МУНОСИБ ТУҲФА

Шонли мустақиллигимизнинг қутлуғ 26 йиллик тўйи тантаналари  шаҳримиздаги умумий ўрта таълим муассасаларида бўлиб ўтган “Биринчи қўнғироқ” байрам тадбирига уланиб кетди. Шу куни кўтаринки кайфият ҳамда чексиз ҳаяжон  ила минглаб болажонлар муқаддас мактаб даргоҳига илк бора қадам қўйдилар.

Шаҳримиздаги “Зухро” МФЙ ҳудудида жойлашган 23-умумий ўрта таълим мактаби жамоаси учун эса бу йилги байрам қўшалоқ келди. Боиси жорий йилда 1296 ўринга эга бўлган мазкур мактаб биноси инвестиция дастури асосида тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, янги ўқув йилида янгича қиёфада ўқувчилар ихтиёрига топширилди. Мактаб биносини тўлиқ реконструкция қилиш режасига ажратилган 1 миллиард 981 миллион сўм маблағ ўқув хоналарини мебель жиҳозлари билан таъминлаш ҳамда таъмирлаш ишларига мақсадли сарф этилди.

Мактабнинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққан вилоят ҳокими ўринбосари Дилшод Хожиаҳмедов, шаҳар ҳокими ўринбосари Азизбек Абдуллаев, мактаб директори Отабек Хомидов ҳамда “Зуҳро” МФЙ раиси Моҳирахон Акбаровалар йиғилганларни шонли байрамимиз билан самимий қутлаб, таълим масканида ўқувчилар учун яратилган барча қулай шарт-шароитлар, айниқса ёруғ, шинам ва бир-биридан бежирим ўқув хоналари ҳақида маълумот бердилар.

Замонавий дизайн асосида кўркам қиёфа касб этган мазкур мактаб биноси янги ўқув йилига ўзгача иштиёқ ҳамда пухта билим олиш истагида қадам босган ўқувчилар учун муносиб туҳфа бўлди.

А.МАНСУРОВ.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube