МУСТАҚИЛЛИК – УЛУҒ  НЕЪМАТ

Айни кезларда озод ва обод юртимизнинг барча гўшаларида халқимиз тарихидаги буюк ва қутлуғ сана Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 26 йиллик байрамига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Ушбу байрам “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон” ғоясини ўзида мужассам этганлиги барчамизни, истиқлолни қадрлашга, энг бебаҳо бойлигимиз-тинчлик ва осойишталикни асраб-авайлашга ундамоқда.

Бугун турмушимиз фаровон, мамлакатимиз тараққиёти илдам, тез ва жадал суръатда юксалмоқда. Юртдошларимиз ўй ҳаёли ширин ташвишлар билан банд, қалблари яратувчанлик ишқи билан лиммо-лим, Мустақиллик бизга нима берди, деганда, ғурур билан: “Ҳурлик, имконият ва ёрқин келажак ҳадя этди”, дейишимизга асосларимиз етарли, келажагимизни ўз қўлимиз билан қуриш йўлида беқиёс имкониятлар очиб берди. Дарҳақиқат, бугун ўтган тарихан қисқа муддатда эришган ютуқларимиз нафақат юртдошларимиз, балки дунё ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этилмоқда.

Ушбу имкониятларга мос равишда одамларимиз дунёқараши тубдан ўзгариб бормоқда. Энди халқимиз собиқ мустабид тузум давридагидек режа учун яшамаяпти. Балки ўз тақдирини ўзи белгилаб, ўзи меҳр қўйган соҳада фаолият юритиш истаги устувор, ўз фаоллиги ва ташаббуси билан юксак марраларга эришишга орзуманд. Фарзандларимизнинг замонавий шароитларга эга мактабларда мукаммал илм олиш ҳуқуқи кафолатланган. Ёш авлод академик лицей, касб-ҳунар коллежлари, мусиқа ва санъат мактаблари, олимпия заҳиралари коллежларида таълим олмоқда. Бу фарзандларимизнинг маънан ва жисмонан баркамол бўлиб улғайишида муҳим замин бўлмоқда.

Мустақиллик — бугун биз эришган юксак марраларга қанот бўлган куч. Бугун юртимизнинг ҳар бир гўшасида бўй кўрсатиб турган озод ва обод Ватан манзаралари, аввало, истиқлол шарофатидандир. Шу боис халқимиз ҳар йили энг улуғ ва энг азиз байрамимизни ўзгача шукуҳ, кўтаринки кайфият билан кутиб олади.

Мамлакатимизда қўлга киритилаётган ютуқлар ва эришилаётган янги-янги марралар ҳақида гапирганда, бу ютуқларнинг туб асосида истиқлолнинг илк кунларидан белгилаб олинган «Инсон манфаати — ҳар нарсадан улуғ», «Инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатлари — энг олий қадрият», «Ислоҳот ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун, унинг фаровон ҳаёти учун», «Ҳамма нарса — инсон учун, унинг келажаги учун» каби кўплаб эзгу даъватлар ва ҳаётбахш ғоялар турганини мамнуният билан тилга оламиз.

Мустақиллик бизга энг аввало ўзлигимизни қайтариб берди. Ким эканимизни, қандай буюк зотлар авлоди эканимизни, ҳеч кимдан кам эмаслигимизни ва ҳеч қачон кам бўлмаслигимизни англаб, ўтган 26 йиллик тарихан қисқа даврда дунё ҳамжамиятида ўз ўрнимизга, ўз сўзимизга эга бўлдик.

Қадр-қимматимиз, таянчимиз ва ифтихоримиз бўлмиш муқаддас Ватанимиз ҳамиша тинч, халқимиз омон, турмушимиз обод ва истиқлолимиз абадий бўлсин!

Фаррух МАДРАҲИМОВ,

шаҳар Давлат архиви бошлиғи.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube