МОҲИР МУАЛЛИМ — СИФАТЛИ ТАЪЛИМ

Мактаб зиё ва маърифат маскани. Унинг бағри ҳар куни минглаб болалар билан тўла бўлади. Ўғил-қизлар бу ерда билим сирларини ўрганиб, ўз тафаккур ва дунёқарашларини, ақлий салоҳиятларини ривожлантириб борадилар.

Шаҳримиздаги 11 умумтаълим мактабида билимга чанқоқ ўғил-қизлар таълим-тарбия оладилар. Уларга жонкуяр, тажрибали муаллимлар сабоқ беришади. Мактабда таълим сифатини оширишга ҳамда ўқувчиларнинг дарс давомида олган билимларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилади. “Дарс муқаддасдир”, “Ўрган-ўргат”, “Яхши муаллим-сифатли таълим” каби шиорлар барча ўқитувчилар иш фаолиятининг асосини ташкил этади.

Мактабнинг фидоий ва билимдон устозларидан бири Саидахон Шокаримова ҳам 11 йилдан буён шу таълим даргоҳида бошланғич таълим ўқитувчиси сифатида фаолият кўрсатяпти. У ўзининг ҳар бир дарсини кўргазмали қуроллар, янги педагогик технологиялар асосида сифатли ва мазмунан бой ўтишига ҳаракат қилади.

Дарс жараёнида ўқувчиларни мустақил фикрлаш, берилган саволларга тезкор жавоблар топиш, зеҳни ўткир, заковатли бўлишига алоҳида эътибор қаратади.

-Мен дарс машғулотларимда қизиқарли ўйинлар, топишмоқлар, тез айтишлар, шеър ўқиш, расм чизиш ҳамда қўшиқ куйлаш каби болаларни тез ва осон жалб этадиган усуллардан фойдаланаман. Шу боис дарсларимда синфдаги барча ўқувчилар бараварига фаол иштирок этишади, дейди маҳоратли муаллима С.Шокаримова. — Ҳар бир дарсимга алоҳида тайёргарлик кўраман. Изланишларим бесамар кетмаётганидан жуда мамнунман.

— Набирам Мубинахон Саидахон раҳбарлик қилаётган синфда таълим олади. Ҳозир набирам рус тилида анча эркин сўзлаяпти, — дейди меҳнат фахрийси Муборакхон Мамажонова.

— Мактабимизда Саидахон Маҳмудова сингари билимдон, ўз касбига содиқ ўқитувчилар кўп-лаб топилади, — дейди мактаб директори Нигорахон Усмонова. Ришад Маметов, Гулнорахон Хожираҳматова, Ильмира Мазитова, Тоирахон Абдуллаева, Алла Каримова шулар жумласидандир.

Зеро, илм инсонни камолот сари етаклайди, унинг умр йўлларини нур каби ёритади. Донишмандлар таъкидлаганларидек, илм, маърифат ўчмас қуёшдир.

Юсуфжон РОЗИҚОВ.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube