МУАЛЛИМ- МАЪРИФАТ МЕЪМОРИ

Одинахон Маҳмудова ўзи учун қадрдон, ҳаётининг ажралмас бир бўлагига айланиб улгурган, умрининг энг сермазмун ва масъулиятли дамлари ўтаётган мактаби томон шошиб бораркан, қалбида мамнунлик ҳислари жўш урарди. Мактаб остонасидаёқ ҳамкасблари ва ўқувчи ёшлар уни саломларга кўмиб ташлади.

-Ассалому алайкум устоз…

Унинг юзларига табассум ёйилди. У атрофга синчков назар ташлаб, ўз хонаси томон йўналди. Иш столи устида турган кунлик иш режалар уни яна юмушлар бағрига тортди. Зум ўтмай синф хонаси ўқувчилар билан тўлди.

Аслида бирон-бир жамоада ишлаб обрў эътибор топишнинг ўзи бир машаққат. Чунки обрў мисқоллаб йиғилади. Унга муносиб бўлиш учун киши бир талай инсоний фазилатларга эга бўлиши ва бу сифатлар унинг кундалик ҳаракатларида акс этиши зарур.

У 35 йилдан зиёд умрини халқ таълими ривожига  бахшида этди. Шаҳримиздаги 26-умумий ўрта таълим мактабида болаларга физика фанидан  сабоқ берди. Ҳар бир ўқувчи қалбида бу фанга кучли қизиқиш ва меҳр уйғота олди. Ўқувчилар унинг дарсига истамайгина эмас, балки энтикиб, иштиёқ билан киришади, баъзан бирор масалага ечим топиша олмаса, хонадонига ҳам дафтарини кўтариб кириб келаверишади.  Ундаги самимият ҳамиша жамоадошлари ва ўқувчиларининг қалбларига қувонч бахш этади.

-Бугунги глобаллашув даврида ёшларни унинг таъсиридан асраш жуда мураккаб жараён. Чунки, оммавий маданият, ниқоби остидаги миллийликка қарши кураш ғояси ҳар сония болаларга таҳдид қилишга уринаётир, — дейди биз билан суҳбатда тажрибали ва моҳир муаллима Одинахон Маҳмудова. — Болалар бамисоли ниҳол. Уларга парвариш керак. Бугун биз педагоглар янада ҳушёрроқ бўлишимиз, ўқувчиларнинг ҳар бир босган қадамини назорат қилишимиз, уларни соғлом турмуш тарзига ўргатишимиз, салбий иллатлар таъсирига тушиб қолишларининг олдини олишимиз зарур. Ҳар бир ўқувчи билан якка тартибда иш олиб бориш, уларнинг қизиқишлари ва интилишларини рағбатлантириб туриш жуда муҳимдир. Оилада ота-оналар, мактабларда биз педагоглар ўқувчилар билан дўстона муносабат ўрнатишимиз, кези келганда унга ёрдам қўлини чўза билишимиз керак.

Бугун мактаб фахрига айланган, физика фанининг билимдонлари Майрамхон Худойбердиева, Шохиста Муҳаммадюсупова, Муродил Раҳимов, Насиба Пўлатова, Муаззам Ғаниева, Одинахон Абдусаломова каби ўқувчилар келажакда албатта, Одинахон опа сингари фидойи муаллима бўлиб етишиш орзусида илм чўққиларини қунт билан эгалламоқдалар.

Одинахон болалар тарбиясида жуда маҳоратли. У ҳар бир ўқувчи  қалбида Ватан тақдири билан дахлдорлик хиссини уйғотишга, келажакка онгли, тийран нигоҳ билан боқишга эришишларига ҳаракат қилади, ота-оналар билан мактаб жамоаси ва раҳбарияти ўртасидаги ҳамкорликни мус-
таҳкамлашга эътиборини қаратади. Бугун у билан ҳамнафас ва ҳамқадам бўлиб меҳнат қилаётган Солияхон Носирова, Мукаррам Давронова, Баҳромжон Нишонов, Сурайё Каримова каби фаол устозларнинг ҳам меҳнатлари таҳсинга сазовордир.

Орамизда Одинахон Маҳмудова сингари жонкуяр, фидойи ёшлар тарбиячиси  бор экан, эртанги кун ёшларининг ҳар томонлама баркамол бўлиб улғайишларига шак-шубҳа йўқ.

Мастурахон САИДМУРОДОВА.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube