ҚЎНҒИРОҚ ЧАЛИНДИ-Ю…

Яхшидир аччиқ ҳақиқат

ҚЎНҒИРОҚ ЧАЛИНДИ-Ю…

муаммолар, камчиликлар ўша-ўша

Халқ учун, келажак учун энг муҳими мактаб. Буни ҳар биримиз тан оламиз. Аммо, ана шу энг муҳими тизимга эътиборимиз ҳамиша ҳам кўнгилдагидек бўлмаяпти. Биринчи навбатда мазкур муқаддас даргоҳда ишлаётганларнинг ўзи баъзан бевосита вазифалари, бурчларини унутиб қўйишмоқда. Оқибатда қачонлардир барчага намуна бўлган даргоҳ хатолар гирдоби, нуқсонлар қуршовида қолаяпти. Бунга шаҳримиздаги 2-умумтаълим мактабидаги камчиликлар яққол мисол бўлиши мумкин.

Вилоят ҳокимлиги ишчи гуруҳи томонидан мазкур мактабни янги ўқув йилига тайёрлаш жараёнида аниқланган камчиликлар ҳақидаги видеони кўрар эканман: “Наҳот шу 2-мактаб бўлса?!” деб ўйладим. Зеро, гўё мактабда янги ўқув йилига мутлақо тайёргарлик кўрилмагандек таассурот қолдирди бу видеолавҳалар манда! Мактаб асосий ўқув корпусидаги чала-ярим таъмир, жисмоний тарбия майдончаларидаги ачинарли ҳолат, бутун ҳовлини босиб ётган чиқинди уюмлари, ярим вайрона қозонхона ва қоровулхона, қинғир-қийшиқ, алмисоқдан қолган занжир ва қулфлар осилган синфхоналар… бир сўз билан айтганда уят!

Тўғри бу ачинарли лавҳалар жорий йил 18 август куни тасвирга туширилиб, мактаб маъмурияти ва жамоасига камчиликларга зудлик билан барҳам бериш топшириғи берилган эди. Бироқ, янги ўқув йили бошланганига қарамай бу камчиликлар бартараф этилмагани куни кеча бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида яна бир бора жиддий танқид қилинганига нима дейсиз?!

Шу боис 6 сентябр куни бу аччиқ, аммо очиқ гапларга ишониб ишонмай мактабга йўл олди. Минг афсуски, мактабда аҳвол деярли ўзгармаган. Аммо, мактаб маъмурияти, ўқитувчилар ишлашмаяпти дейишга тил бормайди. Шу куни ҳам ўқитувчилар, техник ходимлар мактаб ҳовлиси, спорт майдонларини тартибга солиш билан банд эдилар. Аҳвол тасвирга туширилгандан буён ўтган муддатда жамоа томонидан бир қатор ишлар амалга оширилган. Темир-бетон уюмлари бир четга, болалар учун хавфсиз жойга олинибди. Қоровулхона, қозонхона бинолари ҳар ҳолда оқланиб тартибга келтирилган. Биринчи қаватдаги мавжуд камчиликлар тугатилган. Қишга тайёргарлик бўйича ҳам амалий ишлар қилинган. Шу куни бир машина кўмир брикет ҳам келтирилиб мактабга туширилди. Бироқ, асосий ўқув корпуси юқори қаватларидаги ишлар ниҳоясига етказилмаган. Баскетбол, волейбол ва футбол майдонларида ҳам ҳали камчиликлар бисёр.

Тўғри, бу камчиликлар кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолмаган. Хоҳлайсизми йўқми бу муаммоларни ҳал этилиши охир оқибат маблағга бориб тақалиши ҳам рост. Мактаб биноси эса узоқ йиллардан буён мукаммал таъмирга муҳтож. Биз билан суҳбатда мактаб раҳбарлари, ўқитувчилар кўпроқ шунга урғу беришди. Улар бу ҳақида шаҳар, вилоят ҳокимликларига, халқ таълими юқори органларига мунтазам мурожаат қилганликларини айтиб, ўзларини оқлашга уринишдан нарига ўтишмади. Аммо, инсонга у ўзи хақида нима дейиши ёки ўйлашига қараб эмас, балки қилаётган ишига қараб баҳо берилади. Мактабнинг янги ўқув йилидаги ҳолати эса муассаса раҳбарлари ҳам, педагоглар жамоаси ҳам бу борада бир нима дейишга ожизликларини яққол намоён қилиб турибди.

Энг ёмони жамоадаги ижтимоий-маънавий муҳит яхши эмас. Ҳар ким ўзини қайсарлик билан оқлашга уриниш билан овора. Шу боис, мактабдаги аҳвол менга машҳур рус ёзувчисининг янада машҳур масалини эслатди. Келинг, ўзини оқлаб, айбни ўзгалардан ахтараётганлар кимлар эканлигини санаб ўтишдан ҳозирча ўзимизни тийиб турайлик. Қолаверса, гап ким қисқичбақа, чўртан ёки оққуш эканлигида ҳам эмас, аксинча, араванинг ўрнидан жилмаётганида, ахир! Яъни жамоадаги бу ноаҳиллик, лозим бўлса ўзбўларчилик оқибатида, нафақат умумий иш ўнг-
ланмаяпти, пировардида болалар жабр кўриши мумкин. Шундай экан, жамоа аъзолари ҳеч бўлмаганда ўқувчилари – болалардан уялишса яхши бўларди.

Қиссадан ҳисса шуки, хатоларни тузатиш ўрнига қайсарлик қилиш мактабдаги ҳар бир ходимнинг, бутун жамоанинг мисқоллаб йиққан обрўсини, ботмонлаб тўкмоқда. Буни муҳтарам педагогларимиз тезроқ тушуниб, тўғри хулоса чиқаришса мақсадга мувофиқ бўларди. Зеро, донолар таъкидлаганидек: бизнинг ҳар қандай нуқсонимиз, хатоимиз, уларни яширмоқчи ёки ўзгалар гарданига ағдармоқчи бўлиб қилган найрангларимиздан кўра кечиримлироқдир.

М.Ҳабиб.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube