Хотира муқаддас асли дунёда!

Ватан! Сен нақадар буюксан! Сен нақадар қудратлисан! Сени севмоқ, сени ҳимоя қилмоқ улуғ бахт! Ватан осмонини қаро булут қоплаганида кўксини қалқон қилмоқ мўъжиза, жасорат! Фашизм балоси бошлаган ҳужумга қарши борган, ёвга мисли шердек ташланган ота-боболаримиз жасорати тарихнинг шонли саҳифаларини ёдга солади. У кунлар замонлар силсиласида тобланган. Бугун аччиқ, изтиробли бўлса-да хотиралар уйғонди…

Шаҳримиздаги «Истиқлол» мажмуаси қаддилари дол бўлсада қалби тоғдек мағрур Иккинчи жаҳон уруши ва фронт орти меҳнат фахрийлари, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган хизматчиларининг оила аъзолари, афғон  жангчилари билан тўлди. Отахонларнинг бироз титраётган бармоқлари, маъюс тортган юзлари урушнинг қонли лаҳзалари кўз ўнгидан кино тасмасидек ўтаётганини англатади. Катта экранда …бехос бошланган уруш даҳшати бир зум қалбларни ларзага солди. Бомбаларнинг беаёв портлаши, ер кулининг кўкка совурилиши, жаҳаннам азоби қуршаб олди оламни… Жаҳон олов ичида ёнаяпти. Инсоният мисоли чумолидек қирилаяпти, ҳаёт тирикликни унутаяпти… Қийинчилик, ўзни буткул унутиш, ўздан кечиш, қадамлар ғоят оғир бўлса-да фақат олдга! Ортга қайтмоқ ўлим! Ҳатто йиқилганда ҳам олдга йиқилдилар улар! Қирғинбарот 4 йил давом этди. Оталар бурч, матонат ва жасоратни уйғунлаштирдилар. Одамизот йўқотишу ғуссаларга бардош берди… Ниҳоят 9 май тонги ўзгача отди. Фашизм улоқтириб ташланди. Ғалаба деган сўз ҳаёт бонгги янглиқ янгради. Одамлар бир-бирларини қучиб йиғладилар. Кулишни унутган одамлар жилмайдилар ҒАЛАБА! Шу куни омон қолган рус, ўзбек, белорус, қирғиз солдатлари бир-бирларини маҳкам қучиб йиғладилар, ғалаба байроғини бошлари узра адл кўтардилар.

Ана тасвирда бир бурда нонини ҳам сағирларга тутган халқимиз сўнгги бир ҳовуч унини ҳам фронтга жўнатди. «Ўзбекистондан аскарларга, фронтга!» деган ёзув эгаллади экран юзини. Боболарга хос бўлган жасурлик, фидойилик намуналарини кўрсатаётган халқимиз кўзларида қувонч ёшлари балқди. «Ғалаба» дейишди ҳайқириб!…

Кенг жамоатчилик рамзий хотира майдонига хазин мусиқа садолари остида ташриф буюриб, турфа гулчамбарлар қўйдилар, жангчилар хотираларига таъзим бажо айлаб сукут сақладилар.

Митингни шаҳар Мудофаа ишлари бўлими бошлиғи ўринбосари Б. Мусабеков очди ва сўзни шаҳар ҳокими М. Убайдуллаевга берди. Ҳоким ўз сўзида бутун мамлакатимизда бўлгани каби шаҳримизда ҳам кексаларга иззат-икром кўрсатиш, уларни эъзозлаш, жасоратларини улуғлаш, Ватан озодлиги йўлида кўрсатган қаҳрамонликларини ёдга олиш, барча ишларимизда нуронийларнинг бой ҳаётий тажрибаларига таяниш давлатимиз сиёсатида ўзининг ёрқин ифодасини топаётганлигини таъкидлаб, барчани бугунги дориломон кунларнинг қадрига етиш, тинчликни ардоқлашга чақирди.

Дарҳақиқат, аждодлар хотирасини ёд этиб, уларга юксак ҳурмат кўрсатиш, эзгу ишларни амалга ошириш — халқимизнинг асрий қадриятлари, улуғ фазилатларидан саналади. Истиқлолнинг илк йиллариданоқ Ватанимиз тақдирига дахлдор тарихий адолатни тиклаш, аждодларимизнинг эзгу ишлари, жасоратини улуғлаш ва абадийлаштириш сингари ўлмас, бебаҳо қадриятларимиз ривожига алоҳида эътибор қаратилди.

Бу йил Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 72 йиллигини нишонлаяпмиз. Юртимизда Иккинчи жаҳон уруши синовларини бошидан кечирмаган бирорта ҳам оила йўқлигини назарда тутсак фашизм устидан қозонилган ғалабанинг беқиёс аҳамиятини чуқур англаш, уни таъминлашда иштирок этган мўътабар инсонларнинг хотирасини қадрлаш, бугунги дориломон кунларда биз билан ҳамнафас бўлаётган уруш иштирокчилари ва фронт орти меҳнат фахрийларини эъзозлаш зарурлиги ўз-ўзидан аён бўлаверади.

Тадбирда уруш ва меҳнат фахрийси Абдусамад ота Ғуломов, шон-шараф ордени нишондори Бобуржон Ғаниевнинг онаси   М.Ғаниева ҳам бугунги тинчлик-омонлик, дориломон кунларга шукрона айтиб дил сўзларини изҳор этдилар.

Ҳақиқатдан ҳам уруш қатнашчилари ва фронт ортида меҳнат қилганлар, уруш йилларида чинакам жасорат кўрсатган, Ватан, келажак авлод олдидаги бурчини матонат билан адо этган фахрийларга бўлган эътибор йилдан йилга ортиб бормоқда. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 4 апрелдаги «Хотира ва  Қадрлаш» кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори ҳам ана шу юксак эътиборнинг яна бир намунасидир. Қарорга асосан 9 майда умумхалқ байрами — Хотира ва қадрлаш куни ўтказилиши, фашизм устидан қозонилган ғалабага бебаҳо ҳисса қўшган фахрийларимизни муносиб тарзда ҳамда иззат-икром билан шарафлаш вазифалари амалга оширилди. Қарор ижроси билан барча ерда фахрийларимизнинг ёш авлод вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувлари ўғил-қизларда ватанпарварлик ҳиссини мустаҳкамлаш, тинчликни қадрлаш, дунёда кузатилаётган таҳликали вазиятда янада огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшашга даъват бўлиб янгради.

— Ҳозир уруш йилларини, ўша мудҳиш дамларни эсласам, бугунгидек осо-йишта, бетакрор Ўзбекистонимизда биз нуронийларга, уруш фахрийларига юксак ҳурмат кўрсатилаётганига шукрона қиламан, — дейди Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси — А.Ғуломов. — Мана шундай гўзал, инсон қадри улуғланган диёрда вояга етган ёшларни кўриб қувонаман, уларга ҳавасим келади. Бу эзгуликларга бош бўлаётган Президентимизга ҳам минг раҳмат.

Ҳа, даврлар, йиллар ўтаверади. Аммо оталаримиз кўрсатган жасорат, ватанпарварлик ва мардонаворлик, уларнинг   тинчлик йўлида олиб борган курашлари, бу йўлдаги фидойиликлари асло унутилмайди.

Шу куни хотира майдони гулчамбарлар, алвон гулдасталар билан тўлди. Зеро жасорат унутилмайди, у ҳамиша авлодларни матонат ва фидойиликка ундайверади.

«Аждодларни қадрлаш муқаддас қадрият» ҳамда «Қаҳрамонлик, бурч ва фидойилик» шиорлари остида уюшқоқлик билан ташкилланган байрам тадбирлари халқ қалбида урушга нафрат туйғуларини алангалатиб, тинчликка муҳаббат, Ватанга садоқат фазилатларини янада камол топтирди.

А.УМАРОВ

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube