ШОН-ШАРАФ ВА ҒУРУР ТИМСОЛИ

Байроғимиз, ғурур ва фахримиз тимсолидир. Ватанимизнинг беқиёс рамзидир. Қуёш кўкда фалакнинг байроғи бўлиб порлаб турибди, кўнгилда муҳаббат байроғи ҳилпирайди, онгимизни эса тафаккур байроғи нурлантиради.

Озод ва обод Ватанимиз — Ўзбекистоннинг байроғи ҳам бизни улуғ мақсадлар томон бошловчи буюк машъаладир.

Давлат рамзлари ҳар бир халқнинг мустақиллиги, озодлиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсоли ҳисобланади.

Давлат байроғи ва унинг рамзи бугунги Ўзбекистон ҳудудида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқлигини англатади ҳамда республиканинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштиради.

Ер юзида икки юздан ортиқ давлат бор ва албатта, ҳар бир давлатнинг ўз рамзлари, байроғи бор. Ҳар бир байроқ айрича ранг ва тимсолларга эга. Улар билан ёнма-ён балқиб турган байроғимиз ҳеч кимдан кам эмаслигимиз ва кам бўлмаслигимизни кўрсатиб туради.

Шуни айтишимиз лозимки, байроқ қадим-қадимдан ҳар бир халқ учун мустақиллик, ҳурлик, тинчлик ва барқарорлик тимсоли бўлиб келган. Аждодларимиз ҳам юрт байроғини муқаддас билиб, уни кўз қорачиғидек асраганлар.

Давлатчилигимиз тарихининг қайси даврини олиб қарамайлик, байроқ аждодларимиз учун озодлик, куч-қуд-рат, жасорат, ғалаба тимсоли бўлган. Миллат байроғи. У жондек азиз, нондек мўътабар. Буюк соҳибқирон Амир Темур ғолиблик байроғини юксак кўтарди. Бу байроқ остида буюк эл бирлашди, у барпо этган улуғ салтанатни дунё тан олди. Бу давр ватан тарихига зарҳал ҳарфлар билан битилди. Байроқ эса том маънода мамлакат рамзи, улуғворлик тимсолига айланди.

Ватанимиз байроғи. У тарихнинг халқимиз бошига мусибат тушган даврлари — ўтган аср бошларини ёдимизга солади. Ўша кунлар халқимиз қалбида кетмас доғ бўлиб қолди. Ватан байроғини тутган қўллар қайрилди, озодликни куйлаган овозлар бўғилди… Миллат фидойилари «халқ душмани», «қулоқ», «сотқин» деган қора номлар билан таъқибга олинди. Дунёга не-не алломаларни берган қадим халқ оми, саводсизга чиқарилди. Халқимизга нисбатан айтилган бу ҳақорат асл ватандошларимиз қалбида маърифат оловини ёқди — улар белини маҳкам боғлаб, миллатни эрк ва озодлик байроғи остида бирлашишга чақирди.

Бу мағрур элнинг асрлар давомида орзу қилган ғурури, шаъни, қадр-қиммати, иродасини ифодаловчи озодлик байроғи эди! Унда аждодлар орзу-армони акс этади. Унда халқимизнинг бугуни, ўлмас хотираси, иймон-эътиқоди, келажакка бўлган комил ишончи жилоланади.

Байроғимиз 1992 йилнинг 2 мартидан Ўзбекистон тўлақонли суверен республика сифатида тан олинганининг рамзи сифатида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош қароргоҳи олдида ҳам ҳилпирай бошлади. У халқаро майдонда мамлакатимизнинг куч-қудрати, мустақиллигимизнинг жаҳонаро ифодаси, халқимиз ғурури ва ифтихори тимсоли бўлиб хизмат қилмоқда.

Бугина эмас, дунё мамлакатларидаги элчихоналаримиз бинолари, қатор халқаро ташкилотлар қароргоҳларида ҳам байроғимиз Ўзбекистон рамзи бўлиб турибди. Чет элларда юрганимизда ўша ерда ҳилпираб турган байроғимизга кўзимиз тушиши билан юрагимизда чексиз фахр уйғонади, руҳимиз кўтарилади. Байроғимиз тимсолида дунёнинг ҳар қайси нуқтасида ҳам Ўзбекистон деган ҳимоячимиз, суянчиғимиз борлигини ҳис қиламиз.

Халқаро майдонда расмий делегацияларимизнинг хорижий мамлакатларга сафарлари чоғида, халқаро ташкилотларда, конференциялар, жаҳон кўргазмалари ва спорт мусобақаларида мамлакатимиз тимсоли ҳисобланади. Қонуннинг 13-моддасига мувофиқ, фуқароларимиз, шунингдек, Ўзбекистонда турган бошқа шахслар давлатимиз байроғини ҳурмат қилишлари шарт ва унга беҳурматлик учун жазо муқаррар.

Байроғимиз давлат идора ва ташкилотлари, таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар — қўйингки, барча сарҳадларида ҳилпираб турибди. Қуролли кучларимиз сафига чақирилган, ҳарбий таълим муассасаларини тамомлаган ёшларимиз Давлатимиз байроғи пойида Ватанни кўз қорачиғидай асраш, уни ўз шаъни ва номусидай муносиб ҳимоя қилишга қасамёд қилади.

Нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юртимиз байроғини баланд кўтараётган спортчиларимизнинг ютуқлари қалбимизни ватанпарварлик туйғусига тўлдиради.

Ватан ҳимоясидек муқаддас бурчни мардона ўташ учун байроғимизни ўпиб қасамёд қилаётган ҳарбийларимизнинг қалбидаги оловни, кўзларидаги жўмардликни кўриб, фахрланамиз. Ана шундай лаҳзаларда ҳеч муболағасиз Ватанимиз байроғини кўзимизга тўтиё қилгимиз келади. Бу фахрланиш аслида юртга бўлган чексиз меҳр ва садоқатнинг ёрқин кўринишидир.

Ҳар бир инсон онгу шуурига Ватанимиз рамзларига нисбатан чуқур ҳурмат туйғуларини сингдириш, умуммиллий ва эҳтиром тимсоллари бўлган байроқ, герб ва мадҳиямизни улуғлаш ва ардоқлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.

Токи байроқ бор экан, миллат бор, давлат бор, Ватан бор. Ўзбекистон фарзандлари қаерда бўлмасин, қандай натижаларга эришмасин Ватан байроғини ардоқлайди. Чунки байроқ — ҳурлик тимсоли, эзгулик, тинчлик рамзидир!

Раҳмаджон РОЗИҚОВ,

Иқтисодиёт коллежи бўлим бошлиғи.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube