БАҒРИГА ЧОРЛАЙДИ ДАЛАЛАР

Пахта — 2017: Мурожаатга жавобан

Оппоқ пахтазорлар қўйнига ҳайрат чўмган. Далалар оппоқ булутлардан чойшаб ёпингандек мафтункор.  Ғир-ғир эсган куз насими оппоқ чаноқлар устида бир томчи кўз ёшидек омонат чайқалаётган тонгги шабнамни эркалайди. Қуёшнинг заррин нурларида омонат қалқиётган шабнам марвариддек товланади…

Қўштепа тумани бепоён пахтазорлари шаҳримиздан кўмакка келган ҳашарчилар билан гавжум, улар  этакларини ҳосилга тўлдириш билан оввора. Терим авжи паллада. Булутли, серёмғир кунлар ҳам ортда қолиб, қуёш яна жамолини кўз-кўз айлаб, деҳқон кўнглини нурга тўлдираяпти. Биров-бировга боқиш йўқ. Пахта мўл. Ҳар замонда  теримга маҳлиё ёшлар хиргойи қилиб қўйишади. Баъзан ким ўзарга баҳс бойлашади.

— Хонадонингизда бир тупгина ўригингиз пишиб етилса, дарҳол уни териб олишга ошиқасиз. Тагига тўкилса, битта қўймай териб олиб, тўйгунингизча ейсиз, шарбат ва мураббо тайёрлайсиз, башарти ундан ортиб қолса, бозорга олиб бориб сотасиз, — дейди  Қўштепа тумани “Пахтакор” ҚФЙ ҳудудидаги “Келажак ой нури” фермер хўжалиги раҳбари Расулжон Жўраев. — Эътибор қилсангиз бир тупгина ўригингиз рўзғорингизга қанча  қут-барака олиб кираяпти. Ахир бугун бутун халқ ва давлатнинг рисқи – пахта далаларда пишиб, териб олишга муштоқ бўлиб турибди. Пахта аввало шу элнинг ризқу насибаси, юрт бойлиги, унинг бир толасини ҳам нест-нобуд қилмай, улкан хирмонга топширсак, биримиз-икки, қора қозонимиз мойлироқ,  давлат хазинаси яна ҳам бақувватроқ бўлади.  Ҳосилни ерда қолдириб бўлмайди. Чунки оппоқ нарсанинг уволи ҳам ёмон бўлади. Халқимиз уволдан жуда  қўрқади. Диёнатли одам халқ ҳашаридан четда турмайди. Пахта халқники, уни халқимизга хос меҳнатсеварлик билан териб олишимиз шарт. Қолаверса ви-
лоят ҳокими Шухрат Ғаниев ҳамда «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими раиси Топиволди Ҳолдоровларнинг ви-
лоятимиз аҳлига мурожаатини ўқиб руҳландик, терим суръати ҳам анча ошди.

32 гектардан зиёд майдонга пахта эккан фермернинг далаларида ҳали ҳосил мўл. У режани ортиғи билан уддалашга азму қарор қилган. Ҳашарчиларнинг ёрдамига ҳам астойдил ишонади.

-Мен болалар мусиқа мактабида ишлайман. Кўплаб ҳамшаҳарларим қатори бугун пахтакорман. Қўлимдан келганича пахта териб, улкан хирмонга ўз улушимни қўшаётганимдан жуда мамнунман. Етилган ҳосилни териб олмаслик  гуноҳ. Қиш-қировли кунларга қолдирмай нондек азизу мукаррам оқ олтинимизни йиғиб-териб олсак, юзимиз ёруғ, истиқболимиз бундан-да порлоқроқ бўлади, дей-
ди моҳир теримчига айланган ҳашарчи Шавкатжон Тошалиев. Касбдошларим Раънохон Ҳожиматова, Нилуфархон Аҳмедова ҳамда   Алишер Аҳмедовлар билан бирга мавсум бошидан буён деҳқонга кўмак бераяпмиз..

Ҳар куни тонгда шаҳримиздан минглаб    ҳашарчилар пахта теримига боришяпти. Кўпдан қуён қочиб қутулмас деганларидек, ҳамжиҳат бўлиб, пахтамизни териб олсак, хирмонга ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшган, ҳамда шаҳримиз ҳокими Мирзоҳид Убайдуллаевнинг мурожаатига «лаббай» деб жавоб берган бўламиз.

Мовий гумбазли осмон остида бўй чўзган оппоқ далазорлар ўтган-кетганни бағрига чорлаб, “мени териб ол!, дея шивирлайди. Этакларини белига маҳкам боғлаб пахтазор ичра шахдам кириб келаётган теримчилар тушгача 50-60 кгдан “Оқ олтин”ни елкаларига ортиб тарози томон юришади. Мададкор теримчиларни “ғайратингизга балли”, дея олқишлаймиз. Улкан хирмонимиз эса кун сайин юксалаверсин.

Мастурахон САИДМУРОДОВА.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube