ФИҚҲ ИЛМИНИНГ СУЛТОНИ

Буюк аллома ислом қонуншунослигининг йирик намоёндаси Бурҳониддин Марғиноний 1123 йил 23 сентябрда Марғилон вилоятининг Риштон кентида зиёли оилада туғилди. Бурҳониддин Марғиноний Буҳоро, Самарқанд ва бошқа шаҳарлардаги бир қатор мадрасалар, хусусан Марғилондаги Пир Сиддиқ мадрасасида таълим олди. Бобоси Абу Ҳафс Умар аз-Зандорамаший билан 9 ёшида Марғилонга келадилар ва бу ерда таълим олиб, мукамалликка эришадилар. Ўз ҳаётларини косибчилик билан топган дастмоялари ила ўтказадилар. Ул муборак зот илм олишни бир дам тўхтатмаганликлари учун ўз замондошлари бўлган олимлардан ўзиб кетганликларини ёзиб қолдирганлар.

Жаҳон хуқуқшунослигида катта ўрин эгаллаган, араб-мусулмон ҳуқуқчилиги-шариатни мукамалликка етказган бобомиз “Бурҳонид-дин” яъни ислом ва шариатнинг рад қилиб бўлмайдиган мутлоқ исботи” фахрий унвони соҳибидир.

Алломанинг ислом ҳуқуқшунослигига оид 10 та асаридан 6 таси бизгача етиб келган. Машҳур “Ҳидоя” (тўғри йўлга бошловчи) шоҳ асарининг биринчи қисми бўлган “Дафтари аввал” Пир Сиддиқ мадрасаси чиллахонасида рўза тутиб ёзилган деган маълумотлар бор.

Узоқ йиллик мусофирлик ва риёзатлардан сўнг Бурҳониддин Марғиноний ўз даврининг йирик олимига айланади. У 20 йил давомида Самарқанд Шайхуисломи юксак лавозимида ишлайди.

Бурҳониддин Марғиноний 1197 йил 29 октябрда Самарқандда вафот этади. Марғиноний авлодлари Мовароуннаҳрда узоқ йиллар шайхуислом даражасида фаолият кўрсатишган.

Бурҳониддин Марғиноний “Ҳидоя” асари бир қатор хорижий тилларга таржима қилинган.

Бурҳониддин Марғиноний жамғармаси буюк олимнинг ибратли ҳаёти ва бой илмий меросини ўрганиш ва халқимиз ўртасида кенг тарғиб қилишдек шарафли ишни бажариб келмоқда. Меҳнат ва ўқув жамоаларида, маҳаллаларда олимлар билан учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Жамғарма ташаббуси билан аллома қадамжоларига илмий-тадқиқот экспедициялари уюштирилмоқда, китоблар ёзилиб, нашр этилмоқда.

Бугун алломанинг Марғилон ва Риштондаги ёдгорлик мажмуалари эса ҳақиқий маънавият марказларига айланиб қолган.

Ўктамжон ЭШОНБОБОЕВ,

Бурҳониддин Марғиноний Халқаро жамғармасининг раиси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube