УНУТИЛМАС КУНЛАР ЁДИ

Шароф РАШИДОВ таваллудининг 100 йиллигига

УНУТИЛМАС КУНЛАР ЁДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги Фармони устоз ҳақидаги илк хотираларимни яна бир карра ёдга солди.

1975-1981 йилларда Марғилон шаҳри раҳбари лавозимида фаолият юритаётганимда Шароф Рашидов кўп бора шаҳримизга ташриф буюрганлар. У инсон берган қимматли маслаҳат ва насиҳатлар ҳали ҳанузгача ёдимдан ўчмайди…

— Раҳбарлик лавозимига кўтарилган инсон борки, унинг ён-атрофида ошна-оғайни,
дўсту-улфатлар сони кескин кўпаяди, бироқ улар орасидан ҳаёт йўлида панд бермайдиган, садоқатли чин дўстларни ажрата билиш кишидан анчайин маҳорат талаб этади. Инсоннинг шахс сифатида шаклланиши, ўз иш фаолия-
тида зарурий малака ва кўникмаларга эга бўлишида эса турли бадиий китоблар мутолааси ҳамда тарбия масканлари саналган театр томошаларига тез-тез ташриф уюштириб туриш яхши самара беради, -дея кўп бора таъ-
кидлар эдилар.

Шунингдек, Ш.Рашидов адабиётга, шеъриятга, ўзгача кўнгил қўйган, моҳирона қалам тебратадиган ёзувчи ва шоирлар ижодини ўз вақтида рағбатлантириб туришни канда қилмайдиган эътиборли инсон эди.

Бир куни улар менга қўнғироқ қилиб: “Сиз шоир Нақшийни танийсизми?” деб сўраб қолдилар. Шошилинчда нима дейишимни ҳам билмай ҳа, эшитганман, дедим. “Шу инсон ҳозир Марғилонда, уларни топиб албатта ижод намуналаридан баҳраманд бўлинг, агар зарур бўлса ёрдамингизни ҳам аяманг” дедилар. Шундан сўнг мен Нақший домла билан танишиб, ака- укадек яқин муносабатда бўлиб кетганман.

Бир куни Ш.Рашидов шаҳримиздаги “Атлас” фирмасига ташриф
буюриб қолдилар. Ўша пайт у ердаги тўқувчи аёл-қизлар уларни бараварига ўраб олиб, Шароф акадан ўзлари тўқиётган атлас матоларидан кийимлик берилишини илтимос қилдилар. Чунки ўша даврларда бутун дунё миқёсида атлас матосига талаб кучлилиги сабаб ҳатто тўқувчилар ўзлари яратган матодан либос тиктириб кийиши бироз мушкул эди. Шунда устоз бироз кулимсираб фабрикадаги барча хотин-қизларга навбатсиз атлас матоси ажратилишига рухсат бергандилар. Мен ўшанда у кишининг нақадар олийҳиммат, адолатли ва камтарин раҳбар эканлигига яна бир карра гувоҳ бўлганман.

Шароф Рашидовга она шаҳримизда улкан бунёдкорлик ишларини амалга ошириш, айниқса, Олтиариқ туманига кетадиган йўлни кенгайтириб, у ерда кўп қаватли иморатлар қурилиши ҳамда кўҳна ва ҳамиша навқирон Марғилон шаҳрининг 2000 йиллик юбилейини ўтказишни таклиф қилганимда у киши ҳеч иккиланмай “Албатта буни амалга оширамиз” деган эдилар. Лекин тақдир тақозоси билан бу эзгу ишларни бажаришга улгурмадик.
Мустақиллигимиз асосчиси, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуслари билан эса бу улкан бунёдкорлик ишлари кўрган кўзни қувонтирадиган даражада тўлиқ рўёбга чиқди. Бугунги кунда уларнинг изидан бориб мамлакатда ҳар соҳада кенг кўламли ишларни амалга ошираётган Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ҳам халқимиз кўнглига манзур бўладиган эзгу ва хайрли тадбирларни амалга ошириб келмоқдалар. Айниқса, уларнинг эзгу саъй-ҳаракатлари ила юртимизда яшаб ижод қилиб ўтган улуғ адиб ҳамда ёзувчилар хотираси мангуликка муҳрланмоқда.

Хусусан республикамизни жуда оғир ва мураккаб йилларда ҳам намунали бошқариб, юртимиз тараққиёти йўлида фидокорона хизмат кўрсатган, ижтимоий ва ижодий фаолияти билан миллий адабиётимиз ва маданиятимиз ривожига катта ҳисса қўшган ўзбек халқининг атоқли фарзанди, давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов ҳам шулар жумласидандир.

Зеро, миллат равнақига муносиб ҳисса қўшиб, элим деб, юртим деб ёниб яшаб ўтган буюк инсонлар қадр-қиммати ва ёрқин хотираси халқнинг юрагидан ҳеч қачон ўчмайди.

Мухтор МАДИЁРОВ,

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи фахрийлар кенгаши раиси.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube