ҲАМЖИҲАТЛИК, МЕҲНАТСЕВАРЛИК НАМОЙИШИ

 

Умумхалқ хайрия ҳашарида Республикамиз бўйича 18,6 миллион нафар ҳамюртларимиз, 79,9 нафар ҳамшаҳарларимиз шундан 56,2 минг нафар ёшлар фаол иштирок этишди.

Республикамизда  18-19 август кунлари “Фидойинг бўлгаймиз, сени Ўзбекистон!” шиори остида ташкил этилган умумхалқ хайрия ҳашари ўзбекона меҳнатсеварлик, инсонпарварлик ва ҳамжиҳатлик рамзига айланиб, шаҳримизда кўтаринки рух ва уюшқоқлик билан ўтказилди.

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди шаҳар Кенгашида тузилган умумхалқ хайрия ҳашари шаҳар штаби маълумотларига кўра икки кун давомида 131 гектар майдон ободонлаштирилиб, 57 минг метр ариқ ва сув шахобчалари тозаланди. Шаҳримиздаги барча хиёбонлар, зиёратгоҳ ва 16 тақабристонлар тартибга келтирилди. 61 минг тупдан зиёд манзарали дарахт ва кўчатларга шакл берилиб, оқланди, кўплаб мавсумий гул кўчатлари ўтқазилди. Шаҳар ҳудудидан 218 тоннадан ортиқ чиқинди белгиланган жойга чиқариб ташланди.

Ҳар бир маҳалладаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, якка-ёлғиз қарияларнинг уй-жойлари ҳашар йўли билан таъмирланди.

Эҳтиёжманд оилаларга, ногирон ва ёлғиз қарияларнинг ҳолидан хабар олиниб, моддий ёрдам кўрсатилди ҳамда ногиронларга махсус аравачалар топширилди. Ана шу эзгу мақсадлар учун хусусий секторнинг ўзидан 214 миллион сўм маблағ ажратилди.

М.Мирзажонов.

***

Шунингдек, умумхалқ хайрия ҳашарида шаҳримиздаги “Ипак йўли” ва “Тут таги” МФЙ ходимлари, айниқса маҳалла ёшлари зўр уюшқоқлик билан иштирок этдилар. Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан ҳудудлардаги кўчалар, кўп қаватли аҳоли турар жойлари, ва қабристонлар обод этилди, мевали ва манзарали дарахтлар оқланди. “Бурхониддин Марғиноний” мажмуасида ўтказилган ободонлаштириш ишларида эса “Пичоқчи” МФЙнинг бир гуруҳ фаол ёшлари – Илхом Мамажонов, Аҳмадали Сидиқов, Мансур Тиллабов ва Бахром Мукаррамовлар жонбозлик кўрсатдилар.

Бир сўз билан айтганда, умумхалқ хайрия ҳашари халқимиз ҳамжиҳатлигининг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.

А.МАНСУРОВ.

***

Халқимиз ҳаётида ҳашарнинг аҳамияти катта. Зеро, ҳашар туфайли гўзал диёримизнинг ҳар бир гўшаси – шунингдек, шаҳримизда изчил амалга оширилаётган эзгу ишлар кенг қулоч ёзди, ҳудудларимиз обод қилиниб, ораста кўринишга келтирилди.

Умумхалқ хайрия ҳашарида 1-умумий ўрта таълим мактаби жамоасида айни шу фазилатлар яна бир карра намоён бўлди. Шу куни 71 нафар ходимлар фаол иштирок этиб, улардан 31 нафари ёшларни ташкил этди. Ҳашарда мактаб ҳудуди маиший чиқиндилардан тозаланиб, 180 кв.метр майдон ободонлаштирилди, 106 метр ариқ ва лотоклар тозаланди, 46 туп дарахтларга ишлов берилди.

Шунингдек, 3-умумий ўрта таълим мактаби жамоаси ҳам ҳашарда фаол қатнашди. Шанбалик давомида Алишер Навоий номли маҳалла ҳудуди ахлат ва бегона ўтлардан тозаланди, мактаб биноси пештоқлари байрамона безатилди, тозалаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Мактаб ҳовлиси тартибга келтирилиб, гулхоналар тозаланди ва ахлат чиқиндилари чиқариб ташланди. Байрамолди кайфиятида ўтказилган шанбаликда педагоглардан Ш.Алижонова, М.Халилова, Г.Жўрахўжаева, ишчилардан Ф.Расулов, О.Рахмоновлар астойдил меҳнат қилдилар.

Дилрабохон УСМОНОВА.

Д.РАҲМОНОВ олган сурат.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube