КОРРУПЦИЯ – ЖИДДИЙ ХАТАР унга қарши муросасиз бўлайлик

Коррупция ҳар қандай давлат, ҳар қандай жамият тараққиётига тушов, сиёсий-ижтимоий барқарорлик, демократик ўзгаришлар борасида жиддий хатар эканлиги бугун ҳеч кимга сир эмас. Шу боис мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш борасида қатъий чоралар кўрилмоқда. Жумладан, коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси тузилиб, изчил фаолият юритмоқда. Шу кунларда эса давлатимиз раҳбари топшириғига биноан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Олий Суди раиси, Ички ишлар, Адлия вазирлари, Давлат божхона ва Солиқ қўмиталари раислари, Республика банклари раҳбарлари иштирокида «Адолатли жамият қуриш ҳамда фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида коррупцияга қарши муаммолари» мавзусида учрашув ва мулоқотлар ўтказилмоқда.

Бу қатъий ва изчил чоралар Президентимиз ташаббуси билан мухокамага киритилган ва Олий Мажлис қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенат томонидан маъқулланган Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги (2016 йил 24 ноябр) Қонуни ижросини таъминлаш юзасидан кўрилмоқда. Зеро, мазкур қонун коррупцияга қарши кураш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тўлиқ тартибга солишга хизмат қилади. Ушбу қонун давлат органлари, жамоат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари томонидан амалга оширилаётган коррупцияга қарши чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш орқали жамиятда коррупциянинг ҳар қандай кўринишига тоқат қилмаслик муҳитини яратишга омил бўлмоқда.

Шунингдек, мазкур қонун ижроси юзасидан кўрилган чоралар халқимиз бирдамлиги, ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлашга, одамларнинг давлатга, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда назорат идораларига нисбатан ишончини оширишга хизмат қилди.

“Адолатли жамият қуриш ҳамда фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида коррупцияга қарши кураш муаммолари” мавзусидаги учрашувларда, жиноятчиликни олдини олиш профилактикаси тадбирлари жараёнларида олиб борилаётган тарғибот ишлари, кўрилаётган чоралар туфайли аҳолининг кўплаб ижтимоий муаммолари жойида ҳал этилмоқда, жиноятчилик сезиларли даражада камаймоқда.

Бироқ, шу билан бирга коррупция учун имконият яратилишига баъзан фуқароларнинг ўзи ҳам замин яратаётганидан кўз юмиб бўлмайди. Масалан, фарзандларини боғчага, мактабга юборганда ёки даволанганларида мутасадди ва шифокорларга пул, совға бериб уларни таъмагирликка ўргатиб қўймоқдалар. Шу ўринда бир жиҳатни эслатиб ўтиш жоиз. Қонунда пора берган ва олган, воситачилик қилганларга қатъий чоралар белгиланган. Халқ билан ўтказилаётган мулоқотлар бу ёмон иллатни фош этишда яхши самара бермоқда. Шунингдек, ахборот коммуникация технологияларидан самарали фойдаланилаётганлиги яъни ошкоралик, очиқлик ва шаффофликни таъминланиши ҳам бу иллатга ишончли тўсиқ бўлиб хизмат қилмоқда.

Шундай экан, жамиятимиз тараққиётига, давлатимиз равнақига ғов бўладиган коррупция жиноятига қарши барчамиз биргаликда курашайлик. Бу хатарли иллатга қарши оиламизда, маҳалламизда, жамоамизда, демак бутун мамлакатимизда муросасиз муҳитни яратайлик!

Ш.НУРМАТОВ,

Фарғона транспорт прокурорининг ёрдамчиси.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube