ҚАЛБИ КЎР – ПОРАХЎР

Жамиятда қонун устуворлигига эришиш, кишилик жамиятини турли хил ноқонуний иллатлардан тозалаш, фуқароларни давлат қонунларини ҳурматлашга ўргатиш ва унга итоатда бўлишларни таъминлаш, айниқса коррупцияга қарши курашиш ҳар бир мамлакатнинг энг  долзарб вазифаларидан бири  бўлиб келган.

Аммо беш бармоғимиз бир хил бўлмаганидек, одамлар орасида ҳам жамият ва давлат қонунларини менсимайдиган, кези келганда уни  бемалол бузадиган, ўз манфаатини  кўзлаб, жиноят содир этишдан тап тортмайдиган одамлар ҳам учраб туради-ки, бундан асло кўз юмиб бўлмайди. М.Маҳмудов (исм ва  фамилиялар ўзгартирилган) мансабдор шахс бўла туриб, ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, ўзганинг мулкини алдаш ва ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш мақсадида  жабрланувчи Ж.Одиловни ишга қабул қилиш ҳамда  вокзал ичкарисида буфет очиб бериш эвазига 500 минг сўм миқдорида  пора беришини талаб қилади.

Темир йўл шоҳбекатида минерал сувлар ва шунга ўхшаш озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб рўзғорини тебратиб юрган жабрланувчи йигитга вокзал бошлиғига  500 минг сўм миқдоридаги  пулни топиб бериш оғирлик қилади ва ўйлай-ўйлай МХХ бўлимига ариза билан мурожаат қилади. Холис гувоҳлар иштирокида ўтказилган тезкор тадбирда аризачининг шикояти ўз тасдиғини топади.

Бир одимгина нотўғри қадам инсон ҳаётини остун-устун қилиб юбориши мумкин. М. Маҳмудов ҳам ўзига юклатилган вазифани виждонан бажариб, мансабини суиистеъмол қилмасдан, ойлик маошига қаноат қилиб, ҳалол рисқ насибаси билан кун кечирганда эди,  порахўр деган иснодга қолиб, икки йилгача мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилмас  ҳамда икки йилу икки ойга озодликдан махрум қилиш жазосига тортилмас эди.

Жиноятнинг катта-кичиги бўлмаганидек, айбдор жабрланувчидан махсус ишлов берилган 500 минг сўм миқдоридаги пулларни олаётганда шаҳар МХХ ва СВОЖЖДЛҚК департаменти ходимлари томонидан қўлга олинди. Зотан, нафсига қул кимсалар эгри сўқмоқни танлаб, боши берк кўчага кириб қолишлари ва охир оқибатда ўз йўлларини йўқотишлари муқаррардир. Бугун панжара ортида надомат чекиб ўтирган  М. Маҳмудов ҳам ҳаром луқма ҳеч кимга буюрмаслигига кеч бўлса-да амин бўлди.

Нажмиддин ПОЛВОНОВ,

Бош прокуратура ҳузуридаги СВОЖЖДЛҚК департаменти шаҳар бўлими инспектори.

М.ОБИДЖОН қизи.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube