МЕЗОН ТАРАҚҚИЁТ, ОБОДЛИК, ФАРОВОНЛИК

2017-2019 йилларда шаҳримизни комплекс ривожлантириш учун 927 миллиард 306 миллион сўм маблағ сарфланади

Халқимиз учун ҳар томонлама қулай, фаровон ва муносиб турмуш шароити яратиш мустақил диёримизда инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, янгиланишлар жараёнининг олий мақсадидир. Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида олиб борилаётган бу саъй-ҳаракатлар натижасида шаҳар-қишлоқларимиз тобора чирой очиб, муҳташам ва бетакрор маданият масканлари, замонавий ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш мажмуалари, дам олиш истироҳат боғлари, янги-янги туристик комплекслар барпо этилмоқда. Шу жумладан қадимий ва ҳамиша навқирон, водий марвариди – Марғилонимизда ҳам келгуси 2017-2019 йилларда жами 431 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши ҳамшаҳарларимизга беҳад кўтаринкилик бахш этиб, улар қалбини ғурур ва ифтихорга чўлғамоқда.

Маълумки Президентимиз Ш.Мирзиёев жорий йил 22-23 июнда вилоятимизга ташрифи чоғида Марғилон шаҳрида амалга оширилиши кўзда тутилган ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар билан танишиб бир қатор қимматли маслаҳатлар, таклифлар киритиб, зарур топшириқлар берган эди. Мазкур топшириқлар асосида барча лойиҳалар қайтадан кўриб чиқилиб, уларни амалга ошириш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгиланди. Вилоят, шаҳар ҳокимликлари бу борада ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқдилар.

Энг муҳими, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 21 августда 653-сонли “2017-2019 йилларда Фарғона вилояти Марғилон шаҳрини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, ҳаётга тадбиқ этила бошланди.

Хусусан, ҳукумат қарори ижросини таъминлаш мақсадида шаҳар ҳокимлиги томонидан шаҳримизни 2017-2019 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури ишлаб чиқилиб, шу кунга қадар 2 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилди. Шаҳар бош режасига кўра қизғин ва кенг кўламли қурилиш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Қарордан белгиланган қатор лойиҳалар учун зарур ер майдонлари ажратилди, 7 та янги кўп қаватли турар-жой бинолари қурилиши, шаҳар ички кўчаларини таъмирлаш ишлари қизғин давом этмоқда. Туризм, хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича тайёргарлик ишлари бошланди.

Умуман олганда Республика Вазирлар Маҳкамасининг юқоридаги қарорига кўра шаҳарда келгуси икки йилда уй-жой қуриш, саноат, қишлоқ хўжалиги, йўл-транспорт, муҳандислик коммуникация тизимлари, ижтимоий соҳа инфратузилмасини янада ривожлантириш каби жами 16 та йўналишда 927.3 миллиард сўмликдан зиёд, 431 та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилган. Шундан, 115 та лойиҳа саноат, 126 та лойиҳа сервис ва хизмат кўрсатиш, 19 та лойиҳа транспорт хизмати, 60 та лойиҳа электр энергияси таъминоти, 11 лойиҳа ичимлик сув таъминоти ва оқава сув коммуникация хизмати йўналишларида амалга оширилади.

Бундан ташқари қарор асосида умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш, спорт, маданият, аҳоли дам олиш марказлари каби жами 31 та объектда 104.5 миллиард сўмлик ободончилик, қайта қуриш лойиҳалари амалга оширилади.

Бир сўз билан айтганда мазкур қарор саноат ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш, мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш, аҳоли даромадларини ошириш ва бандликни таъминлаш асосида шаҳримизни комп-лекс ривожлантириш мақсадини кўзлайди. Бошқача айтганда бу қарорда кўзда тутилган лойиҳалар шаҳримизни ҳар томонлама равнақи ободлиги ва шаҳримиз аҳлининг турмуш фаровонлигига хизмат қилади.

Шу боис бу улкан бунёдкорлик саъй-ҳаракати барча ҳамшаҳарларимизни беҳад ҳурсанд қилмоқда, қалбларни ғурур ва ифтихорга тўлдириляпти. Буларнинг барчаси эса мустақил Ўзбекистонда инсон манфаатлари устувор, истиқлол ғоялари ҳаётий ва абадий эканлигининг амалий ифодасидир.

М.МИРЗАЖОНОВ.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube