ЖИЛВАЛАНАР ИПАК  ЖИЛОСИ

“Атлас байрами” учинчи фестивали

Марғилон деганда беихтиёр киши кўз ўнгида камалак рангларида товланувчи атласу адрасларга бой қўҳна шаҳар намоён бўлади. Ҳаё-ла боқувчи қизларининг тили ширин, минг кокилларини майдалаб ўриб, бошларига адрас кўйлакларига монанд ироқи дўппиларини кийиб олсалар борми, ҳусну жамолларидан кўзларингиз қамашади. Сеҳрли лутфи сизни мўъжизалар олами томон етаклайди. Шу диёрда мангу қолгингиз келаверади…

Баъзан самода табиатнинг гўзал малаги камалак пайдо бўлади. Унинг ажиб тароватли ранглари ўз жилосини кўз-кўз айлаб, фалакда ранглар ўйинини ҳосил қилади. Аслида устазода тўқувчилар томонидан яратилган хонатлас, хосиятхон атласларнинг ёрқин ранглари камалакни-да доғда қолдиргувси…

… Қадимда бир кекса тўқувчи оддийгина бўз матодан аёллар чиро-
йини ўн чандон оширгувчи ранглар уйғунлигини яратмоқчи бўлиб хаёлга толибди. Шу пайт осмондан ажиб нурлар таралибди. Моҳир тўқувчи кўзларини олаётган нурлар ўйини-ёғдулардан ҳайратланиб, қўлларини пешонасига пана қилиб само малаги–камалакка термулибди. Унинг гўзаллигидан беҳад ҳайратланибди ва бирдан топдим, топдим, деб ҳайқириб юборибди. Сўнг дарҳол ёнгинасида турган дастгоҳига ёпишиб, оппоқ матога камалак рангларини кўчирибди. Тўқувчи ишини тугаллаб, матосига боқса, етти хил рангда товланувчи баҳордек бетакрор, баркамол либос яралибди. Шундан буён бу матони халқимиз эъзозлаб “атлас” дея суяркан.

…Бугун шаҳримиз кўчалари келинчакдек безанган. Дов-дарахт-лар ва биноларнинг кўринарли жойларига атласу адрасларнинг турфа нусхалари илинган. Каттагина баннерга “Атлас” байрами фестивалига хуш келибсиз! — деган чорловлар ҳам битилган. Дунёнинг ўнлаб мамлакатларидан ташриф буюрган меҳмонлар Марғилоннинг жаҳонга донғи кетган атлас матоларини қайта-қайта қўлларига олиб, энгига ташлаб кўради, ярашдими, дегандек бир-бирларига жилмайиб боқишади.

ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси томонидан тасдиқланган режага асосан 12-16 сентябр кунлари “Атлас байрами” учинчи фестивали қадимий ва ҳамиша навқирон Марғилон шаҳрида ўтказилиши белгиланган эди. Фестивалда хорижий давлатлардан ва республикамиз вилоятларидан ҳунармандлар,  санъат усталари ва етук мутахасссислар қатнашиши кўзда тутилган.

“Атлас байрами” фестивали миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш ва тарғиб қилиш, ҳунармандлар ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш, туризмни ривожлантириш, аҳоли, айниқса, хотин-қизлар бандлигини таъминлашга хизмат қилаётганлиги билан аҳамиятлидир.

Жорий йилда фестивал дастури сезиларли равишда кенгайтирилди. Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудидан иштирок этадиган ҳунармандлар ўз маҳоратини намойиш этмоқдалар. Ёш ҳунармандлар учун таниқли усталар иштирокида анъанавий каштадўзлик, табиий бўяш, либослар дизайни бўйича маҳорат сабоқлари ташкил этилди.

Фестивал доирасида Ўзбекистон табиий толалар илмий тадқиқот институтида “Атлас байрами” учинчи фестивалининг тантанали очилиш маросими ҳамда “Марказий Осиё халқлари анъанавий матолари ва барқарор ривожланиш” мавзусида халқаро анжуман ўтказилди.

Шунингдек, шаҳримиздаги сўлим Ёшлар хиёбонида эса амалий санъат буюмлари ярмаркаси, халқ сайли, миллий либослар намойиши, аския ва катта ашула ижрочиларининг концерт дастури, дорбозлик ва қўғирчоқбозлик томошалари, ош сайли ҳам  ўтказилди.

Байрамнинг серзавқ кунлари  “Ёдгорлик” мажмуасида “Ўзбекистон: Анъанавий гиламчилик санъати” кўргазмаси билан бошланади. Байрам тантаналари давом этиб, Марғилон тарихи музейида “Марказий Осиё матолари” анъанавий матолар кўргазмаси, “Ўзбек анъанавий матолари ва барқарор ривожланиш” мавзуи-
да давра суҳбати, ўқув машғулотларида иштирок этган ёш дизайнерлар томонидан тайёрланган либослар намойиши,  концерт дастурлари намойиши кўзда тутилган.

Маҳорат сабоқлари

ДУНЁ ТАН ОЛГАН СИФАТ

Анъанавий “Атлас” байрами учинчи фестивалининг амалий ўқув машғулотлари шаҳримиздаги ҳунармандчилик марказидан бошланди.

Фестивалнинг ўқув семинар тренинги яъни маҳорат сабоқлари ўтказиладиган шинам залга халқимизнинг асл қадриятларини ўзида мужассам этган, моҳир тўқувчиларнинг қўли билан яратилган қадимий миллий либослар — аёлларнинг паранжиси-ю чимматидан тортиб, эркакларнинг чопони-ю дўпписигача териб қўйилган. Ўта дид ва маҳорат билан тўқилган гўзал, бежирим гул нақшли сўзаналар, кашталар, гиламлар беқиёс жозиба, чирой касб этган. Семинарда даставвал, таниқли санъатшунос Бинафша Нодирнинг “Ўзбек тўқимачилиги; кеча ва бугун”, “Қалб нури” аёллар ва уларнинг оилаларини ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази директори Дамира Тўхтасинованинг “Ғоядан молиявий барқарорлик сари” мавзуларидаги маърузалари тингланди. Тренинг иштирокчилари 3 гуруҳга бўлиниб, кигизчилик, анъанавий каштачилик ҳамда дизайн йўналиш-
лари бўйича амалий машғулотлар ўтказдилар. Амалий семинар уч кун давом этди. Унда “oxus Culture” ташкилотининг аъзоси Сардор Газиевнинг “Тўқимачилик соҳасидаги замонавий маркетинг усуллари”, академик, санъатшунослик фанлари доктори, профессор Акбар Ҳакимовнинг “Ўзбекистонда ХХI Аср амалий санъати анъаналарини сақлаб қолиш муаммолари”, “Council” адвокатлик фирмаси юристи Аскар Нумановнинг “Кичик бизнеснинг ҳуқуқий асослари” хусусидаги фикр ва мулоҳазалари тингланди. Шунингдек, таниқли кигиз устаси қозоғистонлик Айгул Жансерикова, анъанавий кашта устаси Мадина Касимбоева ҳамда ЮНЕСКОнинг тинчлик учун элчиси, санъат арбоби Биби Рассел ўз соҳалари бўйича амалий машғулотлар ўтказдилар. Уч кун давом этган “Адрас ва атлас матолари
безаклари” бўйича ташкилланган машғулотларда ранглардан тўғри фойдаланиш, ипак ва ип матоларга гул босиш ҳамда уларни тайёрлашга оид амалий тавсиялар ўқув машғулоти иштирокчиларига услубий кўмак бўлди.

— Мен анъанавий “атлас” фестивалида учинчи бор иштирок этаяпман. Қувонарлиси фестивалга қизиқувчилар сони йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Биз ўқув машғулотлари давомида ўзаро тажриба алмашиб, самимий суҳбатлашдик, — дейди моҳир дизайнер Марҳамат Умарова. “Атлас” байрамининг жуда кенг миқёсда катта байрам қилинаётгани халқимизнинг ўта бағрикенг ва меҳмондўстлигидан далолатдир.

Мастурахон САИДМУРОДОВА.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube