УСТУВОР ВАЗИФАЛАР БЕЛГИЛАБ ОЛИНДИ

Бугун юртимизда сиёсий партиялар фаолиятини янада жонлантириш муҳим жараёнга айланиб, тизимдаги иш услубини янгича ва самарали ташкил этиш бўйича таклиф ва тавсиялар, чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.

Шаҳар партия Кенгашининг VIII пленумида алоҳида таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” деб номланган маърузаси сиёсий партияларни жонлантирувчи ва қайтадан ҳаракатга келтирувчи куч сифатида катта ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Сиёсий партиялар фаолиятида етилган долзарб масалалар, камчиликлар ечимини топиши, сайловолди дастуримизда илгари сурилган кўпгина вазифаларни, жумладан, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларини ривожлантиришга доир таклифларни ўрганиш, зарурлиги Пленумда таъкидлаб ўтилди.

Пленумда сўзга чиққан, шаҳар Кенгаши депутати Рашид Аминов партиянинг шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳининг жорий йилдаги фаолиятини танқидий таҳлил этар экан, шаҳарда бир қатор долзарб масалалар, аҳолини ташвишга солаётган муаммолар мавжуд бўлган бир
пайтда, ўтган давр давомида сессияларда прокуратура, ички ишлар органлари ҳамда соғлиқни сақлаш тизимлари фаолиятининг айрим йўналишларидан ташқари, муҳим масалалар муҳокама этилмагани ёки, бирор соҳада ташаббуслар билан чиқилмаганини эътироф этиб ўтди.

Пленумда вилоят партия Кенгаши мутахассислари томонидан маҳаллий депутатлик гуруҳлари фаолиятидаги сусткашлик, партия билан узвий боғлиқликнинг етарли даражада бўлмаётгани, шу билан бирга жорий йилнинг май ойида партия ташаббуси билан “Адолат — қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ходимлар меҳнат фаолиятига оид ҳужжатларни давлат архивларига топшириш, жойларда ушбу соҳага оид қонунчиликка амал қилиш ҳолатлари юзасидан жамоатчилик назорати тартибида олиб борилган ўрганиш ишларида депутатларнинг иштироки кутилганидек бўлмагани танқид остига олди.

Шунингдек, йиғилишда сайловчилар билан олиб борилаётган юзма-юз мулоқотни янада кучайтириш, БПТлари ташаббускорлигини ошириш, ёшларнинг сиёсий фаоллиги, айниқса, уларнинг уюшмаган қатлами билан ишлаш услубларини қайта кўриб чиқиш ва шу каби бир қатор муҳим масалалар муҳокама этилди.

Пленумда кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди ва ижрога йўналтирилди.

Исмоил МЎМИНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП шаҳар Кенгаши раиси.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube