БАХТГА ЭГИЗ ИСТИҚЛОЛ

Мустақиллик, истиқлол! Эгиз ва уйғун тушунчалар. У халқимизни бахт ва саодат манзиллари сари бошлади. Эркни эъзозлагувчи, тинчликни жон қадар асрагувчи, бунёдкорликка интилувчи халқимиз ҳурлик ва озодлик айёмини муносиб кутиб олиш иштиёқида ёниб яшамоқда. Бугун катта-ю кичикнинг юрагида “Мен мустақилликни мустаҳкамлашга қандай ҳисса қўшаяпман” деган савол мужассам. Жавоблар эса бисёр. Ёшлар спорт ва ўқишда муваффақиятларга эришиб, юртимиз шаънини улуғласа, катта ёшлилар меҳнатда зафарлар қучиб, Ватан иқтисодиётини ривожлантиришга ўз улушларини қўшмоқдалар. Истиқлол бунёдкорлиги эса кишилар қалбини яратувчанликка ундамоқда.

Мен 38 йилдан буён ёш авлодга таълим-тарбия бераман. Фарзандларимизни баркамол этиб тарбиялаш, уларнинг келажакда шу азиз Ватанимизнинг чинакам эгасига айланишлари учун фидокорона меҳнат қилиш ҳар бир педагог олдида турган бирламчи вазифадир. Мамлакатимизда ёшларга яратилган шарт-шароитлар ва имкониятларга бутун дунё ҳавас билан боқаётгани, жаҳон жамоатчилиги таълим тизимимизга юқори баҳо бераётгани бизни янада шиддат ва ғайрат-шижоат билан меҳнат қилишга ундайди. Зотан мамлакатимизнинг эртаси бугун биз таълим-тарбия бераётган болаларнинг интеллектуал салоҳияти ва ақлий етуклигига боғлиқдир.

Минг шукур, мустақиллигимиз тобора мустаҳкамланиб, ҳаётимиз фаровонлашиб бормоқда. Йилдан-йилга ютуқларимиз салмоғи ошиб, халқимиз ҳар жабҳада улкан зафар қучмоқда. Зеро, жаннатмакон диёримиз Ўзбекистон улкан иқтисодий имкониятлар мамлакатидир.

Рустамжон МАДАМИНОВ,

Банк коллежи директори, Халқ депутатлари шаҳар кенгаши депутати.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube