КЎНГЛИ ЯРИМЛАР ЭЪЗОЗЛАНДИ

Юртимизда қутлуғ байрамлар арафасида кам таъминланган оилалар, боқувчисини йўқотганлар, кўнгли ярим инсонлар ҳолидан хабар олиш, совғалар билан сийлаш, хайрия дастурхонлари ёзиш яхши анъанага айланиб қолган. Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида шаҳримизда истиқомат қилаётган шундай кишилардан 150 нафарига “Шанхай” миллий таомлар мажмуасида байрам дастурхони тузалиб, хайрия оши тортилди.

Шаҳар ҳокими Мирзоҳид Убайдуллаев хайрия тадбирига тўпланганларни Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги байрами билан самимий муборакбод этди. Юртимизда ҳеч бир киши ирқи, миллати, диний қарашидан қатъий назар давлатимиз эътибори, ғамхўрлиги ва ҳимоясида эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Тадбирда болаликдан ногирон бўлган Янгиобод маҳалласида истиқомат қилувчи Сардорбек Мамажонов ҳамда Ёрқин маҳалласида яшовчи Фирдавсбек Мўминовларга ҳар томонлама қулай, замонавий ногиронлик аравачалари тортиқ қилинди.

Шунингдек, сўнгги нусхадаги ногиронлик аравачалари байрам арафасида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари Абдуҳамид Солиев, Мухтор Ўринбоев, Дадабой Аҳмадалиев, Акрам Ҳакимов, Жамол Жалиловларга ҳам кенг жамоатчилик иштирокида тантанали равишда топширилди.

Шуниси эътиборлики, қулай ҳаракат воситасига эга бўлган уруш фахрийлари аравачалар билан фарзандлари кузатувида муборак ҳаж сафарига жўнаб кетдилар.

Ўз мухбиримиз.

Д.РАҲМОНОВ олган сурат.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube