МАЁҚ

(эссе)

Донишманд-у фозиллардан “Дунёда энг улуғ зот ким?” деб сўраганларида, “Устоз” деб жавоб берган эканлар. Зеро, ота ва она фарзандни оқ сут бериб, ювиб-тараб вояга етказади. Устоз-чи, улғайиб келаётган боланинг онг-у тафаккурини очади, илм-фан сирларини ва дунё ҳикматларини ўргатади, қалбига одамийлик сабоқларини сингдиради. Қани, энди ўзингиз холис хулоса чиқаринг-чи, кимнинг хизматлари улуғроқ экан. Балки “Устоз отангдан улуғ” деган ҳикматнинг чинакам маъноси ҳам шудир…

Устоз бугун яна Сизни қўмсадим. Қалбим соғинчлар гирдобида нолон. Оҳ, қани энди мўъжиза юз бериб бола бўлиб қолсам-у қадрдон мактабим партасида бир зумгина тин олсам. Сизнинг ҳикматларга тўла, маънодор сабоқларингизни тингласам. Сеҳрли кўзларингизга боқиб дунёни унутсам.

Эсимда, тонг нуридек покиза қалбингиз, меҳр тўла кўзларингиз бизга ҳамиша қанот бағишларди. Орзулар осмонида қуш бўлиб учардик…

“Устоз” оҳанграбо сўз. Йўқ, йўқ, адашдим, аслида сўзнинг эмас, Сизнинг оҳанграбоингиз бор эди. Эсингиздами, танаффус бўлди дегунча 30 нафар ўғил-қиз атрофингизни ўраб олардик.

-Устоз….

-Устоз…

Биз бир-биримизга гал бермай Сизга мурожаат этаверардик. Ҳар биримиз ўз саволимизга болаларча шошқалоқлик билан тезроқ жавоб олишни истардик…

Сабоқларингиздан аъло баҳо олсак, пешона ва сочларимизни силаб кўяр эдингиз. Биз болалар сизнинг шу амалингизни яхши кўрардик. Ким ўзарга ўқиб, фақат аъло баҳолар олишга ҳаракат қилардик. Қўлларингиз бирам юмшоқ, иссиқ ва мулойим эди-ки, дунёдаги ҳеч бир мақтов ва сийлов Сизнинг бошимизни силашингизчалик ҳикматга эга эмас эди, назаримизда. Энди билсам, Сизнинг меҳрингиз тафти тўғри юрагимизга ўтар экан, ўшанда. Сиз ёнимиздан узоқлашишингиз биланоқ, синфдошларимизга ғурур ила қараб қўярдик. Бу бахт эди…

Агар синфдошларимиздан бирортаси ёмон баҳо олса, хафа бўлиб кетардингиз. Кўзларингиздаги нур бир зумгина сўниб қолар эди.

— Яхши ўқиш керак, кўп ўқиш керак, болаларим, кўп ўқиш… деган сўзларни деярли ҳар куни эшитардик. Бу сўзлар бизга ёд бўлиб кетганди ва бизлар унга оғишмай амал қилишга ҳаракат қилардик. Қўлимизда ҳар доим китоб бўлар эди.

Биз болалар учун дунёдаги энг Билимдон одам сиз эдингиз. Биз болаларча соддадиллик билан сизга беҳад ишонардик. Дунёимиз сиз эдингиз. Сўзларингиз беистисно, ҳаракатларингиз ибрат эди. Кўзларимиз фақат сизни кўрарди, қулоқларимиз фақат сизни эшитарди. Гоҳо ўйлайман, оҳ инсон ҳам шу қадар мукаммал бўладими?!

Бола эмасмизми, баъзан йиқилиб тушар эдик. Чанг бўлган уст-бошларимизни қоқиб, елкамизга енгилгина уриб, танбеҳ берар эдингиз:

-Энди шошилмай кўзингга қараб юргин хўпми! Асло йиқилма…

Ҳозир ўйласам, “йиқилма” деган сўзларингизда ҳам бир олам маъно бор экан. Ҳаётга тик, тийран нигоҳ билан боқишни ўргатган экансиз, ўшанда.

Баъзан бир боланинг хархашаларига чидолмай жавранаётган аёлларни кўрсам сизни яна ёдга оламан, устоз. Шунча меҳрни қаердан олган эдингиз? Кўнгил ҳам бу қадар кенг бўладими?

Умр ўтаяпти. Сочларимиз кумуш рангига кираётир. Сабоқларингиз шу қадар юракка муҳрланган экан-ки, ҳаёт йўлларимизда китобга дўст тутиндик, ҳеч кимнинг қалбига озор бермадик, йиқилишдан асрандик, энг асосийси сиз каби оқил, бағрикенг бўлишга ҳаракат қилдик. Лекин ўйлаб қоламан ўгитларингизни, заррасини, эплай олдикмикан, устоз!

Кечроқ бўлса-да англадим. Сиз кечаги, бугунги ва келажакдаги йўлларимизни маёқ бўлиб ёритиб турган экансиз. Чунки Сизнинг илм-фан ва одамийлик ҳақидаги илк сабоқларингиз бизнинг бола қалбимизда тошга
ўйилган нақшдек ўчмас из қолдирган экан. Тошга қор ва ёмғир кор қилмаганидек, қалбларимиздаги битиклар ҳам умрбоқий экан.

Мана бугун байрам. 30 нафар собиқ синфдошлар ҳузурингизга ошиқаяпмиз. Барчамизнинг қўлларимизда сиз севгувчи гуллардан даста. Сизни ёдга олдиг-у болага айланиб қолгандекмиз. Бўйларимиз баланд-у кўнгилларимиз кичик, беғубор.

Азизим, УСТОЗ! Бизни яна бағрингизга чорланг!

Аслида ҳаёт сиз каби закий, тоза дилли инсонлар билан қудратли ва бардавомдир. Омон бўлинг, устозим!

Мастурахон САИДМУРОДОВА.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube