ҚАНДЛИ ДИАБЕТ

Қандли диабет моддалар алмашинуви бузилиши билан кечадиган, қондаги қанд миқдори ошишига сабаб бўлувчи омиллар билан характерланувчи касалликдир. Бунинг негизида инсон организмида инсулин етишмаслиги кузатилади. Дунё миқёсида қандли диабетга чалинганлар сони кундан кунга кўпайиб бормоқда. Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти маълумотига кўра, 2013 йилда қандли диабет билан дунёда 366 миллион аҳоли назоратда турган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 480 миллионга етиши тахмин қилинмоқда.

Касалликнинг олдини олиш чоралари: Қандли диабетнинг 1-тури аутоиммун касалликлар тоифасига кириб, унинг олдини олиш тиббиётнинг долзарб вазифаларидан бирига айланмоқда. Афсуски, бу муаммо дунё олимларини ҳам ташвишга солиб, касаллик ечимига шу кунга қадар аниқлик киритилмаяпти. Ушбу касалликка қарши курашда беморнинг соғлом турмуш тарзига амал қилиш муҳим ўрин эгаллайди. Бунинг учун жисмоний зўриқишдан сақланиш, тана вазнини меъёрида ушлаб туриш, тамаки ва алькоголли маҳсулотларни иложи борича истеъмол қилмаслик керак.

Касаллик белгилари қуйидагича кечади: чанқаш, тез-тез пешобга чиқиш, холсизлик, чарчоқ, мадорсизлик, асабийлик, тана вазни камайиши (одатда Қандли Диабетнинг 1-турида яққол кузатилади), кўнгил айниши (баъзан қайт қилиш), кўриш қобилиятида бузилиш билан кечади. Қандли диабетнинг 2-турида айни шу белгилар узоқ вақт кузатилмаслиги мумкин. Бунинг натижасида касаллик ташхиси кеч қўйилади. Моддалар алмашинувининг бузилиши рўй берган шахсларда қандли диабет билан касалланиш даражаси юқорироқ бўлади.

Хавф гуруҳидаги шахсларга ортиқча вазнга эга шахслар, яқин қариндош-уруғида қандли диабет билан оғриган бемори борлар, юрак ишемик хасталигини (миокард инфаркти, инсульт) бошидан ўтказганлар, кам ҳаракатли ҳаёт тарзига амал қилувчилар киради.

Касалликни даволаш: қандли диабетнинг 1-турида парҳезли овқатланиш, жисмоний фаоллик ва организм эҳтиёжига қараб инсулин қабул қилиш асосий даво ҳисобланади. Қандли диабет 2-турини даволаш кўп қиррали бўлади: парҳез, жисмоний ҳаракат (жисмоний фаоллик: ёшга, қандли диабет асоратлари, сурункали касалликларни ҳисобга олган ҳолда индивидуал шаклда белгиланади). Умумий тавсияларга қуйидагилар киради: кунига 30-45 минут, хафтасига 150 минутдан ортиқ мунтазам равишда ўрта интенсивликда пиёда юриш, сузиш, велосипедда учиш, қанд миқдорини пасайтирувчи дорилар (таблеткалар ёки инсулин), тана вазни, қон босими, липидларни меъёрлаш ва ўзини-ўзи назорат қилиш ва мунтазам парҳезга амал қилишдир.

Парҳездан мақсад: овқатланиш тартибини тўғри ташкил этиш, организмга углеводнинг зарур миқдорида бўлишини йўлга қўйиш ҳамда беморнинг кайфияти ва иш фаолиятини кўтарувчи муҳит яратиш зарур.

Парҳез белгиларнинг умумий характеристикаси: қандли диабет билан хасталанган беморлар мунтазам ва маълум вақтга риоя қилган ҳолда овқатланишлари зарур. Парҳезда беморлар озиқлантирувчи моддалар миқдорига қаттиқ риоя қилишлари зарур. Қандли диабетга чалинган беморлар кўпроқ сабзавотлар (картошка, маккажўхори ва дуккаклилардан ташқари) истеъмол қилишлари зарур. Сабзавотларнинг калорияси унчалик баланд бўлмаса ҳам, таркибида инсон организмига зарур бўлган минерал тузлар ва витаминлар бўлишига аҳамият бериш зарур. Бу касалликка чалинган беморлар суюқликларни кўп ичишлари, аммо оддий шакар қўшилган ширин ичимликлар истеъмол қилмаслиги зарур. Чанқоқни қондириш учун минерал сувлар, лимонли чой ёки томатли соклар ичилгани маъқул. Картошкали, макаронли, ёрмали суюқ, сутли, овқатлар ва гўшт маҳсулотлари, мева, ёғлар меъёрлаштирилади. Овқатни илиқ ҳолда бир кунда 4-5 маҳалга тақсимлаб истеъмол қилиш керак.

Касаллик асоратлари: узоқ вақт мобайнида қонда қанд миқдори меъёридан юқори бўлиши оқибатида айрим асоратлар, яъни кўрлик, буйрак етишмоқчилиги, оёқларда қорасон, инфаркт ва инсулт юзага келади. Товонда юзага келадиган ҳар қандай муаммо (шикастланиш, шилиниш, яллиғланиш) юзасидан қандли диабетни даволовчи жарроҳга мурожаат қилиши лозим. Шу билан бир қаторда, қон босими, липидлар, тана вазнини меъёрлаш ва ўзини ўзи назорат қилиш керак бўлади. Асоратларни олдини олиш учун беморлар қондаги қанд миқдорини меъёрига яқин кўрсаткичда ушлаб туриши лозим.

Толибжон ҒАНИЕВ,

Фарғона вилояти эндокринология диспансери умумий эндокринология бўлими мудири, олий тоифали шифокор.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube