ЭРТА НИКОҲНИНГ САЛБИЙ ОҚИБАТЛАРИ

Мамлакатимизда оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш, айниқса, қизларнинг замонавий билим ва ва касб-ҳунар эгаллашлари учун барча шарт-шароит яратилган. Бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар хотин-қизларнинг оила ва жамиятдаги нуфузини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутмоқда. Зеро, бугунги кунда қизлар, яъни бўлажак оналарни оила қуришга жисмоний ва руҳий жиҳатдан тайёрлаб бориш, пировардида соғлом, баркамол авлодни вояга етказиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Айтиш жоизки, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, айрим жойларда ота-оналар хоҳиш-истаклари туфайли қизларни эрта турмушга бериш ҳолатлари учраётгани кишини ташвишлантиради. Очиғини айтиш керак, айрим ота-оналарнинг никоҳ, оила тўғрисидаги юзаки қарашлари натижасида ҳали ҳаётда муносиб ўринга эга бўлмаган, ҳам руҳан, ҳам жисмонан оила қуришга тайёр бўлмаган қизлар тақдири аянчли кечмоқда. Бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида коллеж ва маҳаллаларда тарғибот-ташвиқот ишларини изчил йўлга қўйилган. Ота-оналар ва ёшлар билан алоҳида суҳбатлар ташкил этилиб, фарзандларининг таълим олишлари, ҳунар эгаллашлари зарурлиги, эрта турмуш қуриш ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий томонлари атрофлича тушунтирилмоқда.

Соғлом никоҳ учун турмуш қуришнинг энг қулай даври қизларда 20-22 ёш, йигитларда эса 23-25 ёшни ташкил этади. Қизларни эрта турмушга бериш бир қанча муаммоларни келтириб чиқаради. Чунки бу даврда улар ҳали ўсмирлик даврини бошдан кечираётган, ўта таъсирчан, физиологик жиҳатдан тўлиқ, ривожланмаган, жисмоний ва руҳий ҳолати барқарорлашмаган бўлади. Натижада фарзанд кўриш учун тайёр бўлмаган ёш организмда ҳомиладор бўлиш ҳолатлари кечикади ҳамда бу келгусида оиланинг ажраб кетишига олиб келиши мумкин. Ё аксинча, эрта фарзанд кўриш ёш она ва ундан туғилажак бола соғлиғига ҳам хавф туғдиради. Бунда ҳомила тутиши, ҳомиладорликнинг оғир кечиши, экстрагенитал касалликларнинг авж олиши, гўдакнинг нимжон ривожланиши, эрта ва нисбатан кам вазнда туғилиш ҳолатлари кўпроқ учрайди. Психологик жиҳатдан олиб қаралганда, 17 ёшли қизларда кўпинча ҳали болаликка хос қарашлар сақланиб туради. Шу боис уларда оилавий муносабатлар ва жамиятдаги ҳодисаларга нисбатан эмоционал, романтик қарашлар кучлироқ бўлади. Ана шу нуқтаи назардан айтганда, эрта турмушга бериш қизларни нафақат жисмонан мажруҳ қилади, балки уларга руҳий жиҳатдан салбий таъсир ўтказади. Айни чоғда мутахассислар томонидан ёшларни оилавий муносабатларга кўниктириш, уй-рўзғор юмушларига ўргатиш ва уларнинг бу ҳақдаги тушунчаларини кенгайтириш зарурлиги қайд этилаётгани бежиз эмас.

Дарҳақиқат, оила мустаҳкамлиги, аввало, отаонанинг масъулиятига, уларнинг фарзанд тарбияси ва хонадонда соғлом муҳитни шакллантириш билан боғлиқ қарашларининг якдиллигига бевосита боғлиқ.

И.НОСИРОВ,

Халқ депутатлари шаҳар Кенгаши депутати.

Р.МАХМУДОВА,

рухшунос.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube