ТАРТИБ ЎЗГАРДИ

Маълумки, «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 18-моддасига ҳамда Адлия вазирлигидан 1999 йил 22 декабрда 858-сон билан давлат рўйхатидан ўтказган “Меҳнат органларига бўш иш жойлари (вакант лавозимлар) мавжудлиги тўғрисида ва мўлжалланаётган ходимлар ишдан озод этилиши тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш тартиби ҳақида”ги Низомга мувофиқ корхона, ташкилот ва муассасалар томонидан мавжуд иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар ҳар ҳисобот ойининг 5-санасига қадар маҳаллий меҳнат органларига ҳисобот ойининг якунига кўра тақдим этилар эди.

Эндиликда, бу тартибда ўзгариш амалга ошди. Яъни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва Меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Республикамиз ҳудудидаги барча иш берувчиларга қулайлик яратиш мақсадида “Меҳнат органларига бўш иш жойлари (вакант лавозимлар) мавжудлиги ва ишдан озод этилиши мўлжалланаётган ходимлар тўғрисидаги маълумотларни жорий йилнинг 10 майидан бошлаб электрон тарзда тақдим этиш тизими жорий этилди.

Маълумотларни меҳнат органларига электрон тарзда тақдим этиш тизими:

— Маълумот топшириш учун бириктирилган ходимнинг вақтини тежашга;

— Ташкилот томонидан маълумотларни тақдим этиш учун ортиқча қоғозбозликка барҳам беришга;

— Ҳисоботни бандликка кўмаклашиш марказига бориб топшириш ҳаражатларини камайтиришга хизмат қилади.

Бунинг учун иш берувчилар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг www.mehnat.uz сайтидаги “Миллий вакансиялар базаси” тугмасини босиш ёки core.mehnat.uz манзилида “электрон рақамли имзо” орқали бир марта рўйхатдан ўтиб кейин ҳар ойда порталда ўзи учун белгиланган кабинетга кириб, Меҳнат органларига бўш иш жойлари (вакант лавозимлар) мавжудлиги ва ишдан озод этилиши мўлжалланаётган ходимлар тўғрисидаги маълумотларни ўз ташкилотидан туриб, электрон шаклда юбориш имконияти яратилди.

Жорий этилган янги тизимдан фойдаланиш учун иш берувчилар www.mehnat.uz сайтидаги “Миллий вакансиялар базаси”га кириб асосий саҳифадаги “Маълумотлар базаси”дан (“База знаний”) бўш иш жойлари (вакант лавозимлар) тўғрисидаги маълумотни киритиш бўйича видео қўлланма билан танишишлари ҳамда савол бўлганда шаҳар Бандликка кўмаклашиш марказига мурожаат қилишлари мумкин.

Қонунчиликка мувофиқ, корхона, ташкилот ва муассасалар мавжуд иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларни ҳар ҳисобот ойининг 5-санасига қадар маҳаллий меҳнат органларига ҳисобот ойининг якунига кўра электрон тарзда тақдим этмаган тақдирда уларга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 49-моддасига мувофиқ энг кам ойлик иш ҳаққининг 2 бараваридан 5 бараваригача жарима қўлланилади.

Миллий вакансиялар базасига бўш иш жойлари (вакант лавозимлар) мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириб боришингиз ва банд бўлмаган аҳолини ишга жойлаштиришда ўз ҳиссангизни қўшаётганлигингиз учун Сизга олдиндан ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Акмалжон ХУСАНОВ,

шаҳар Бандликка кўмаклашиш марказининг Давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube