«MARG’ILON SILK VATS»НИНГ ХАРИДОРГИР МАҲСУЛОТЛАРИ

Қўҳна ва ҳамиша навқирон Марғилонимиз саноат шаҳри. Асл ипакли матолару адрасу атласларга бой шаҳримиз қадимда ҳам буюк ипак йўлининг энг машҳур чорраҳаларидан бири бўлган. Ўзи мўъжаз, “дўппи”деккина Марғилонимиз номини дунёнинг саноати ривожланган давлатларида ҳам яхши билиши, жилвакор матоларининг донғи етти иқлимга таралганлиги юрагимизда фахр ва ифтихор туйғуларини жўш урдиради.

Ипакчилар шаҳарчасида жойлашган “Marg’ilon silk vats”
масъулияти чекланган жамиятида бугун юзлаб ҳақиқий пиллакашлар, моҳир ипакчилар меҳнат қилмоқдалар. Улар оддийгина пилла етиштиришдан бошлаб, то уни рангдор ипакли матоларга айлантиришгача бўлган жараёнларни ўта маҳорат, қўли гул устазодалардек чаққонлик билан уддаламоқдалар. Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан яратилган экцельсиор, туаль, крептуаль, крепдешин, газ каби газлама турлари дунёнинг ўнлаб мамлакатларига экспорт қилинмоқда.

— Корхонамиз 2005 йилда аввалги ипак комбинати негизида ташкил топган. Бугун жамиятимизда пилла қайта ишланиб, то у тайёр мато холига келгунга қадар бўлган жараён қўл меҳнати ва замонавий технология-
лар ёрдамида амалга оширилади. Меҳнатсевар тўқувчи-ю йигирувчиларимиз ёрдамида корхонамизда 10 хилдан ортиқ табиий тоза ипакли матолар ишлаб чиқаряпмиз. Маҳсулотларимизга МДҲ давлатлари ва Европада талаб кучли, -дейди корхона директори Пўлатжон Йўлдошев. — Ишимизнинг кўламини янада кенгайтириш ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларимиз турларини кўпайтириш мақсадида Ёзёвон, Тошлоқ ва Риштон туманларида тутзорлар ташкил этяпмиз. Маҳаллий аҳоли ипак қуртларини боқиб, етиштирилган пиллани бизнинг корхонага топшираяптилар. Натижада биз сифатли хом ашё сотиб олишга эришаяпмиз, аҳолининг эса турмуш фаровонлиги ортиб бораяпти.

Корхона ишлаб чиқарган тайёр маҳсулотларнинг 90 фоизи чет элга экспорт қилинади. 5-10 фоизи ички бозорга йўналтирилган. Аёллар учун ишлаб чиқарилаётган турли ўлчам ва кўринишдаги шарфлар, оппоқ кофталар, крепдешин матолари айниқса харидоргир. Эндиликда ипакли адёл, ипакли пар тўшаклар ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Россия, Болгария, Германия каби давлатларнинг корхона маҳсулоларига қизиқиши баланд. Яқинда Америка билан ҳам ипакли матолар етказиб бериш борасида шартнома тузилиб, 1000 метр газлама жўнатилди.

Корхонада ишчилар учун қулай меҳнат шароити яратилган. Улар эрталаб нонушта ва тушликда бепул иссиқ овқат билан таъминланган. Ишга келиб кетишлари учун махсус транспорт воситаси ажратилган. Ойлик маошлари ҳам ўз вақтида бериб борилмоқда. Шу боис бўлса керак ишчилар ҳамиша кўтаринки кайфият билан астойдил меҳнат қиладилар. Ҳар бир ишчи маҳсулот сифатига масъулият билан қарайди, бугун кечагидан–да унумлироқ меҳнат қилишга интилади. Айниқса, Халима Нишонбоева, Малоҳат Машрапова, Муҳаррам Собирова, Лайли Сотволдиева, Комилахон Эргашева сингари йигирувчи-тўқувчиларнинг ишлари таҳсинга сазовордир.

-Оддийгина ипак қуртидан олинган пилла газламага айланиб, бозор расталаридан жой олгунча саралов, йигирув, тайёрлов ва тўқув цехларида ишловдан ўтади. Табиий хом ашёдан тайёрланаётган матоларимиз инсон соғлиги учун ниҳоятда фойдали. Жаҳон ва маҳаллий бозорларда арзон-гаров сотилаётган нотабиий, синтетик матолар одам организми учун бениҳоя зарарлидир. Бундай матолар ҳаво ўтказмаслиги сабабли, терида турли тошмалар пайдо бўлади. Бизнинг корхонамизда ишлаб чиқарилаётган газламалар юз фоиз соф ипак толалардан тўқилган,-дейди тажрибали маҳсулот сифати назоратчиси Юлия Мадумарова.

“Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи остида дунёнинг етакчи мамлакатларига табиий газламалар экспорт қилаётган “Marg’ilon silk vats”нинг довруғи яна ҳам ортаверсин. У ишлаб чиқараётган маҳсулотлар дунё бозорини жилодор ва рангин ипак матоларга тўлдириб, харидорлар кўнглини хушнуд этаверсин.

Мастурахон САИДМУРОДОВА.

Д.РАҲМОНОВ олган суратлар.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube