-ҳурмат билан тилга олади. Ўзбек халқи ана шундай улуғвор Конституциясига муносиб буюк халқдир.

Ўзбекистон Республикаси халқ хоҳиш-иродасини ифода этувчи адолатли давлат, фаровон жамият ва эркин ҳаёт қуриш ва уни ривожлантиришнинг истиқболларини белгилайди. Унда инсон ҳаёти, унинг шаъни, қадр-қиммати, ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатлари олий қадрият сифатида мустаҳкамланиб қўйилган.

Асосий Қонунимизда белгиланган нормаларнинг ҳаётда амалий ифода топишида ўсиб келаётган ёш авлоднинг Конституция ва унинг асосида қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳияти тўғрисида ҳуқуқий билимга эгалиги, ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятининг юксаклиги муҳим рол ўйнайди.

Конституциянинг 3-бобида ҳуқуқий давлатнинг муҳим белгиси бўлган Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш принципи мустаҳкамланган. Бу биринчидан, барча жорий қонунлар ва ҳуқуқий ҳужжатлар
Конституция асосида ва унга мувофиқ бўлишини, иккинчидан, қонун олдида ҳамманинг баробарлигини, учинчидан, ҳаётнинг барча соҳаларида қонун устуворлигини англатади. Бирор-бир фуқаро, давлат идораси, жамоат ташкилоти, мансабдор шахснинг қонунга бўйсуниш мажбуриятидан холи бўлиши мумкин эмас. Жамиятдаги барча муносабатлар қонун билан тартибга солинади. Шу муносабатларни белгиловчи нормаларни бузганлар ҳеч бир истисносиз жавобгар бўлади.

Конституция ва қонунларга амал қилган ҳолда Ватан манфаати билан яшашимиз ва унинг равнақи учун меҳнат қилишимиз, Ватан олдидаги ўз мажбуриятларимизни виждонан бажаришимиз зарур. Ватан манфаати йўлида бирдамлик ва ҳамжиҳатлик бўлишини Конституция ўз мазмунида мужассам этади. Конституция халқимиз онгида Ўзбекистон ягона Ватан деган туйғуни шакллантиради ва унинг истиқболи билан ҳамнафас яшашга ҳар биримизни ундайди.

Бадриддин АЛИМОВ,

“Кредо-эксперто” адвокатлик фирмаси раҳбари.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube