Шукрона

Марғилоннинг табаррук оқсоқолларидан бири, Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фахрийси Зокиржон ҳожи ота Ғафуров бу йил ўзининг муборак юз ёшини нишонламоқда.

Оиласи, фарзандлари, набираю-эваралари ардоғида кексалик гаштини сураётган отахоннинг дил сўзларига қулоқ тутдик:

— Ўтган йиллар мобайнида қанча иссик-совуқ кунларни бошимиздан кечирдик, -дея сўз бошлади Зокиржон ота. — Шукур, бугунги кунга келиб эса мамлакатимизда Истиқлол шукуҳи ҳукмрон. Муста-қиллигимиз шарофати билан чексиз бахту саодатга мушарраф бўлдик. Ватан қадри, унинг қайноқ меҳри, қалбларимизга жо бўлиб, шу покиза туйғулар қучоғида яшаяпмиз. Йил сайин гуллаб-яшнаётган юртим жамолини кўрганимда эса беихтиёр дил-дилимдан яйраб кетаман. Умрим давомида шу она юрт, жонажон халқим тинчлиги йўлида оз бўлса-да хизмат кўрсатганимдан бахтиёрман.

Галатой маҳалласидаги энг ибратли оилалардан бири саналган машҳур нонвой — Зокиржон ота хонадонидан ҳамиша файзу-барака аримайди. Сабаби бир дарвозадан ўн оила кириб чиқади. Оилалардаги аҳиллик ва ҳамжиҳатликка кўпчиликнинг ҳаваси келиши тайин. — Тўй қиладиган бўлсак, ўғил-қиз, невара-чевара, қариндош-уруғлар билан бўлиб уч юз нафардан ортиб кетамиз, — дейди ҳожи ота кулиб. — Шунинг ўзи катта бахт эмасми?

1937-1940 йиллар мобайнида армия сафида ўз йигитлик бурчини адо этиб қайтган Зокиржон орадан ҳеч қанча вақт ўтмай Иккинчи жаҳон урушига, фронтга жўнаб кетди. Фашизм босқинчиларга қарши ҳаёт-мамот жангларида 296-дивизия сафида аёвсиз жанг олиб борди.

Урушдан сўнг шаҳримизга шараф билан қайтган Зокиржон ота маълум муддат Темир йўл бўлимида милиция ходими бўлиб фаолият кўрсатди. Марғилон умумий овқатланиш корхонасида, матлубот жамиятларидаги нонвойхоналарда эса уста нонвой бўлиб, халқимизга ҳалол хизмат қилди.

1980 йилдан буён ма-ҳалла оқосоқоли вазифасида сидқидилдан хизмат қилиб келаётган Зокиржон ҳожи ота Ғофуровда ишчанлик, ташаббускорлик ҳамда донишмандликнинг барча ҳислатлари мужассам, десак сира муболаға бўлмайди. Меҳр-оқибат, қадр-қиммат, одамийлик, бағрикенглик фазилатлари туфайли у маҳалла аҳлининг ҳурматига сазовор бўлган. Маҳалладаги ҳар бир тўй ва маросим ҳожи отанинг оқ фотиҳалари-ю, қимматли маслаҳатлари билан ўтади. Маҳалла ҳудудини ободонлаштириш, қабристонларни кўкаламзорлаштириш, сув тармоқларини тартибга келтириш борасидаги ишларда ҳам ҳожи отанинг алоҳида хизматлари бор.

Кўксини безаб турган қатор мукофотлар замирида ҳалигача катта масъулиятни ҳис қилиб яшаётган Зокиржон ота Ғофуровнинг фидокорлигига қанча таҳсин айтсангиз шунча кам.

— Муҳтарам Президентимизнинг биз нуронийларга чексиз хурмат ва эҳтиром тариқасида тақдим этган пул мукофотлари, енгил автомобилларни навбатсиз олиш сертификати, ҳаж ва умра сафарларига йўлланмалар каби қатор имтиёз ва рағбатларидан чексиз қувондим, бошим осмонга етди, -дея тўлқинланиб сўзлайди отахон. — Катталарга ҳурмат, кичикларга иззат кўрсатиб, мамлакатда ҳар соҳада одилона сиёсат олиб бораётган Юртбошимиз ҳамиша омон бўлсинлар! Халқ фаровонлиги, Ватанимиз равнақи ва юрт тинчлиги йўлидаги эзгу ва улкан саъй-ҳаракатлари бардавом бўлсин!

Ўктамжон ЭШОНБОБОЕВ

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube