ОСОЙИШТАЛИГИМИЗНИНГ, ТИНЧЛИГИМИЗНИНГ ФИДОЙИ ПОСБОНЛАРИ

ОСОЙИШТАЛИГИМИЗНИНГ, ТИНЧЛИГИМИЗНИНГ ФИДОЙИ ПОСБОНЛАРИ

Юрт тинчлиги! Энг бебаҳо, энг нодир неъматимиз! Минг шукур, юртимизда тинчлик хукмрон, тонгларимиз фарахбахш, тунларимиз осуда. Ҳаётимиз гўзал, турмушимиз фаровон. Кундузлари гўдаклар кулгуси жаранглаб завқингизни оширса, тунлари оналарнинг оромбахш алласи борлиқни сеҳрларга чулғайди.

Дунёда бир касб эгалари бор, улар туну кун бедор, кеча-ю кундуз халқ осойишталиги-ю мамлакат хавфсизлиги йўлида посбон, постида ҳамиша ҳуш-ёр ва сергак. Уларга кучли бўрону, дўлу ёмғирлар ҳам кор қилмайди. Ҳамма осуда уйқуга кетганда хизматда бўладилар, ҳар қандай оғир вазиятда ҳам ўз хизмат бурчларига содиқ қоладилар. Шунинг учун Ички ишлар бўлими ходимларини эъзозлаб осойишталик посбонлари деб атаймиз, метин ирода соҳиблари дея ғурурланамиз.

Бу муқаддас, машаққатли ва шарафли бурчни муносиб адо этаётган мамлакатимиз ички ишлар идоралари ходимлари сафида бизнинг шаҳар бўлимимиз шахсий таркиби ҳам борлигини мамнуният билан қайд эта оламан.

Дарҳақиқат, барча жойлардаги каби бизнинг бўлимимизда ҳам кейинги йилларда тизимдаги туб ислоҳотларни оғишмай ҳаётга тадбиқ этиш, хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида шаҳримиздаги криминоген вазият, жиноятчилик ҳолати ижобий ўзгариб, жиноятчиликка ва ҳуқуқбузарликка қарши кураш самарадорлиги кескин ўсди. Бунга жорий йилнинг биринчи ярмида бу борада амалга оширилган ишлар ёрқин мисол бўлиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 14- мартидаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2833-сонли қарори ижросини таъминлаш тизим хизматчиларининг доимий дастурамалига айланди.

Маълумки, ҳуқуқбузарликларнинг самарали профилактикасини амалга ошириш давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа давлат ташкилотлари, шунингдек хўжалик бошқаруви органларининг ҳам устувор вазифаси этиб белгиланди.

Хусусан, жойларда жиноятчиликнинг олдини олиш, жиноят содир этилишига йўл қўймаслик мақсадида кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ҳар пайшанба “Профилактика куни” тадбирлари ташкил этилмоқда. Шунингдек, аҳолининг турмуш тарзини ўрганиш, халқ орасига тўлиқ кириб бориш, ҳудудларда ижтимоий-сиёсий вазиятдан бохабар бўлиш, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликни барвақт аниқлаш мақсадида шаҳарда 25 марта “Профилактика куни” тадбирлари ўтказилиб, 29502 та хонадонлар ўрганиб чиқилди.

Ўрганишлар давомида 597 нафардан зиёд пас-порт-виза тартиб қоидаларини бузган шахслар аниқланиб, қоида бузган шахсларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Шаҳардаги 39 та маҳалла фуқаролар йиғинларида аҳоли ўртасида Паспорт виза қоидаларига риоя этилиши юзасидан тарғибот учрашувлари ўтказилди.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлаш, амалга оширилаётган ишларни самарали ташкил этиш мақсадида шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида Наманган шаҳридаги “Орзу” маҳалласи тажрибаси асосида кундалик профилактик ишлар ташкил этилаётир.

Олиб борилган профилактик тадбирлар натижасида, жорий йилнинг 8 ойи мобайнида умумий жиноятчилик ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 33 тага ёки 62 фоизга камайди.

Ички ишлар бўлими профилактик ҳисобида турган шахсларни тоифаларга бўлиб, ҳар бир шахсга алоҳида-алоҳида ёндошиб, фаоллар ҳамкорлигида профилактик суҳбатлар ўтказилди.

“Жамоатчилик назорати” масканларининг тезкор фаолияти натижасида 23 та тунда содир этилган жиноятлар аниқланиб, бартарф этилди.

Шаҳардаги 54 та маҳалла фуқаролар йиғинларида фуқароларни қийнаётган ва ечимини кутаётган масалалар ўрганилиб, ижтимоий ҳуқуқий масалаларда ёрдам кўрсатилди, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида эса 28 та сайёр судлар ташкил этилди.

Сайёр судлар жараёнида жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик ва ажримларнинг олдини олиш, нотинч оилалар, сабабсиз дарс қолдираётган ўқувчиларнинг ота-оналарини тартибга чақириш, коммунал тўловлардан бўлган қарздорликларни ўз вақтида тўлаш каби масалалар кўриб чиқилди. Бундан ташқари 11 марта сайёр учрашувлар ташкил этилиб, 627 нафар фуқороларга кўмак кўрсатилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ички ишлар органлари таянч пунктлари профилактика инспекторларини хизмат уй-жойлари билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижроси юзасидан ҳам ибратли ишлар амалга оширилмоқда. 48 нафар профилактика инспекторларига кунлик иш самараси ва масъулиятини ошириш мақсадида муносиб хизмат шароити яратиб берилди.

Бўлимимиз шахсий таркиби зиммамиздаги асосий вазифаларни фидоийлик билан адо этиш баробарида кенг жамоатчиликка таянган ҳолда аҳоли ўртасида қонунчилик тарғиботи таъсирчанлигини ошириш юзасидан ҳам кенг қамровли тушунтириш ишларини олиб боряпти. Бўлимимизда ўз хизмат вазифасини тўла адо этишга қодир малакали ходимлар кўп. Жумладан майор Исроилжон Жалолов, катта лейтенантлар Баходиржон Адхамов, Элбек Турдиев, лейтенантлар Ғайратжон Аҳмедов,, Қобилжон Акбаров, Умиджон Раимов ҳамда сафдорлар Ғайратжон Тўйчиев, Улуғбек Ҳайитбоев, Илҳомжон Раҳматов сингари ўз бурчларини бугунги кун талаблари даражасида уддалаётган, юксак касб маҳорати ва салоҳиятига эга, барча ҳамкасбларига намуна бўлаётган ходимларимиз борлигидан фахрланамиз. Ана шундай фидоий ходимларимизнинг сидқидилдан қилаётган меҳнати туфайли биз анъанавий касб байрамимизни муносиб кутиб олаяпмиз.

Шу азиз Ватан барчамизники. Унинг равнақи, хавфсизлиги учун ҳаммамиз масъулмиз. Тинчлигимиз, осойишталигимиз юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги асоси экан, бу хайрли ишдан ҳеч ким ўзини четга олишга ҳаққи йўқ. Шу боис, шаҳримиз осойишталиги ва тинчлиги йўлида бургутлардек шиддат ва арслондек жасурлик билан меҳнат қилаверамиз.

Бахтиёр АБДУЛЛАЕВ,

шаҳар ИИБ бошлиғи, подполковник.

Д.РАҲМОНОВ олган сурат.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube