Ҳурлик офтоби нур сочмоқда

Ёдимда, болалик чоғларимда уйимизнинг файзу барокати бўлган бобом ва бувижоним ҳар сафар дастурхон устида қўлларини дуога очганларида Яратгандан энг аввал юртимиздаги тинчлик ва осойишталикнинг бардавом бўлиши, халқимизнинг тотувлиги ҳамда озод ва обод Ватаннинг ёруғ иқболига ҳеч қачон кўз тегмаслигини сўрардилар.

Ўша пайтларда беғубор бола кўнглим билан бу улуғвор сўзлар маъносини у қадар тушуниб етмагандим. Бироқ орадан йиллар ўтиб, ёшим улғайгани сари юрагимда туғилиб ўсган уйим, ота-онам ва яқинларимга бўлган меҳр-муҳаббат туйғулари жўш ура бошлади. Бешигида беғубор кўзлари бахтдан порлаб хотиржам нафас олиб ётган жажжи укамнинг юзидаги майин табассумини кўрганимда эрк, озодлик, тинчлик ва хотиржамлик деган муқаддас тушунчаларни янада теранроқ англаб етдим.

Ҳар сафар Мустақил Ватанимнинг бетакрор чиройи, яшилликка бурканган, элга беминнат ризқу-рўз улашаётган боғу-роғлари ва ҳурлик офтоби нур сочаётган ложувард осмонларини кўрганимда беихтиёр қўлимга қалам олиб юртим табиатидаги бетакрор гўзалликларни тасвирлашга интиламан. Бағрига бир чўп суқсанг уни япроқ бериб, мевали дарахтга айлантирадиган бу мўъжизакор она-замин, меҳри дарё юрт бағрида, ардоғида яшамоқнинг ўзи бир бахт. Айниқса, ҳали эндигина мустақил ҳаётга қадам ташлаб, қай соҳада бўлмасин ўзидаги мавжуд иқтидорни намоён этиш, Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшиш истагида бўлган ёш авлодни эртанги кун эгалари дея юксак эътироф этиб, кўксига давлат мукофотларини қадаб қўядиган истеъдодпарвар юрт яна қайда бор?

Хусусан, камтарона меҳнатларимга юксак баҳо бериб, санъат йўналишида “Зулфия” номидаги Давлат мукофотига муносиб деб билган она халқим, Ватаним олдида қанча таъзим қилсам шунча кам. Қолаверса, 2016 йилда Қозоғистон Рес-
публикасининг Остона шаҳрида “Евроосиё юлдузлари” лойиҳаси доирасида ўтказилган “ФЕЕРИЯ” халқаро танловида тасвирий ва амалий санъат йўналишида Грант при, Россиянинг Қозон шаҳрида бўлиб ўтган “Салют талантов” фестивали ҳамда жорий йил Самарқандда ўтказилган “Янги аср истеъдодлари” республика танловида тасвирий санъат йўналишида 1-даражали дипломга сазовор бўлишимда ҳам шу жонажон юртим, устозларим ва меҳридарё халқимнинг хизматлари катта бўлди!

Чиндан ҳам, халқаро экспертлар томонидан ёш авлод тарбиясини давлат сиёсати даражасига олиб чиққан мамлакат сифатида эътироф этилаётган она Ўзбекистонимизда биз ёшлар учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилган. Мана шу чексиз имкониятлардан оқилона фойдаланиш, кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликларга нисбатан ўзимизнинг билим салоҳиятимиз, эришажак ютуқларимиз билан лаббай, деб жавоб бера олишимиз ва энг асосийси, Мустақилликни янада мустаҳкамлаш йўлида барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, якдил бўлиб ҳаракат қилишимизни даврнинг ўзи тақозо этмоқда Зеро, биз буюк юрт фарзандларимиз!

Муштарийбегим  ҚУРБОНОВА,

“Зулфия” номидаги Давлат мукофоти совриндори, ФарДУ талабаси.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube