СИФАТ – МУВАФФАҚИЯТ ГАРОВИ

“Natsional Silk Сotton” масъулияти чекланган жамияти маҳсулотлари

буюртмачиларга манзур бўлмоқда

Шаҳримиздаги энг ёш саноат корхоналаридан бири “Natsional Silk Сotton” МЧЖ жамоаси маҳсулот сифатига юксак эътибор туфайли иқтисодий-техникавий кўрсаткичларини мунтазам яхшилаб бормоқда. Зеро, бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ички ва халқаро сифат мезонлари талабларига тўла жавоб беради.

Ҳозир ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг аксарият қисми ички бозорда сотилмоқда. Аммо, сўнг-ги ойлардаги ташқи бозор талаб ва эҳтиёжларини чуқур ўрганиш, маҳсулот экспорти имкониятлари борасидаги ҳамкорлик ҳаракатлари туфайли жамият жорий йил учун 43,5 минг АҚШ доллари миқдорида буюртма олди. Демак, эндиликда жамият маҳсулотлари ташқи бозорда ҳам сотила бошлайди. Яъни, энди корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулотлар «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» рамзий белгиси билан хорижий давлатларга ҳам етиб боради. Хўш, қисқа муддатда ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши, маҳсулот сифати юксалиб ташқи бозорга чиқишининг сири нимада?

Аввало айни кунларда тоза ип калавалар ва ундан тайёрланган маҳсулотларга талаб ва эҳтиёж юқори. Хусусан, ип калавалар енгил саноатда истеъмол буюмлари ишлаб чиқаришда кенг қўлланилади. Қолаверса, табиий, экологик тоза, инсон саломатлигига безиён ипли тўқима газламалар буюртмачилар учун энг мақбул маҳсулотлардир. Жамиятда эса айнан ана шундай сифатли, табиий тоза маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.

Бундан икки йил аввал Республика Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида ташкил этилган мазкур масъулияти чекланган жамият жамоаси ўз олдига бир йўла бир неча мақсадларни қўйган эди. Маҳаллий хом ашёдан ип калава, тўқув маҳсулотлари ишлаб чиқариш, маҳсулот сифатини мунтазам яхшилаш ҳисобига ташқи бозорга чиқиб мамлакат экспорт салоҳиятини юксалтириш, янги иш ўринлари яратиш ана шулар жумласидандир. Бугун жамиятда бу борада кўзда тутилган вазифаларни тўлиқ бажаришга эришилмоқда.

Масъулияти чекланган жамият таркибида 2 та — йигирув ва тўқув корхоналари мавжуд бўлиб, ҳозир уларда 119 нафар киши иш билан банд. Ҳозирнинг ўзида тўрт томонлама шартнома асосида ишга қабул қилинган ёш ишчилар — коллеж битирувчиларининг сони 20 нафардан ошиб кетди.

Улар томонидан 20-1 ва 34-1 ўрамдаги сифатли ип калавалар, тўр (вафелли) сочиқ, диогонал ҳамда брезент тўқима маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг биринчи ярмида жамоа томонидан 390 тоннадан зиёд минг погон метрдан калава ип, 1200 минг погон-метр сочиқ, 200 минг погон-метрдан диогонал ва брезент тўқув маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, шартномалар ижроси зиёди билан уддаланди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 30 фоиз кўпдир. Энг муҳими ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатидан буюртмачилар мамнун. Бу эса муваффақиятлар гарови, янги шартномалар тузиш имкониятини кенгайтириш омили бўлмоқда.

— Эришаётган натижаларимизда сўзсиз истиқлолимиз шарофати билан юртимизда тадбиркорлар учун яратиб берилаётган беқиёс имконият ва имтиёзлар, қулай ишбилармонлик шароити муҳим аҳамият касб этмоқда,-дейди жамият раҳбари Мақсуджон Каримов. — Тадбиркорлик фаолиятига бўлган юксак эътибор ҳамда ғамхўрлик жамиятимиз аъзоларига кўтаринки руҳ, ғайрат шижоат бахш этмоқда. Шу боис улар бугун кечагидан, эртага эса бугунгидан унумли ва сифатли ишлашга интилишмоқда. Бунда А.Мирзаев, Ж.Худоёржонов, Ж.Абдураимов, И.Зокирова, Б.Озоджонов, А.Мадъярова, Р.Собиров, М.Норхўжаева, Д.Усмонова, Д.Рахимова, Х.Жиянова, М.Мўминова, О.Солиев сингари ишчи хизматчиларимиз барча ҳамкасбларига ўрнак бўлишмоқда.

Айни ана шундай фидоий ходимларимизнинг меҳнати билан юртимиз мустақиллигининг 26 йиллигини муносиб натижалар билан кутиб оляпмиз. Режаларимиз эса янада юксак.

Ёш жамоанинг, ёш изланувчан раҳбари режалар борасида ишлаб чиқаришни модернизациялаш, маҳсулот турларини кўпайтириш, ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириш ҳақида тўлқинланиб гапирди. Дарҳақиқат, жамиятда ҳозирнинг ўзида Хитой ва Чехиядан келтирилган энг унумли ҳамда замонавий дастгоҳлардан фойдаланилмоқда. Бу замонавий йигирув дастгоҳлари ишлаб чиқаришда қўл меҳнати билан амалга ошириладиган иккита жараёни қисқартириш, маҳсулот сифатини жаҳон стандартлари талаблари даражасига кўтариш унумдорликни кескин ошириш имконини бермоқда. Келгусида тўқув цехида ҳам ана шундай модернизация тадбирларини амалга ошириш кўзда тутиляпти.

Шунингдек, жамият жамоаси республикамиз ва чет элларда ташкил этилган кўргазма-ярмаркаларда иштирок этиб, харидорлар сафини кенгайтиришга ҳам астойдил ҳаракат қилмоқда. Пировардида жорий йилда жамоа маҳсулотларини илк бор хорижга жўнатиш имконияти вужудга келди.

— Маҳсулот экспорти масаласи, -дейди жамият иқтисодчиси М.Хамроалиев, — жуда мураккаб амалиёт. Мазкур жараённинг ичига кириб бунга янада кўпроқ амин бўляпмиз. Чунки, экспорт мамлакат нуфузи, мустаҳкам ҳамкорлик, юқори сифат, ишончли ва жозибали реклама каби қатор омилларни ўзида мужассамлаштирган нозик дипломатия экан. Аммо, республикамизда маҳаллий корхоналарнинг рақобатбардошлигини ва молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш мақсадида кўрилаётган чора-тадбирлар, тақдим этилган кафолатли ҳуқуқий асослар ташқи бозорда ўз ўрнимизни топиш учун интилишимиз, бу борадаги саъй-ҳаракатимизга янги куч, янги руҳ бағишламоқда. Шундай экан, яқин келажакда экспорт салоҳиятимиз юксалиб, мамлакатимизнинг илғор корхоналари сафидан муносиб ўрин олишга янада астойдил ҳаракат қиламиз.

Сўнгги йилларда шаҳримизда экспортёр корхоналар, ноёб ишлаб чиқариш субъектлари сафи тобора кенгайиб бормоқда. Улар орасида “Natsional Silk Сotton” масъулияти чекланган жамияти ҳам ўзига хос ўрнини топмоқда. Зеро, жамият жамоаси юқорида таъкидланганидек, юксак сифат билан, жадал ва унумли ишламоқда. Яратилган имконият ҳамда қулай шарт-шароитлар эса мазкур жамоани янги-янги марралар сари ундамоқда.

Муродилла МИРЗАЖОНОВ,

ўз мухбиримиз.

Д.РАҲМОНОВ

олган суратлар.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube