“ИПАКЧИЛИК” ЎҚУВ УСЛУБИЙ МАРКАЗИ ОЧИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг жорий йил  22-23 июнь кунлари вилоятимизга қилган ташрифлари давомида шаҳримиздаги касб-ҳунар коллежларидан бирида ипакчилик йўналишида кадрлар тайёрлаш бўйича услубий марказ ташкил этиш, марказда вилоятдаги ипакчилик йўналишида мутахассис тайёрланадиган касб-ҳунар коллежларига услубий ёрдам кўрсатиш ҳамда ўқитувчиларнинг малакасини оширишни йўлга қўйиш юзасидан киритган таклифларига асосан шаҳримиздаги Енгил саноат касб-ҳунар коллежида ипакчиликни ривожлантириш бўйича янги “Ўқув услубий марказ” ташкил этилди.

Куни кеча коллеж биносида мазкур марказнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Маросимда сўз олган коллеж директори Р.Усмонов, Ўрта-махсус касб-ҳунар таълими методик бўлимининг етакчи мутахассиси Б.Ҳайдаров ҳамда Ўзбекистон табиий толалар илмий тадқиқот институти илмий раҳбари М.Мирзахоновлар йиғилганларни аввало шонли мустақиллигимизнинг қутлуғ 26 йиллик байрами билан самимий қутлаб, марказда ипакчилик соҳасида яратилган имкониятлар ҳақида тўхталиб ўтдилар.

Услубий марказ низомида вилоятдаги пилла хом ашёсини етиштирувчи корхоналар ходимлари, пилла етиштирувчи фермер хўжаликлари аъзолари ҳамда пилла ва ипакчиликка ихтисослашган касб-ҳунар коллежларининг махсус фан ўқитувчилари ва ишлаб чиқариш таълими усталарининг малакасини ошириш мақсадида қисқа муддатли 36-72 соатлик курслари ташкил қилиш, шунингдек марказни махсус лаборатория жиҳозлари, пиллани қайта ишлаш технология ва ускуналари, ипак толани йигириш ҳамда калавалаш ускуналари, мато тўқиш, ранг бериш ҳамда ипакдан мато тўқиш дастгоҳлари билан тўлиқ таъминлаш ишларини амалга ошириш аниқ кўрсатиб ўтилган.

Тадбир якунида шаҳримиздаги касб-ҳунар коллежлари раҳбарлари, ишчи ходимлар ва йиғилиш иштирокчилари коллеж биносида ташкил этилган кўргазма – миллий ҳунармандчилик намуналари билан яқиндан танишиш орқали давлатимиз раҳбари томонидан  республикамизда ипакчилик саноатини янада жадал ривожлантириш ишларига алоҳида аҳамият қаратилаётганлиги ҳамда бугун бутун
дунёга ўзининг бетакрор ва нафис чиройи ила довруғ таратган соф ипак матоларимизнинг жаҳон миқёсида нақадар юксак қадр-қимматга эга эканлигининг гувоҳи бўлдилар.

Абдубанноб МАНСУРОВ.

Д.РАҲМОНОВ олган сурат.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube