Меҳнатдан келса бойлик…

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9-февралдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги Фармони 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши асосида мамлакатни изчил тараққий топтиришга ва узоқ муддатга мўлжалланган кенг қамровли ҳужжатдир.

Айниқса, Ҳаракатлар стратегиясининг 4-йўналиши, яъни аҳоли бандлиги ва реал даромадларини самарали ошириб бориш, ижтимоий  му-ҳофазасини кучайтириш ва соғлиғини сақлаш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, арзон уй-жойлар барпо этиш, йўл транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш бўйича мақсадли дастурларни амалга ошириш, таълим, маданият, илм-фан, адабиёт, санъат ва спорт соҳаларини ривожлантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш каби долзарб, айни вақтда ижтимоий соҳани жадал ривожлантиришга қаратилгани, энг муҳими, ижтимоий соҳанинг барча тармоқларини ўз ичига қамраб олганлиги билан аҳамиятлидир.

Мамлакатимиз раҳбари томонидан белгилаб   берилган устувор вазифалар ижросини таъминлашда энг аввало аҳоли бандлиги етакчи ўрин тутади. Мазкур соҳада олиб борилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида бевосита шаҳар прокурорининг ташаббуси билан Академик лицейда меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Ушбу ярмарканинг муқаддам ўтказиб келинган меҳнат ярмаркаларидан фарқи шундаки, унда аҳолининг барча қатламлари, жумладан, муддатли ҳарбий хизматдан қайтган ёшлар, жазони ўташ муассасаларидан жазони ўтаб қайтганлар, олий ва ўрта-махус касб-ҳунар таълими ўқув юртларини маълум мутахассисликлар бўйича тамомлаб, йиллар давомида доимий иш ўрнига эга бўлмаган иш изловчилар, маҳаллаларда яшовчи мутахассисликларга эга бўлмаган аёл ва эркаклар, шаҳримиздаги Академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг 2016-2017-ўқув йили битирувчилари, чет элларга бориб, ишлаб қайтиб келган ва меҳнат ёшидаги иш билан банд бўлмаган бошқа барча фуқароларнинг иштироки тўлиқ таъминланди. Ярмаркани ўтказишга масъул бўлган раҳбарлар ўз вазифаларига жиддий ёндошиб, тадбирга ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрганликларини алоҳида эътироф этиб ўтиш жоиздир.

Меҳнат ярмаркаларининг режали тарзда ҳақиқий бўш иш ўринлари билан мунтазам ва юқори савияда ўтказиб турилиши сабабли 10 ёки 15 нафаргина бўлса-да фуқаронинг доимий иш ўрнига эга бўлиши ва шунча оилаларда тинч, хотиржам ҳаёт, осуда ва фаровон турмуш бунёдга келиши  қувонарли ҳолдир. Кишининг ҳалол меҳнати унинг моддий таъминоти янада яхшиланишига, рўзғорининг камчиликлардан ҳоли бўлишига замин яратади, иш излаб сарсон бўлиш, одам савдоси қурбонига айланишдан асрайди. «Меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик», деб бежиз айтилмаган. Меҳнат нафақат инсонни улуғлайди ва муҳофазалайди, балки унинг давлат ривожига қўшаётган улушини ҳам оширади.

Беш юз нафардан ортиқ аҳоли иштироки таъминланган Меҳнат ярмаркасида шаҳримиздаги 70 дан зиёд корхоналар ўзларидаги мавжуд 360 дан ортиқ бўш иш ўринлари билан иштирок этди. Қувонарлиси, ярмарка давомида 47 нафар шаҳримиз фуқаролари ўзлари учун маъқул бўлган доимий иш ўрни учун йўлланма олдилар. Уларнинг юз-кўзларида меҳнат қилишга бўлган иштиёқ ва чексиз қувонч туйғулари ёрқин акс этди.

Бундан ташқари коллеж битирувчиларининг банкларга ўз бизнес режаларини йўлга қўйиш учун тақдим этган лойиҳалари асосида шаҳримиздаги тижорат банклари томонидан бўлажак ёш тадбиркорларга имтиёзли кредит олиш учун махсус сертификатлар тантанали равишда топширилди. Улар ҳам тез кунларда ишбилармонга айланиб, нафақат ўзи балки, яна бир неча ўзи сингари ёшлар учун ҳам янги иш ўринларини яратишларига ишонамиз. Зеро, бундай мақсадли саъй-ҳаракатлар  халқимизни янада фаровон ва гўзал турмуш сари етаклайди.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube