ТАРҒИБОТЧИЛИК ЯНГИ БОСҚИЧДА

Ҳозирда тиббиёт бирлашмамиз таркибида 7 та оилавий шифоатхона, 5 та шифохона, кўп тармоқли марказий ҳамда болалар стомотология поликлиникалари мавжуд. Уларда 449 нафар врач, 2542 нафар ўрта тиббиёт ходимлари меҳнат қилмоқда.

Бирлашмамиз касаба уюшмаси маъмурият билан ҳамкорликда ишлаётганлар учун зарур меҳнат, маданий-маиший, дам олиш шароитлари яратиш, улар малакасини ошириш, тиббиёт муассасаларини зарур мутахассис шифокорлар билан таъминлаш борасида барча чораларни кўрмоқда. Аҳоли соғлигини ҳимоя қилиш, тиббий хизмат сифати самарадорлигини оширишда мазкур омиллар қаторида маънавий-маърифий ва мафкуравий тарғибот ишлари ҳам бугунги кунда тобора долзарб аҳамият касб этиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас.

Шу боис маънавий-маърифий ва мафкуравий ишлар ҳеч қачон бугунгидек долзарблик касб этмаганини ҳар бир ходим чуқур англаб етмоқда. Чунки, маънавий ислоҳотлар давлат сиёсатининг устувор йўналиши бўлгани, мафкуравий тахдид ва ахборот хуружи кундан-кунга кучайиб бораётгани бизни асло бепарво қолдириши мумкин эмас. Бу ҳаётимизнинг барча жабҳалари, аҳолининг ҳар бир қатлами орасида маънавий-маърифий ва мафкуравий тарғиботни янги босқичга кўтариш эҳтиёжини туғдирмоқда. Президентимизнинг жорий йил 28 июлда қабул қилинган “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида”ги қарори ҳам мазкур жабҳада янгиланиш ва такомиллаштириш имкониятларини яратиш билан ғоят аҳамиятлидир.

Шунинг учун ҳам тиббиёт бирлашмамизнинг Маънавият ва маърифат кенгаши ишларини мазкур қарор асосида такомиллаштира бошладик. Барча даволаш-профилактика муассасаларимизда маънавият ва маърифат ишларига раҳбарларнинг ўзи масъул қилиб тайинланмоқда. Маънавият ва маърифат хоналари бугунги кун талабаларига монанд қайта жиҳозланишига алоҳида эътибор берилмоқда. Фақат шифокорларимиз эмас, беморлар ўртасида ҳам тарғибот тадбирларини изчил ўтказиб боришни режалаштиряпмиз. Тиббиёт муассасаларимиз озодалиги, ободлигига эътибор кучаймоқда. Яъни кўринарли жойларга, истиқлолни улуғловчи шиорлар, ислоҳотлар самарасини, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи паннолар ўрнатиб қўйилмоқда.

Зеро, энди расмиятчилик ва қоғозбозлик даври ўтди. Менимча, фақат амалий тадбирлар, таъсирчан учрашувлар, ишончли ва жонли мулоқот билангина жамоамиз аъзолари, халқимиз қалбига йўл топа оламиз. Агар бунга муттасил эришиб борсак, мамлакатимизнинг 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясидаги устувор вазифаларни изчил бажарилишини таъминлашга соҳамиздаги ислоҳотлар муваффақиятига муносиб ҳисса қўша оламиз.

Рустамжон ҚОРАБОЕВ,

шаҳар Тиббиёт бирлашмаси касаба уюшмаси раиси.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube