ОНАМДЕК АЗИЗСАН, БОЛАМДЕК ЛАЗИЗ…

Субҳи содиқ. Ёқут ёзнинг осойишта, фарахбахш тонги отаётир. Бобоқуёш азим тоғлар ортидан мўралаб,олтин кокилларини тарамоққа ошиқаётир. Зар замин самодан тушаётган нур толаларга бурканаётир. Борлиқнинг фусункор таровати қалбларга ватан ишқини солаётир. Беихтиёр Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқованинг кўнглимдан жой олган қуйма сатрлари такрор-такрор ёдимга келаверади.

Субҳи содиқ Ватан деб уйғон…

Уни хиргойи қўшиқ қилиб юмушларимни бажариб юравераман. Тонгги шабнам юзларини ювган қизим менга жўровоз бўлади.

-Субҳи содиқ Ватан деб уйғон…

Сўнг ўғлим..

Қизим бешикда эркаланиб ётган набирамни суяди. «Шеър сизга ҳам ёқаяптими, асалим? Қани Ватан денг-чи, Ватан!, денг, ўғлим!»

Кичкинтой талаффузини келиштиролмай ,ва-ва дейди-ю дўмбоқ қўлчаларини узатиб, қиқирлаб кулади.

Бир лаҳза ўтиб-ўтмай телевизорда оташнафас шоир Муҳаммад Юсуфнинг ғоят таъсирчан, борлиғингни ҳаяжонга солгувчи, ҳар бир сўзида Ватанга муҳаббат туйғулари тўлиб тошган, юракларга мангу қўшиқдек оқиб киргувчи ширадор овози эшитилади. Барчамиз ҳаракатдан тўхтаб шеърни жон қулоғимиз билан эшитамиз. Ҳар бир сўзи оташдек дилга юрт ишқини солиб, туйғуларингни олтин бешикдек тебратади-я. Дунёда Ватан муҳаббатидан кучлироқ меҳру муҳаб-бат йўқдек девонаи Машрабга айланасан, дилдор васли эмас, юрт ишқи куйдиради қалбингиз туб-тубини…

Парижнинг энг гўзал ресторанларин,

Битта тандирингга алишмасман мен…

Кўз олдингизда Парижнинг маҳобатли ва рангин чироқлари камалакдек ёғду таратгувчи ҳашаматли ресторани қад ростлайди. Минг афсуски сониялар ўтмай қалбимизга беҳад қадрдон, онаизоримиз кунда-кунора дам жиззали, дам қаймоқли нон ёпиб бергувчи, оташ ҳарорати юракларга сингиган, четлари бироз учган, ҳатто олов тафтида қорайган бўлса-да бизга дунёдаги энг тотли неъмат ширмой нонларни ҳадя этувчи тандиримиз томон юзланамиз. Оҳ, шоир қандай топиб айтган-а! Қўҳна тандиримиз бунча чиройли экан-а! Наҳотки олдинроқ буни пайқамадим, деган ўй ўтади онгу шууримдан. Шу он онам тандирни оташдек қиздириб, бир сават нонни унинг юзларига қуёш парчасидек ёпиштириб чиқади. Зум ўтмай юзлари лоламонад қизил, ҳиди димоқларга бўйлагувчи янги узилган нон иси атрофни тутиб кетади. Ахир дунёнинг қайси бурчагида жиззали ёки дўлтали ноннинг қиёслаб бўлмайдиган ҳидини туйгансиз? Йўқ, албатта! Бу ифор фақат бизнинг жаннатмакон юртимизда бор! Ҳар куни сават-сават нонларни дастурхонга тўлдирувчи тандирлар бизнинг заминда бор!

Шеър давом этади.

…Сени билганларга қиламан таъзим…

Оҳ, булбулзабон шоирим! Юртини, далалари-ю ҳатто чўлларини ҳам жонидан-да ортиқ суйган Муҳаммадим! Бугун сенинг ватанга бўлган буюк, улуғвор муҳаббатинг ўлмас сатрларинг орқали қўшиққа айланиб, дилида юрт ишқи жилваланаётган кишиларни таъзимга ундамоқда. Қалбида диёр меҳри гуллаган ҳар бир одам сенга таъзимда! Сен ватанни шу қадар самимий куйладинг-ки, сенинг самимий сўзларинг кўнгилларни самимиятга тўлдирмоқда. Юртсеварларга минг бора таъзим бажо келтирган шоир чексиз муҳаббатини изҳор этиб, сўнг надомат-ла бонг уради:

Сени билмасларга раҳмим келади…

Бехос кўзларимда ёш қалқийди. Ўзини англай олмаган, ўз қадрини билмаган кимсаларга шоирнинг ўта таъсирчан совуқ ва холис муносабатидан озорланаман…. Фарзандини, онасини севолмаган одам Ватанини ҳам севолмайди. Ахир оппоқ сочли онаизорининг осойишта умри, дилбандининг камоли Ватан бағрида камолотга етади-ку! Зотан, онанг ҳам Ватан, боланг ҳам Ватан-ку аслида…

Дарҳақиқат, Ватан меҳри, ардоғи ҳамиша қалбимизда, юрак-юрагимизда бўлмоғи лозим. Ватандан-да жонбахш, Ватандан-да буюкроқ, Ватандан-да азизроқ гўша, Ватандан-да улуғроқ, қудратли сўз йўқ бу ёруғ оламда. Ватан меҳри, эл-юрт эъзози улғайтиради кишини. Зотан уни бир лаҳза тарк этмоқ гумроҳлик, қалбан сева олмаслик эса маънан мажруҳликдир.

Қачон ва қай маҳал заминга боқсам, қора тупроқ тиллодек ялтирайди, кафтимга олсам қуёш нурида жилоланади.

-Мана кўргин, дўстим бу оддий тупроқ эмас, бу тилло маъданли зар тупроқ, дейман ҳайратимни яширолмай.

Ҳа-я, дейди дўстим ҳам тупроққа лабларини босиб… Унинг юзларида акс этаётган: оҳ, наҳотки олдинроқ пайқамаган эканман, деган ўйни дарҳол уқаман.

Азиз ватандошим, оёқларингиз остида ётган тупроқни кафтингизга олинг! Қаранг-чи, у  марвариддек товланаяптимикан?!

Оҳ, Ватанининг бир ҳовуч тупроғини жонидан азиз билгувчи, эртага авлодларига қолдиргувчи ерни обод бўстонга, мўъжизакор масканга айлантириш иштиёқида ёниб яшаётган онажон халқим! Бағрингда болаларинг бахтиёр камол топаётган обод ва озод юртда яшашнинг ўзи бир бахт, ўзи бир неъмат, ўзи бир саодат. Зеро, бу дориломон кунларнинг хосияти кўп улуғ ва кутлуғдир. Эй, қалбида қуёш ҳарорати мужассам элдошларим, табаррук кунлар муборак!

Мастурахон САИДМУРОДОВА,

журналист.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube