Ватан онадек азиз, каъбадек муқаддас

Марғилонлик бир гуруҳ меҳнат фахрийларининг дил сўзи

Ҳар бир инсон ўз онасини, ўз Ватанини бутун вужуди билан қалбдан севади. Каъбадек муқаддас эканини иймон эътиқоди билан хис этади. Ҳар бир инсон – у ким бўлишидан қатъий назар ота-она розилиги учун, Ватан равнақи учун тинмай ҳалол меҳнат қилади. Инсон қандай касб эгаси бўлмасин – ҳалол меҳнат қилиб оиласини иқтисодий томонидан таъминлаш билан бир қаторда юртнинг равнақи, халқнинг фаровонлигига ўз хиссасини қўшади. У раҳбарми, олимми ёки оддий меҳнаткашми юртимизда амалга оширилаётган юксалиш, ривожланиш жараёнларида унинг меҳнати – хиссаси борлигидан ғоят бахтиёрдир.

Бу борада Юртбошимиз Ш.М.Мирзиёевнинг Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлида қилаётган тинимсиз ва самарали меҳнатлари барчамизга ибратдир.

Республикамиздаги барча вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳам ҳурматли Президентимиз раҳнамолигида ҳалол ва самарали меҳнат қилаётганларини ҳар куни, ҳар дақиқада хис қилиб турибмиз.

Бугунги кунда пойтахтимиз Тошкентдан тортиб энг чекка туман ёки қишлоққа борманг, амалга оширилаётган ривожланиш, янгиланиш ва бунёдкорлик ишларини кўриб қалбингиз ғурур ва фахрга тўлиб, шундай юртнинг фуқароси эканлигимиздан фахрланамиз. Аллоҳга шукурлар айтамиз.

Ҳақиқатдан ҳам сўнгги йилларда юртимизда, Фарғонамизда она шаҳримиз Марғилонда мисли кўрилмаган ободончилик, қайта-қуриш ишлари амалга оширилмоқда.

Айниқса шу йили Марғилонда ўтказилган халқаро фольклор ва Қўқон шаҳрида ўтказилган ҳунармандлар фестиваллари бутун дунёга Ўзбекистонни янгидан кашф этди. Фестивалларда иштирок этган минглаб хорижлик мутахассис ва меҳмонларга яратилган қулай, замонавий шарт-шароитлар учун, ҳамда тадбирни юқори савияда ўтказилганлиги туфайли республика, вилоят раҳбарлари, ташкилий қўмита аъзоларига барча халқимизга чин дилдан ўз миннатдорчиликларини изхор этдилар.

Бундан ташқари Фарғона вилояти Республикамиздаги барча вилоятлар ўртасида ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий соҳаларда халқ хўжалигининг барча йўна-
лишларида ўз нуфузига, обрўсига эга эканлигини ҳеч ким рад этолмайди. Бу эришилаётган ютуқларда вилоятимизнинг раҳбари Шухрат Ғаниевнинг хизматлари жуда катта эканлигини барчамиз кўриб, билиб турибмиз ва буни ҳеч ким инкор эта олмайди. Эришилган улкан ютуқларни муҳтарам ҳокимимиз куни кеча бир гуруҳ журналистлар билан бўлган машваратда ишонарли фактлар билан асослаб берди. Биз фарғоналиклар, айниқса марғилонликлар – меҳнат фахрийлари вилоятимиз раҳбари олдида жипслашиб юртимиз, вилоятимиз, шаҳар, туманларимиз, қишлоқларимиз ободончилиги халқимиз фаровонлиги йўлида ҳалол ва самарали меҳнат қилишимиз ҳам фарз, ҳам қарз.

Бугунги чиройли ҳаётимиз, тинчлигимиз ва осуда турмушимиз учун Аллоҳга ҳамд-санолар айтиб,
шукрона билан яшашимиз керак, деб ҳисоблаймиз.

Биз Ш.М.Ғаниевни болалигидан, ўқувчилик чоғи, талабалик йиллари, армия сафидаги хизмати, вилоят раҳбарлигига қадар корхона ва ташкилотларда ғоят самарали меҳнат қилганлигини яхши биламиз. У қаерда, ким бўлиб ишламасин ғайрат ва шижоат билан сидқидилдан ҳалол меҳнат қилиб келди ва ҳозирда етук, жонкуяр раҳбар даражасига кўтарилди.

Биз ҳар-хил оммавий ахборот воситаларида, интернет тармоқларида Ш.М.Ғаниев тўғрисида берилаётган тухматлар, салбий фикр- мулоҳазалар мутлақо нотўғри, иғво, калтабин кимсаларнинг сафсатаси деб биламиз. Доно халқимизда шундай нақл бор. Беайб фақат Парвардигор. Ҳар қандай инсон ўз меҳнати давомида хато-камчиликларга йўл қўйиши, эхтиросларга берилиб, қуюшқондан чиқиши мумкин. Биз бу инсонни кечани-кеча, кундузни-кундуз демай қилаётган меҳнатига барча фарғоналиклар шоҳид бўлиб турибди.

Юртимизни, вилоятимизни ривожини, юксалишини, халқимиз фаровон ҳаётини, тинчлигимизни кўролмаётган ғаламис, иғвогар, шукроналикни хис этмайдиганларга “Кўзингизни очинг, инсофга келинг, юртимизда, вилоятимизда рўй бераётган бунёдкорлик, янгиланиш ишларида фаол иштирок этинг – иштирок эта олмасангиз ҳалол меҳнаткаш инсонларнинг онгини захарлашга, йўлдан уришга беҳуда уринманг” – деймиз. Доно халқимиз оқ билан қорани, яхши билан ёмонни, ҳақиқат билан тухмат, иғвони яхши фарқига боради, холисона баҳо беради.

Ватаннинг равнақи, халқ фаровонлиги, тинчлиги йўлида халол ва сидқидилдан меҳнат қилаётганлар сафида бўлинг – деймиз. Шундай гўзал юртда тинч ва осуда хаёт кечираётганимиз учун биз ҳурматли Президентимиз, вилоят, шаҳар, туман раҳбарларимиз хормай, толмай меҳнат қилаётганларига шукроналик келтириш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз эканлигини қайта-қайта такрорлаймиз.

Шу билан бирга марғилонликларни 22-декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловларда фаол иштирок этишга чақирамиз.

 

Марғилон шаҳар меҳнат фахрийлари номидан:

 

Ғуломали МАДУМАРОВ.

Турғунбой НИШОНОВ.

Ураимжон САЙДАМАТОВ.

Рахимали ХАМРОЛИЕВ.

Муҳаммадали МАХМУДОВ.

Маҳкамжон АХРОРОВ.

Йигитали ЭГАМБЕРДИЕВ.

Исроилжон БЕКМИРЗАЕВ.

Рўзимуҳаммад УМРЗОҚОВ.

Ойбек АСҚАРОВ.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube