КЎҲНА БОҒНИНГ ИККИНЧИ УМРИ

Шаҳримизда муҳтарам Президентимиз Ш. Мирзиёев Фармони билан қад ростлаётган Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов номидаги  маданият ва истироҳат боғи нафақат шаҳримиз ва вилоятимиз балки Республикамиздаги гўзал масканлардан бири ҳисобланади. Кўҳна боғнинг ҳар бир гўшасида Маъмуржон Узоқов, Жўрахон Султонов, Саодат Қобуловаларнинг жарангдор овози, Юсуфжон қизиқ Шакаржоновнинг бетакрор қаҳқаҳаси, Тамарахонимнинг дунёни забт этган рақслари овози акс садо бериб тургандай бўлади.

Бу бетакрор, гўзал, шинам, серфайз ва муҳташам кошонани бунёд этиш учун  бир неча ой муқаддам бошланган қурилиш, монтаж реконструкция ишлари бугун ҳам авжи паллада. Салкам 20 гектарлик майдонда барпо этилаётган истироҳат боғи яқин келажакда халқимизнинг энг севимли, энг обод, энг гавжум масканларидан бирига айланиши шак-шубҳасиз.

Шоир Э.Воҳидовнинг маҳобатли ҳайкали, турли кўнгилочар  маданий тадбирлар ўтказиладиган 1800 кишига мўлжалланган замонавий муҳташам амфитеатр, ҳашаматли ош маркази ва бошқа инфратузилма объектлари барпо этиш ишлари бошлаб юборилган боғда  халқнинг ардоқли шоири Эркин Воҳидов номидаги ёш ижодкорларнинг маҳорат мактабини очиш,  10 турдан зиёд энг янги услубдаги аттракционлар ўрнатиш, аҳолига сифатли хизмат кўрсатадиган чойҳоналар қуриш ишлари жадал давом этмоқда. Бундан ташқари, Истироҳат боғига самодан боқсангиз улкан  яшил барг тасвирини ҳосил этувчи беҳад мафтункор, ифорли турли мевали ва манзарали дарахтлар, гуллар экиб, сара гулзорлар ташкил этиш ҳам мутасаддилар диққат
эътиборида..

Мусиқий оҳанглар уйғунлигида осмонга бўйлаб, оқ марваридлар мисоли заминга тўкилгувчи фавворалар, энг илғор лойиҳалардаги кенг ва равон йўлакли байрам намойишлари майдонлари, санъат, спорт, шахмат, ёшлик майдончалари боғнинг кўркам  ва серзавқ тароватини яна ҳам оширади.

Президентимиз қаҳрамон шоиримиз номи билан аталадиган ушбу боғ ҳар томонлама мукаммал бўлиши ва уни ёшлар маънавиятини юксалтирадиган  максанга айлантириш, хиёбонга Э.Воҳидовнинг энг сара шеърларидан намуналар ёзилган  пешлавҳалар ўрнатиш зарурлигини  таъкидлаб,  бу ерга келгувчилар Э.Воҳидовнинг ижодидан баҳраманд бўлиб, маънавий оламини янада бойитиб олмоғи зарур-деган эдилар.

Бугун  халқимизнинг дилбар гўшасига айланаётган боғда 300 дан зиёд қурувчилар, қалб амри билан бу ерга келган ҳашарчилар жавлон уриб  меҳнат қилмоқдалар. Яна бир неча ойлардан сўнг шаҳримизда замонамиз ёшлари-ю  келажак  авлодларнинг чинакам маданият ва маърифат масканига  айланадиган, халқимизга зиё улашадиган  маънавият бўстони барпо этилади.

Бу боғ нафақат оддий дам олиш маскани балки шаҳар аҳолисига, меҳмонларга фахр ва ифтихор туйғуларини инъом этадиган, мустақиллик бунёдкорлиги  ва истиқлол жўшқинлиги ила яратилаётган чинакам афсонамонад жаннат боғига айланажак.

Элнинг эртасини, унинг мунаввар ва ёрқин келажагини, гўзал ва фаровон турмушини янада  камол топтириш йўлида бунёд этилаётган ижодкорлар боғидаги қурилиш, ободонлаштириш ишлари давом этмоқда. Зеро, эл бошлаган эзгу ишлар  ҳамиша бардавомдир.

Мастурахон САИДМУРОДОВА.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube