ФАРҒОНА: ЯНГИЧА ФИКРЛАШ,  ЯНГИ МАРРАЛАР ВА САМАРАЛИ НАТИЖАЛАР

Шу йилнинг 16 декабрь куни Фарғона вилояти ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниевнинг республика марказий нашрларининг вилоятдаги мухбирлари, вилоятдаги босма даврий нашрлар муҳаррирлари, тележурналистлар ва блогерлар иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

Матбуот анжуманини вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Обидов олиб борди. Юзма-юз мулоқотда якунига етаётган 2019 йилда Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида олиб борилган саъй-ҳаракатлар, иқтисодиёт ва тадбиркорлик, саноат, қишлоқ хўжалиги сингари муҳим тармоқлардаги ислоҳотлар самараси ҳамда аҳоли турмуш шароити ва фаровонлигини юксалтириш борасидаги эзгу ташаббуслар хусусида сўз юритилди. Ўз навбатида 2020 йилда вилоятда амалга оширилиши режалаштирилаётган кенг кўламли ҳаётбахш ислоҳотлар борасидаги режа-мақсадлар сарҳисоб этилди.

Матбуот анжуманида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш, инвестициявий жозибадорликни ошириш, экспорт салоҳияти, саноат ва ишлаб чиқариш тармоқларини кенгайтириш ҳисобига янги иш ўринлари яратиш, турмуш шароитини яхшилаш ва даромад манбаларини ошириш каби муҳим ҳаётий масалалар бўйича йигирмадан ортиқ саволлар ўртага ташланди.

Вилоят ҳокими барча саволларга аниқ таҳлил ва рақамлар асосида жавоб қайтариб, вилоятда жорий йил якунлари ва яқин истиқболда белгиланаётган режаларни батафсил шарҳлади.

Ўз навбатида вилоят раҳбари журналистларнинг оилавий қадрият ва анъаналар, эзгу орзу-мақсадлари, фарзандлар бахту камоли, маданият, адабиёт ва санъат соҳасидаги қизиқишлари ҳақидаги саволларига ҳам самимий жавоб берди. Шу куни ОАВ вакиллари вилоят ҳокими тимсолида мутлақо кутилмаган янги, ёқимли таассуротларга эга бўлишди.

Қуйида икки ярим соатдан зиёдроқ давом этган суҳбатнинг энг муҳим жиҳатлари эътиборингизга ҳавола этилмоқда.

САВОЛ: — Маълумки, Фарғона вилояти иқтисодий салоҳияти жиҳатдан мамлакатимизда етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Ўтиб бораётган 2019 йил вилоятимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида қандай кечмоқда? Бу йилнинг энг муҳим ўзгаришлари хусусида маълумот бериб ўтсангиз.

ЖАВОБ: — Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан белгиланган ҳаётбахш дастурлар доирасида 2019 йил бутун Ўзбекистонда кутилган самараларни берган йил бўлди. Албатта, ҳар бир йил сарҳисоб қилинганда йил бошида қандай вазифалар, режа-кўрсаткичлар белгилаб олинган эди ва ушбу вазифалар ижроси қандай таъминланди, деган савол бўлади.

Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси асосида бу йилга ҳам алоҳида эътибор берилди. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан вилоятга тааллуқли 14 та ҳужжат қабул қилинди.

2019 йили вилоятга хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш борасида Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарори қабул қилинган эди. Шу асосда изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилиб, жорий йил якуни
бўйича ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми прогнозини 107 фоизга етказиш кўзда тутиляпти. Шундан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, саноатнинг ялпи ички маҳсулот ҳажмидаги улушини 60 фоизга етказиш кутилмоқда.

Саноат ижтимоий ҳимоя, аҳолини иш билан таъминлаш, бюджет даромадларини ошириш, кўзда тутилган инфратузилма ишларини амалга оширишда энг катта соҳа – иқтисодиётнинг юраги ҳисобланади. Бу йил вилоятимиз учун саноат, ишлаб чиқариш, экспорт, инвестиция жалб этиш ва шу орқали янги иш ўринлари яратиш борасида қувонарли натижалар йили бўлди.

Вилоятда 3 миллион 800 минг нафар халқимиз, хусусан, меҳнатга лаёқатли аҳолининг даромад кўрсаткичлари оширилишига эришилди. Саноат маҳсулотлари ҳажми 107 фоизга, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси қарийб 120 фоизга, капитал қурилиш 118 фоизга ва бошқа муҳим йўналишлар ҳам ижобий сальдони берадиган кўрсаткичларга эришилиши таъминланди.

Президентимизнинг маҳаллий ҳокимлик идораларига бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш, бюджетдан манфаатдорлик бўйича яратиб берилган ваколатлари асосида йил якуни билан 550 миллиард сўм бюджет маблағлари қўшимча ўзлаштирилиб, вилоятдаги 4 та шаҳар ва 15 та туманлар, айниқса, чекка ҳудудларни ривож- лантириш мақсадлари учун сарфланиши кўзда тутиляпти.

САВОЛ: — Бу йил қишлоқ хўжалиги тармоқлари, хусусан, пиллачилик, мева-сабзавотчилик, пахта ва ғаллачилик соҳаси Фарғона вилояти мамлакатимиз миқёсида мисли кўрилмаган ютуқларни қўлга киритди. Бу кутилмаган натижага қандай эришилди?

ЖАВОБ: — 2019 йил бу борада ҳар қанча ғурурлансак, фахрлансак арзийдиган, натижаларимизни сарҳисоб ва таҳлил этсак, даромадлардан кайфият аъло бўладиган йил бўлди. Деҳқончиликнинг ҳандалаги дейиладиган пиллачилик соҳасидаги моддий манфаатдорлик яхшилангани соҳа фаолияти бугунги кун талаб-лари асосида ривожланишида муҳим омилдир. 2019 йил якуни бўйича биргина пиллачилик тармоғида вилоятда 11 миллион АҚШ доллари миқдорида экспорт амалга оширилиши кўзда тутилмоқда. Бу йил туманларимизда 44 минг хонадон эгалари мавсумий иш билан таъминланди. Бир кило пилла хом ашёси учун 17-21 минг сўмдан ҳақ тўланиб, бир ойлик меҳнат фаолияти учун бир йиллик меҳнат стажи қайд этилди. Вилоятда 14 минг хотин-қизларимиз пиллачилик корхоналари, тадбиркорлик субъектларига ҳунарманд сифатида ишга қабул қилинди.

2019 йилда мева-сабзавотдан 2 миллион 300 тоннага яқин ҳосил олинди. Бу 37 минг гектар мевали боғлар, 29 минг гектар сабзавот экинлари майдони ҳамда  101 минг гектар ғалладан бўшаган майдонга экилган такрорий экинлардан олинган ҳосил ҳисобланади.

Йил якуни бўйича вилоятда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан 275 миллион АҚШ доллари миқдорида экспортдан даромад олиш режалаштирилган. Бугунги кунда вилоятда 418 та тадбиркорлик субъектлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини амалга оширмоқда. Вилоятда мева-сабзавот экспорти 2018 йилга нисбатан 125 миллион долларга ошишига эришилгани изчил саъй-ҳаракатлардан далолатдир.

Ғаллачиликда ўртача ҳосилдорлик 67,8 центнерни ташкил этиб, вилоятдаги фермер ва деҳқон хўжаликлари ихтиёрида 300 минг тоннадан ортиқ ғалла қолди. Бу борада Президент қарорига кўра ғалланинг харид нархи оширилгани манфаатдорликни таъминлашда муҳим омил бўлди. Ғаллачиликда рентабеллик 31 фоизни кўрсатди. Бу ғурурланса, фахрланса, шукроналик билан сарҳисоб қилса арзийдиган рақам.

Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан пахтачиликда кластер жорий этилди ва жорий йилда бу тизим 9 та туманда ўзининг қувонарли натижасини берди. Кластер тизими асосида ишлаган Ёзёвон, Қўштепа, Тошлоқ, Учкўприк ва Фарғона туманларида ҳар гектар ердан ўртача 35 центнердан ҳосил олинишига эришилди. Айни жараёнда кейинги йилларда маҳаллий тупроқ-иқлим шароитига мос, касаллик ва зараркунандаларга чидамли янги навлар экишга кенг татбиқ этилаётгани даромадларимиз салмоқли бўлишини таъминламоқда.

Дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда, бу йил вилоятда пахта хом ашёсидан олинадиган даромад 350 миллиард сўмни ташкил этмоқда. Қувонарлиси, жорий йилда вилоятдаги 14 та тумандаги 2015 та фермер хўжаликларининг барчаси шартномавий мажбуриятини тўлиқ бажарди. Шу боис 2019 йил Фарғона вилояти пахтачилик тарихида ўзига хос из қолдирган йил бўлди десак, муболаға бўлмаса керак.

САВОЛ:  — Бу йил вилоятда хорижий инвестицияларни жалб этиш борасида катта ютуқлар қўлга киритилди. Шундай эмасми?

ЖАВОБ: — Юртимизда инвестициявий жозибадорликни ошириш бўйича Президентимизнинг Фармон ва қарорлари қабул қилиндики, бу бутун дунёдаги жаҳон бозорларини эгаллаб турган йирик компаниялар, тадбиркорларни эътиборсиз қолдирмади. Айнан инвестиция киритилиши борасида кўплаб имтиёзлар берилди, киритилган инвес- тицияни рағбатлантириш қонун йўли билан белгилаб қўйилди.

Фарғона вилоятининг инвестициявий салоҳиятини акс эттирувчи тақдимот материллари тайёрланиб, вилоят, республика ва бош- қа ҳудудларда ўтказилган халқаро бизнес-форумларда намойиш этилди. Кейинги уч йилда мамлакатимизнинг хориждаги элчихоналари инвестиция жалб этишда катта ёрдам беришмоқда. Россия, Хитой, Жанубий Корея, МДҲ давлатлари, Осиё ва Европа мамлакатлари билан ҳамкорликда жорий йилда вилоятга кутилаётган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 400 миллион АҚШ доллари ҳажмида бўлади. Бу 2017 йилга нисбатан 4 баробар, 2018 йилга қараганда эса 3 баробар кўп демакдир.

Шу кунларда Бешариқ туманида хитойлик тадбиркорлар билан йилига 800 минг тонна юқори сифатли цемент ишлаб чиқарувчи корхона ўз фаолиятини бошлайди. Бу лойиҳага уч йил мобайнида жами 220 миллион доллар миқдорида инвестиция киритилиши режалаштирилган бўлиб, жорий йилнинг ўзида 120 миллион доллар ўзлаштирилди.

Вилоятда енгил саноат, қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш, нефт-газ, кимё саноатида ҳам ин-
вестициялар жалб этиш катта самара бермоқда. 2019 йили вилоятнинг барча шаҳар-туманларига инвестиция киритилишига эришилди. Бунинг самараси сифатида йил якунида вилоятда хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар сони 455 тага етиши кутиляпти. 2020 йили вилоятда жорий йилга нисбатан 200 миллион АҚШ долларига оширилган миқдорда хорижий инвестиция жалб этиш кўзда тутилмоқда.

Фурқат туманида 55 миллион АҚШ доллари ҳамда Қўштепа туманида 41 миллион АҚШ доллари ҳажмида инвестиция киритилиши кутилаётгани эътиборга лойиқ.

Хўш, бу натижаларга қандай эришиляпти?

Давлатимиз раҳбари томонидан вилоят, шаҳар-туман ҳокимликларида бевосита инвестициялар бўйича янги тизим жорий этилмаганида бундай натижаларга эришилмас эди. Аммо бу натижалар бизни мутлақо қониқтирмайди. Бу имкониятдан вилоятнинг барча ҳудудларида бирдек фойдаланиш зарур.

САВОЛ: — Ўтган йилларда вилоятда жуда катта қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Вилоят раҳбари сифатида қандай бунёдкорлик ишларини алоҳида эътироф этишни истардингиз?

ЖАВОБ: — Мустақиллик йилларида Фарғонада олиб борилган бунёдкорлик ишлари жуда катта ўринга эга. Бу борада кейинги йилларда вилоятда “Фарғона: янгича марралар, янгича ёндашув ва янгича фикрлаш” деган шиор урф бўлди.

Биринчи навбатда вилоят шаҳарларидаги улкан бунёдкорликлар, саноат ва қўшма корхоналар қурилишини алоҳида эътироф этаман. Мисол учун, Марказий Фарғона сув омбори қурилиши. Бу ўта ноёб ва мураккаб қурилиш бўлиб, дунёнинг саноқли давлтларида амалга оширилган, холос. Ҳар бир раҳбар ўзига ишониб топширилган вазифани сидқидилдан бажариши, вилоят фаоллари ва кенг жамоатчилик ишончини қозонишни ўзига қатъий қоида сифатида белгилаб олиши керак.

САВОЛ: — Вилоят раҳбари сифатида ҳамиша Сўх тумани, Фарғона туманининг Шоҳимардон қишлоғи аҳлига алоҳида эътибор ва рағбат кўрсатиб келмоқдасиз. Бу юртимизда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмаслигидан далолат беради.

ЖАВОБ: — Сўх тумани ва Шоҳимардон қишлоғини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, туризм салоҳиятини ошириш бўйича кейинги йилларда Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари қабул қилинди. Бу юксак эътибор намунасидир.

Бугунги кунда Сўх туманининг электр энергияси, газ таъминоти яхшиланиб, хотин-қизлар учун 500 ўринли тикув-триктож корхонаси ташкил этилди. Сўхдан вилоят марказига автобус қатнови йўлга қўйилган. Ичимлик суви таъминоти, таълим, соғлиқни сақлаш, бозорлар ва давлат идоралари учун янги бинолар қурилиши соҳасидаги ишлар салмоғи қувонарли. Айни пайтда Сўх туманида 27 та лойиҳалар устида иш олиб бориляпти.

2019 йилда Сўх тумани ва Шоҳимардонга қатнов сезиларли даражада ортиб, аҳолининг турмуш фаровонлиги яхшиланиши таъминланмоқда. Бу борадаги ишлар кўламини янада ривожлантириш мақсадида 2020 йилнинг Наврўз байрами арафасида Шоҳимардонда халқаро туристик бизнес-форум ўтказилиши режалаштириляпти.

САВОЛ: — Жаҳон тажрибасида кластер тизими қишлоқ хўжалиги истиқболи сифатида эътироф этилади. 2020 йили вилоятда бу борада қандай ўзгаришлар бўлади?

ЖАВОБ:  — 2020 йили вилоятнинг 14 та туманида тўлиқ пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилиши кўзда тутилган. Шунингдек, 18 минг гектар бошоқли дон экинлари майдонида ҳам кластер тизими ўз фаолиятини бошлайди. Ўз навбатида 8 та туманда мева-сабзавотчилик кластерлари иш бошлаши кутилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, матбуот анжуманида “Қўқон” эркин-иқтисодий зонаси фаолияти, қўшни республикалар билан дўстона ва маданий алоқалар, вилоятда олий таълим соҳасига қаратилаётган юксак эътибор, спорт, ҳунармандчилик, Афғондаги ҳарбий хизмат, байналминал жангчиларга эътибор ва рағбат, китобхонлик, журналистлар ва блогерлар фаолиятини кузатиб бориш, раҳбар масъулияти ва қаттиқ қўллиги, болалик орзулари, инсоний хис- латлар мавзусидаги ўнлаб саволлар вилоят ҳокими томонидан аниқ фактларга асосланиб, куюнчаклик, чуқур мулоҳаза, кенг дунёқараш, етук билим ва ҳаётий тажрибага таянган ҳолда жавоб берилди.

Мулоқот якунида журналистлар бугун ўзлари билан жуда ҳам самимий, чин дилдан суҳбатлашган вилоят раҳбарини янгитдан кашф этишганини таъкидлашди.

— Вилоятимизда олдимизга қў- йилган  вазифаларни барчамиз сидқидилдан бажарсак, халқимизнинг яшаш шароити тобора яхшиланса ва даромади кўпайиб борса, оилаларимиз тинч ва бахтли умргузаронлик қилса, ёшларимиз яхши таълим-тарбия олсалар ва фарғоналиклар мамлакатимиз равнақ-ривожи учун муносиб ҳисса қўшсак, шу менинг энг катта орзуимдир, -деди Шуҳрат Ғаниев. – Зиёли оилада туғилиб, болаликдан ҳунар ўрганишга, спортда чиниқишга алоҳида меҳр қўйдим. Қарийб бир аср яшаган момомиз Рўзибиби   Отабоева мурғак болалигимиздан Машраб, Муқимий, Завқий, Нодирабегим, Увайсий, Анбар Отин, Фурқат сингари мумтоз адабиётимиз намояндалари ижодига ошно этди. Шифокор падари бузрукворимнинг ҳаёт йўлини болаликдан ўзим учун намуна сифатида белгилаб олганман. Мактабда яхши ўқиш ва жамиятга катта наф келтирадиган инсон бўлиб улғайиш асосий мақсадим эди. Ҳозирги кунда ҳам иш столимда ўнлаб мумтоз ва замонавий ўзбек адабиёти намояндаларининг китоблари туради.

Орзу бу – муқаддас тушунча. Унга етишиш учун меҳнат қилиш керак. Орзуси бор инсондан фақат яхшилик чиқади. Орзу-умидлар билан яшаётган инсондан фақат яхшилик кутиш мумкин. Шу маънода, журналистлик энг ҳалол касб. Бундан кейинги фаолиятларингда барчаларингга омад ва муваффақиятлар тилаб қоламан.

Абдужалил БОБОЖОНОВ,

Ботир МАДИЁРОВ.

Суратларни Шерзод ҚОРАБОЕВ олган.

(«Фарғона ҳақиқати» газетасидан кўчириб босилди).

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube