СИЗДАН БОШЛАНАДИ АСЛ ТАФАККУР

Ҳар бир дарсига янги –янги ғоялар ва янги –янги инновацион усуллар билан “қуролланиб” кирувчи, изланувчан муаллима Тошхон Ўрмонованинг ҳар бир машғулотини ўқувчилар хуш кўришади. Машғулотлар қандай ўтиб кетганини сезишмайди ҳатто. Баъзида “Бунча ҳам тез қўнғироқ чалинди-я, дейишади, вактнинг югуриклигидан озорланиб….”

Қўнғироқ оҳиста янграйди. Бир даста китоб ва дафтарларни қўлида ушлаб олган устоз синф хонасига йўналди. Ўқувчиларнинг тийран нигоҳи мураббийга қадалди. Саломлашишгач, парталар устидаги дафтарлар очилиб, ўттиз қўл бирваракайига ручкани қўлига олади. Ўқитувчи бўрни ушлаб доскага ўгирилди. Бир неча сониялар ўтгач ўқитувчи-ю ўқувчиларнинг қалби-ю онгини мактабгача таълим фани асослари ва унинг сирлари эгаллайди.

Муаллима ўқувчиларни нигоҳма-нигоҳ кузатар, доска ёзувларга тўлиб борар, бўр ҳар замонда “тақ-таққ..” этиб овоз чиқарар, устоз ҳар бир фикрларига якуний хулоса ясар ва ўқувчиларни ҳам фаолликка ундарди. Ўқувчилар янги мавзуни ёзиш баробарида дарснинг мазмун моҳиятига чуқурроқ кириб борар, ўқитувчи билан басма-бас фикрлашардилар. Бир паралик машғулот фикречим, савол ва жавоб тарзида кечди. Чиқишга қўнғироқ чалинди. Ўқитувчи эндигина эшикка йўналган эди, бир қиз шошилибгина қўлидаги дафтарини унинг қўлига тутқазди:

— Устоз, “ Ҳеч кимга бермаймиз, сени Ўзбекистон” мавзусида мустақил ижодий иш ёзгандим. Шу хусусида ўз фикрингизни билдирсангиз.

Ўқитувчи унинг қўлидан дафтарини олиб қайта иш столига ўтирди.

— Хўп, қани танишиб чиқайлик-чи… У дафтардаги ёзувларга синчков ва тез-тез назар ташлади.

— Раҳмат, қизим, фикрларинг равшан, ҳар бир сатрингда Ватанимизга бўлган фарзандлик меҳринг шундоққина мавжланиб турибди. Уни яна болалар ўраб олишди.

— Устоз, эртага мен ҳам ёзиб келаман, кўриб берасиз-а?

— Албатта, дейди ўқувчисининг Ватанга муҳаб-бат ва садоқат руҳи билан йўғрилган салмоқли фикрларидан руҳланган ўқитувчи жилмайиб…

Шаҳримиздаги Педагогика коллежида 21 йилдан буён мактабгача тарбия фанидан етакчи ўқитувчи сифатида фаолият кўрсатаётган Тошхон Ўрмонованинг ҳар бир куни шундай сермазмун, серзавқ ва масъулиятли ўтади. У ҳар бир ўқувчи билан индивидуал ишлайди уларнинг билимини, тафаккурини кунма-кун ўстириб боришга ҳаракат қилади, ўқувчиларини ўйлантираётган муаммолар ечимини ҳамкорликда топишга ҳаракат қилади. Ҳар бир ўқувчи мавзунинг туб моҳиятини то ўзи чуқур англаб етмагунича тушунтиришдан чарчамайди. Дарси давомида иштиёқманд шогирдларининг ютуғи-ю камчилигини назорат этиб боради, ўз меҳнатининг самарасини уларнинг билимдонликларида кўради.

Унинг “Болалар боғчасида интеллектуал-психологик ўйинлар”, “Ўйнаб ўрганамиз, ўрганиб-ўйнаймиз”каби соҳага оид услубий қўлланмалари вилоятимиздаги барча педагогика коллежларида оммалаштирилган.

— Замонавий фикрлайдиган, айниқса мактабгача таълим фанларига қизиққан, ўқиб уқишдан, изланишдан чарчамайдиган, билимга чанқоқ, интилувчан ўқувчиларни кўрсам қувониб кетаман. Демак, умрим зое кетмаяпти. Ўз устимда яна ҳам кўпроқ ишлашим керак, қатъият билан, — дейди моҳир муаллима Тошхон Ўрмонова. Ўқувчиларни мақсад сари йўналтириш, уларни келажакда ўз касбининг устаси бўлиб етишишларига кўмаклашишни, бурчим деб биламан. Ўтган ўқув йилида мен сабоқ берган гуруҳлардаги 18 нафар битирувчиларнинг олий ўқув юрти талабаси бўлиш бахтига эришганликлари ҳам қалбимга ифтихор бағишлайди. Улар билан фахрланиб, янада сарбаланд чўққиларни забт этишларига ишончим ортиб бораверади. Ахир билим уммондек чексиз. Бугун кечагидан яхшироқ меҳнат қилишимиз, янада улканроқ марраларни эгаллашимиз шарт. Мен Нилуфар Музаффарова, Адолат Фарҳодова, Давлатхон Содиқова ва Муқаддам Расулова каби ўқувчиларимнинг ёрқин келажагига ишонаман. Улар мустақил Ўзбекистонимизнинг эрталари, умидли ёшларидир!

Фидойи муаллима, заҳматкаш мураббий, тажрибали ўқитувчининг фидокорона меҳнатлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У ҳур Ўзбекистонимизнинг 26 йиллиги арафасида Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Халқимизнинг “Устоз отангдек улуғ” деган пурҳикмат мақоли ҳам айнан Тошхон Ўрмонова каби жонкуяр устозларга берилган ташбеҳга ўхшайди.

Мастурахон САИДМУРОДОВА.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube