МАҲАЛЛАДА «ДУВ-ДУВ» ГАП, ХОНАДОНДА КЎНГИЛ ҒАШ

Тўйлар ҳақида ўйлар

Тўй… Шўх ва ўйноқи мусиқа садоларининг овози етти маҳаллани тутган. Қутловлар хуш келибсизларга уланмоқда. Давракаш аёл қўлидаги ёзувларга қараб оилани улуғидан бошлаб то етти яшаригача  қалб туғёнларини изҳор айламоққа чақирмоқда. Сўз даставвал кайвони онахон, хонадон соҳибасига берилди. Онахон даврага етиб келмасдан, пул қистирадиганлар турнақатор тизилишди. Ҳамма онахонни бир қучиб, пулларни бериб кўришиб кета бошлади. Ниҳоят навбат тугаб, онахон қулочини кериб даврани бир айланди. Тўй шу тахлит уч соатга қадар давом этди. Ҳамма-ҳамма дил изҳорларини айтди, “мавқеи”га қараб пуллар қистирилди, созанда-ю хонандалар тушумни тез-тез йиғиштириб турди. Тўй сўнггида кимдир бир даста пулни кичкинтой ўғлининг устидан сочиб юборди. Ерга сочилган пулларга тўйхонада ўйнаб юрган болакайлару пул йиғиштирувчи йигит ҳам бирдай ёпишди…

Хонадон соҳибаси-ю, соҳиби хурсанд, шодлигидан оғзининг таноби қочиб, бир гапириб ўн кулади. Оҳ, зўр тўй қилдим, энди тўйим одамлар оғзида овоза бўлади. Фалончи ҳам кўриб қўйдимикан-а? Тўй қилиш мана бундай бўлибди-да!

Узоғу яқиндан келган меҳмонлар кетиб, тўй хурсандчилиги ҳам ниҳоялаб қолди. Эрталаб олийгоҳда таълим олаётган ўғли отасига сўз қотди.

— Дада бугун шартнома пулини тўлаш керак экан. Акс ҳолда…

— Хўп, хўп, ўғлим, деди-ю, ота ўйланганнамо бошини қашиди. Ҳа, дарвоқе  энди ўғлининг контракти нима бўлади? Кимдан қарз –ҳавола қилса экан?

Дам ўтмай, дадаси бозорни каттароқ қилаверинг, тўйимиз маҳаллада бир «дув-дув» гап бўлсин, деб ҳоли жонига қўймаган хотини, вой, дадаси ҳали светчилар келувди, пул тўлаш… деди-ю эрининг важоҳатидан қўрқиб овозини ичига ютишга мажбур бўлди…

Бир кунлик тўй дабдаба-ю ҳашам билан ўтди кетди. Хонадондаги оддий, осуда кунлар йўқолиб, ўрнини аччиқ-тирсиқ, илмоқли гап-сўзларга тўла беҳаловат кунлар  эгаллади. Қайнота аламини қайнонадан,  қайнона эса янги келиндан оладиган бўлди. Келинчак эса дардини ичига ютиб, пинҳона йиғлаб оладиган одат чиқарди.

-Намунча имилламасангиз, илдам-илдам қадам боссангиз бўлмайдими, дея ёзғиради қайнона заҳарханда…

Наҳотки, деб ўйлайсиз, фикр-
ларингиз чувалашиб, ахир тўйдан кейин кун йўқми? Қоринни тикиб қўйиб бўлмаса. Катта гапириб, катта сарфлашнинг ўрнига, ортиқча дабдабаларсиз, ихчамроқ тўй қилса ҳам бўлади-ку?  Ёки биров тўй эгасини айблайдими? Дарҳақиқат, дабдабали тўй қиламан деб, бекорчи ҳою ҳавасга берилганлар, тўйдан сўнг айбдор ахтариш билан оввора бўладилар. Энг ачинарлиси баъзида ёшларнинг минг орзула қурган оилалари бузилиб кетишига ҳам айнан шу ортиқча сарф,  ақлсизларча чираниш сабаб бўлаётганлиги ҳеч кимга сир эмаску?

Майли, тўйлар қилинг, элга ош беринг. Кексаларимиз дуога қўл очганларида бежизга тўйларга етказсин, деб алқамайдилар. Бироқ, донишманд халқимизнинг “Кўрпангга қараб оёқ узат”, “Бор борича, йўқ ҳолича”, мен сендан қоламанми қабилида иш тутадиганларга эса “Қарғанинг юришини қиламан деб, зағчанинг бели узилибди” каби пурҳикмат мақоллари ҳам борлигини зинҳор унутманг!

Ана,  ҳув анави  кўчада тўй бўлаяпти. Карнай-сурнайлару ёр-ёрнинг жўшқин   садолари қалбларга ҳайрат ва қувонч улашаяпти… Ҳар тугул нима бўлса бўлсину,  аммо тўй эгаларига эртаси кун аччиқ ташвиш бўлиб қолмасин-да!

 

Мастурахон САИДМУРОДОВА.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube