ЯШАМОҚ САОДАТ, МЕҲНАТ ҚИЛМОҚ БАХТ

Ассалом она юрт, ассалом қуёш,

Ассалом, бунёдкор халқим, жонажон!

Кўзимдан сизади қувонч тўла ёш,

Байраминг муборак ҳур Ўзбекистон!

Эй, қалбларига суюк ватан ишқини солиб, унинг зафарларидан руҳланиб, шавкатидан ғурурланиб, зебо жамолидан шодланиб, зар тупроғини тўтиёдек кўзларига суртиб яшаётган онажон халқим! Эй, юракларида эзгу ниятлари туғён уриб, юзларида дўстлик, биродарлик сурури балққан муҳтарам меҳмонлар!

Эй, мустақиллик бунёдкорлиги кечаётган мафтункор Марғилонимиз бугунини гулу нурга, эртасини ишончу орзуларга тўлдириб яшаётган, қалблари қалбларимизга туташ фидойи элдошларим!

Йигирма олти йил! Чорак асрдан зиёдроқ шонли, шарафларга тўлиқ йиллар довонидан ортга назар ташласак, асрларга татигулик ҳайратомуз юксалиш-
лар, беқиёс тараққиёт қалбингизни ғурурга чулғайди. Дилингиздаги фахр-ифтихор туйғулари дилингизга кўчиб, гўзал Ватан меҳрини тараннум эта бошлайсиз:

Тонг отгунча соғинаман жамолингни,

Кўнглим баҳор кўриб қадду камолингни.

Қад кўтарар кунда гўзал бир кошона,

Юртлар ичра афсонасан, чин афсона!

Қисқа фурсат ичида онажон Марғилонимизда қад ростлаган маҳобатли, сарбаланд, ғарбона ва шарқона уйғунликда бунёд этилган муҳташам, бетакрор “Мак-ро” супермаркети, Увайсий кино саройи, номи кўркам қиёфасига монанд “Истиқлол”, “Мажнунтол”, “Тантаналар уйи” тўйхоналари, кунда-кунора фойдаланишга топширилаётган савдо расталари, замонавий лойиҳадаги аҳоли турар жойлари истиқлол шуҳратидан, қудратидан сўйлар!..

… Бугун субҳидамдаёқ шаҳримиздаги Темир йўл шоҳбекати одамлар билан гавжум бўлди. Ёқимли мусиқий чорлов остида байрамона безатилган катта майдонга йиғилган кишилар юзларидаги байрам табассуми-ю юракларидан тошиб чиқаётган ҳур Ватанга бўлган муҳаббат ва ифтихор ҳислари кўнгилдан кўнгилга тўкилар, диллардан тилларга кўчиб, қўшиққа айланарди. Бошловчиларнинг ширадор овози ҳавода жўшқин жаранг-
лаб, куй наволари шаббода қанотида шаҳрим узра таралди. Саҳнага шаҳар ҳокими Мирзоҳид Убайдуллаев кўтарилди. У йиғилганларни буюк айём билан қутлаб, ўзининг самимий ва сара дил изҳорларини йўллади. Бошларини адл кўтарган, қўлларини кўксида тутган элим мустақиллик мадҳиясини камоли эҳтиром ила ижро этдилар.

— Мен Марғилонда аввал ҳам бўлганман. Мени ҳар сафар фақатгина марғилонликларга хос бўлган ширин лутф, шарқона такаллуф ва манзират ҳайратларга солаверади. Қаранг, қизларга марғилонча дўппи адрасу атлас кўйлаклар қандай ярашган, дейди таниқли хонанда Наргиз. Бугун ҳам бу гўзал шаҳарга келиб қўшиқ куйлаётганимдан жуда бахтиёрман..

Сочларига оппоқ бантикчалар боғлаган жамалаксоч қизчалару, байрамона либоси ўзига ярашган ўғил болаларнинг қувончлари чексиз.

Оламнинг барча шодликлари уларнинг қалбида мужассам гўё.

— Мен 3 йилдан буён шаҳримизда бўлиб ўтаётган мустақиллик байрамида ўз қўшиқларим билан иштирок этаяпман. Минг шукр, озода, кенг ва ёруғ мактабда билим оламан, замонавий мусиқа мактабида иқтидоримни ошириб бораман. Менинг санъат соҳасида юксак ютуқларга эришишимда устозларим ва ота-онамнинг хизматлари катта. Бизларга бахтли болалик ҳадя этган Президентимизга ташаккур, -дейди халқаро болалар ижодиёти фестиваллари совриндори Розияхон Комилжонова.

Озод ва обод, суюкли диёримиз, онажон Ўзбекистонимиз мустақиллигига бағишланган юрт тантанаси-ю, эл шодиёнаси қизғин давом этаётир. Саҳна ҳам, йўлаклар ҳам шўх қўшиқларга рақс тушаётган ёшу қари билан тўла. Ҳар бир иштирокчи ўз қувончини изҳор этишга ошиқаётир.

— Менинг ёшим 75 да. Мана бугун ҳам йигитлардек ғайрат билан байрам шодиёналарига келдим. Ёшлар ижросидаги қўшиқларни тинглаб, рақсларни томоша қилиб, завқланиб ўтирибман. Юртимизда тўйлар байрамларга уланиб, халқимиз осуда ва фаровон умргузаронлик қилмоқда, -дей-ди матбуот фахрийси Алижон ота Шукуров. Ахир бу фарахбахш кунлар истиқлол меваси ва тинчликдек бебеҳо неъматнинг шарофати эмасми?! Бу дориломон кунларнинг қадрига етиб яшамоқ катта-ю кичикка фарздир.

Ҳур диёрмизда улкан бунёдкорлик, яратувчанлик, азму шижоат билан меҳнат қилаётган, ёшларига жасорат, халқига омонлик, дунё халқларига тинчлик, ҳамкорлик ришталарини армуғон этаётган онажон халқим, танти элдошларим сизларга минг тасанно! Юксалишлар, ҳуррият муборак! ЭРК байрами муборак!

— Дарҳақиқат истиқлол байрамини халқимиз интиқлик билан кутади. Уларнинг кўзларида порлаётган қувончни кўриб, халқимиз севинса юракдан севинади, йиғласа юракдан йиғлайди, деган ўй ўтди кўнглимдан, -дейди шаҳар маънавият тарғибот маркази раҳбари Марямхон Йўлдошева. Бугун даврамиз шу қадар жўшқин-ки, беихтиёр рақс тушаётганларга қўшилиб кетдим.

Гуллар таровати, байрамона безаклар ажиб гўзаллик бахш этган майдон узра рангин байроқчалар майин ҳилпирайди. Саҳнани шодликка тўлдирган болажонларнинг шўх қийқириқлари оламни тутади. Шаҳримиздаги мусиқа ва санъат мактаблари, «Баркамол авлод» болалар ижодиёти маркази, мактабгача таълим муассасалари ўқувчиларининг куй-қўшиқларида ҳам беғубор болаликнинг бахтиёр қувончлари, ёш қалбларнинг ватанпарварлик туйғуси намоён бўлди. Айниқса, Болалар ва ўсмирлар спорт мактабларидан етишиб чиққан ёш чемпионларнинг чиқишлари олқишларга кўмилди.

Байрам тантанаси қизигандан қизиди. Ватанни, мустақилликни, севги ва садоқатни, бугунги дориломон кунлар шукуҳини мадҳ этувчи қўшиқлар рақсларга уланди. Республикамиздан ташриф буюрган эл севган эстрада юлдузлари Манзура Йўлдошева, Наргиз, Гуласал Абдуллаева ҳамда Баҳромжон Назаров, вилоятимиз ва шаҳримизнинг таниқли санъаткорлари Абдулҳай Каримов, Мансурхон Нурматов, Нуриддин Асқаров, Илҳомжон Иброҳимов, Отабек Муҳаммадзоҳид, Воҳид Абдулҳакимнинг дилрабо, дилтортар тароналари тўпланганларга жуда манзур бўлди. Мафтункор раққосаларнинг жозибадор ҳироми байрам шодиёналари шукухини янада оширди.

Эй, ҳурриятини ардоқлаб, истиқлолини эъзозлаб, серқуёш Ўзбекистонини севиб, Марғилонини суюб яшаётган онажон халқим, байрамларинг бардавом, шукуҳли, роҳатбахш, бахтиёр кунларинг кўп бўлсин. Асрларга бўйлаётган, гўзалликда дунёга донғи кетган, энг ривожланган давлатлар билан беллашишга қодир она юртимиз, бетакрор ва ягона Ўзбекистонимиз, гўзал ва мафтункор Фарғонамиз, боқий баҳордек баркамол Марғилонимиз гулларга бурканаверсин, гуллаб яшнайверсин! Кўзларимиз бахтиёрликдан, юзларимиз ҳуррият қуёшининг нурларидан чарақлайверсин!
Тинчлик элимизнинг мангу барҳаёт қўшиғига айлансин!

Мустақиллик – байрамлар гултожи, эл шодиёнасига айланган табаррук кун, Энг улуғ, энг қутлуғ, энг азиз байрамимиз. Унинг сурури диллардан ўчмагай асло!

Юртимнинг зумрад самосида эса “Фидойинг бўлгаймиз, сени Ўзбекистон!” деган жўшқин ҳайқириқ баралла жаранглайверсин!

Байрам тантаналаридан репортажни  Мастурахон САИДМУРОДОВА ёзиб олди.

Д.РАҲМОНОВ олган суратлар.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube