ЧИҚИНДИЛАРДАН УНУМЛИ ФОЙДАЛАНИШ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 апрелдаги “2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори халқимизга санитария хизматлари кўрсатиш, сифатини оширишда муҳим қадам бўлди.

Ушбу қарор шаҳар кўчаларида ахлат уюмларининг тартибсиз равишда тўпланиб, сочилиб ётиши ва атроф муҳит ифлосланишининг олдини олишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Шаҳар ва туманларда аҳоли сони йилдан йилга ўсиб бораётганлиги, шунингдек ҳудудларда чиқиндиларни тўпланиши аҳоли истиқомат қиладиган ҳудудларда айниқса шаҳарларда экологик шароитларнинг ёмонлашувига сабаб бўлмоқда. Чиқиндилар қандай офатларга олиб келишини ва охири қандай тугашини ҳаммамиз яхши биламиз. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, авайлаб-асраш, ундан оқилона фойдаланиш дунёдаги барча давлатлар учун ҳос бўлган хусусиятлардан биридир.

Аҳоли томонидан юзага келган ташаббусларга кўра чиқиндиларни саралаш, яъни қоғозларни махсус қоғоз деб ёзилган чиқинди анжомларига, пластмасс чиқиндиларни пластмасс деб ёзилган чиқинди анжомларига, шиша чиқиндиларини шиша деб ёзилган махсус шиша анжомларига ва темир чиқиндиларини эса махсус темир деб ёзилган чиқинди анжомларига ташлаш таклифлари киритилди. Бу таклифлар эса ҳам давлат томонидан, ҳам тадбиркорлар томонидан тўла қўллаб-қувватланди. Чунки қоғоз, шиша, темир ва пластмасс чиқиндилар қайта ишланса мамлакат иқтисодиёти сезиларли даражада фойда кўриши маълум бўлди.

Бунинг учун тадбиркорларни жалб этиш, марказий кўчаларга, маҳалла ҳудудларидаги белгиланган жойларга турли хилдаги чиқиндилар учун махсус анжомларни қўйиш лозим. Дастлаб албатта боғчаларда, мактабларда ва маҳаллаларда тушунтириш ишларини олиб бориш лозим. Аҳоли томонидан келиб чиқадиган чиқиндиларни яъни, темир, шиша, пластик ва қоғоз чиқиндиларни қайта ишлаб, уларни мамлакатимиз саноатининг турли тармоқларида қўллаш бир томондан мамлакатимиз иқтисодиётини хом ашё билан таъминлашда, иккинчи томондан эса экологик муҳитни яхшилашда муҳим омил бўлиб хизмат қилган бўлар эди.

Юқоридаги қарорга мувофиқ ишлаб чиқилган чора тадбирлар режасига кўра, вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳузурида “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси ташкил этилиб, 137 та техникалар билан таъминланади. Шу билан бирга шаҳар туман бўлимлари 2017-2018 йиллар давомида жами 31,1 млрд. сўмлик қўшимча 154 та махсус техника ва ускуналар билан жиҳозланади.

Вилоятимизда юзага келган экологик вазият таҳлили шуни кўрсатадики, чиқиндилар аҳоли саломатлигига жиддий хавф солади ва атроф – муҳитнинг ифлосланишига олиб келади.

Чиқиндилар билан кўр-кўрона муносабатда бўлиш бу атроф-табиий муҳитнинг офати бўлса, тадбиркорлик билан ҳаракат қилинса чиқиндилар даромад манбаига айланади. Сўнгги вақтларда қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш соҳаси бўйича хусусий тадбиркорлик кенг ривожланмоқда. Хусусан, вилоятимизда чиқиндиларни утилизация қилиш, қайта ишлаш корхоналарини ташкил қилиш, бунинг учун тадбиркорларни жалб этиш масаласи бўйича алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан вилоятда 30 дан ортиқ чиқиндиларни қайта ишловчи корхоналар мавжуд.

Эътироф этиш лозимки, бугун чиқиндини қайта ишлаш, ундан иккиламчи маҳсулот олиш иқтисодиётнинг муҳим йўналишига айланиб бормоқда. Вилоятимиз кичик корхоналарда ўрик данагини махсус технология ёрдамида қайта ишлаб, саноат корхоналарида тозалаш вазифасини ўтовчи – кўмир гранулалари тайёрланмоқда. Мазкур корхонада бугун 100 нафарга яқин коллеж битирувчилари иш билан таъминланган. Шунингдек, бу ерда пластик идишларни қайта ишлаш орқали штапел толаси ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилган бўлиб, тайёр маҳсулот ички бозорга чиқарилмоқда. Бундан ташқари, шаҳардаги яна бир кичик корхонада автомабилларнинг яроқсиз шиналари қайта ишланиб, пишиқ ва бежирим йўл қопламалари ишлаб чиқариляпди. Бир сменада тайёрланаётган 40 квадрат метр маҳсулот спорт комплекслари, хонодонлар ва муассасалар полини безамоқда. Хориж тажрибасини ўзлаштирган тадбиркорнинг ҳаракатлари туфайли чиқитга чиқарилиб, ёқиб юбориладиган шиналар фойдали маҳсулотга айланмоқда. Шунинг-
дек, Қувасой шаҳридаги “Кварц” акциядорлик жамиятида ҳам синиқ ойна, яроқсиз шиша маҳсулотлари чиқиндиларидан автомобиль ва мебель саноати учун тобланган ойналар ишлаб чиқарилаётганини алоҳида қайд этиш лозим.

Чиқиндиларни қайта ишлаш ҳисобига аҳолининг кенг қатламлари учун янада қулай шароит яратилади. Юртимизда экологик тоза муҳитни барқарорлаштириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, атроф- муҳит озодалигини назорат қилиб бориш орқали чиқиндиларнинг шаҳар ва қишлоқларимиз ҳуснига доғ туширмаслиги таъминланади.

Ф.СОТВОЛДИЕВ

Фарғона вилоят Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг чиқинди инспекцияси бошлиғи.

Г.ТЎХТАСИНОВА

Фарғона вилоят Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси мутахассиси.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube