МАРВАРИД МАРҒИЛОНИМ МАЛОҲАТИ

Марғилоним! Дунё қадар қўҳна ва зумрад баҳор каби ҳамиша навқирон она
диёрим! Ўзинг мўъжазгина бўлсанг-да, сенинг бағрингда амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари пурвиқор тоғлардан-да сарбаланд. Истиқлол эпкини майин эсаётган шаҳрим кўчалари бугун беҳад файзли, беҳад тароватли. Унинг зебо келинчакдек тобора чирой очаётган жамоли қалбларга ажиб сурур ва ифтихор бахш этади. Кумушранг фавворалар остида чўмилаётган райҳонлар гул баргларига шабнамдек қўнган томчилар қуёшнинг заррин нурларида шуълаланиб жило сочади. Марварид томчилар остида қолган райҳонлар ифори тутади борлиқни…

Марғилоним ҳақида сўз кетганда асл сўзини ишлатмаслик мумкин эмас. Чунончи асл ҳунармандлар, асл санъат усталари, асл сўз дарғалари шу муқаддас заминдан етишиб чиққанлар. Ўз касбининг чинакам фидойилари ва устазодалари юртидир бу юрт. Асл ислом фикҳшуноси Ал Марғинонийдан тортиб, асл хушовоз хонанда Маъмуржон Узоқов, асл моҳир раққоса Тамарахоним, асл маҳоратли сўз устаси Юсуфжон қизиқ Шакаржонов каби ўз касбининг комиллари нафақат мамлакатимиз балки жаҳон маънавияти ва маданиятининг энг порлоқ юлдузларига айланиб, дунёга довруғ солгани ҳаққи рост.

Марғилонимга икки тарафдан кўркам, кўрсангиз кўзингизни қувнатувчи зангор либосли арчазорлар билан безанган боғ орқали қадам ранжида қиласиз. Марғилон– Фарғона йўлида қад ростлаган сўлим Бурҳониддин Марғилоний номидаги дам олиш мажмуаси, Марғилон Олтиариқ йўналишида турфа гулзорлари ва манзарали дарахтлари ила сизни ҳайратга солувчи Ёшлар хиёбони шаҳримизга янада кўрк бағишламоқда. Марғилон–Тошлоқ ва Марғилон–Ёзёвон йўналишлари бошланадиган кенг ва равон йўллар бўйлаб эса турли услубдаги , ўта замонавий, ҳашаматли ва ойнаванд савдо мажмуалари ва бошқа турли иншоотлар саф тортган. Шаҳар марказида аҳолига намунали савдо хизмати кўрсатаётган муҳташам “Макро” мажмуаси, одамларга зиёмаърифат улашаётган Увайсий кинотеатри ва бошқа қатор ташкилот ва муассасалар кун сайин равнақ топаётган шаҳрим жамолини намоён этмоқда.

Кундан-кунга чиройи очилиб, ўзига хос гўзал кўринишда бунёд этилаётган халқнинг севимли шоири Эркин Воҳидов номидаги дилбар боғ эса Марғилонни чинакам водий марваридига айлантиради.

Бўйлари ям-яшил майсалар билан қопланган, шалоладек шарқираб оқаётган Марғилонсой мажнунтолнинг минг кокилларини ювиб, шилдир-шилдир хиргойи бошлар. Бу чаман бўстонда нафақат зилол сувлар балки қушлар, турфа гуллар ҳам тинчлик, осойишталик қўшиғини куйлар. Кишилар кайфиятидаги кўтаринкилик, истиқлол интиқлиги заминни безар. Қуёш ҳам шодон кулиб боқар ҳар субҳи содиқ…

Шаҳрим кўчалари сокин ва серфайз. Одамлар қалбидан тошар шижоат, мустақиллик маёғин кўтариб баланд, буюк келажакдан диллар сарафроз!

Мастурахон САИДМУРОДОВА.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube