ЁШЛАРНИ АСРАЙЛИК

Бугунги кунда аксарият йигит-кизлар аждодларимизга муносиб ворис эканликларини исботлаб, катта ва самарали ишларга қўл ураётгани, ўз истеъдодларини жаҳон айвонида намоён этишаётганини кўриб, диллар равшан тортади. Бундай қувонарли ишларнинг асосий сабабчиси мухтарам Президентимизнинг баркамол авлодга бўлган ишончи, келажагимиз пойдевори бўлмиш ёшларга яратилаётган кенг имконият ва шарт–шароитлар самараси деб атасак мутлақо ҳақ бўламиз.

Аммо, мамлакатимизда улкан ўзгаришлар рўй бераётган, ёшлар табора жамият ҳаётининг турли жабхаларини эгаллаб бораётган бир пайтда айрим иродаси суст ўсмирларимиз гиёҳвандлик балосига мубтало бўлишаётгани барчамизни ташвишга солмоқда.

Оғу инсон жисмини қанчалик хароб қилса, ҳудди шундай шахс ва жамиятнинг мол-мулки, бойлигига мислсиз даражада зарар етказади. Аср вабоси деб аталаётган бу иллат тинч тотув яшаётган оилаларни бузади, болаларни етим қилади, муҳтожлик, қашшокликда яшашга мажбур этади, охир-оқибат касаллик, ўлим ёки қамоқхона билан якун топади.

Тажрибалар шуни кўрсатадики, гиёҳвандликка илк бор қадам қўйиш ёшларда кўпроқ 11 ёш билан 17 ёш ўртасида кузатилади. Шу ёшда жиловлаб олинса, фожеанинг олди олинган бўлади.

Маълумки, оила жамиятнинг асосий бўғинидир. У соғлом бўлса жамият ҳам соғлом, агарда касалланса жамият пойдеворига дарз кетади, унинг устига кўрилган бино қулашга мойил бўлади. Оила аъзолари ичида қайси бири оғу истеъмол қилса унинг касби-корига зарар етказади.

Муҳтожлик эса инсонни қинғир йўллар билан бўлса ҳам пул топишга мажбурлайди. Иродаси суст гиёҳванд ўзини ирода қила олмай, жиноятга қўл уради. Оила аъзоларига яхши хислатлар билан намуна бўлиш ўрнига ёмон сифатлар билан ибрат кўрсатади.

Эътироф этиш керак, гиёҳвандлик авж олишига ёшлар кўпрок томоша қилаётган, порнографик хорижда ишлаб чиқарилган жангари, ахлоқсизликни тарғиб қиладиган кино-фильмлар катта хисса қўшмокда. Тунги барларда тонг отгунча кечадиган жазавали шовқин-сурону, маишатлар ҳам айрим оғуфурушларга қўл келмоқда. Ҳали она сути оғзидан кетмаган ўсмирлар осонгина уларнинг турига илинмокда.

Экспертларнинг хулосасига кўра, бир гиёҳванд хафта мобайнида 10 нафар соғлом кишини оғу истеъмол қилишга жалб қилиши мумкин экан. Буни биз катталар доимо ёдда тутишимиз зарур.

Хулоса шуки, инсон дунёга келдими, фақат яхши амалларни бажариши зарур, акс ҳолда ҳаёти ўз мазмунини йўқотади. Турли қусурлар, айниқса гиёҳвандликка берилиш эса жаҳолат ботқоғига етаклайди.

Бехзод МИРЗАЕВ,

Фарғона вилояти ИИБ Транспортда ХТБ ҳузуридаги ТБ терговчиси.

МухаммадюсуфРАЙИМБЕРДИЕВ,

Фарғона вилояти ИИБ Транспортда ХТБ бўлинма хуқуқбузарликлар профилактикаси гуруҳи инспектори лейтенант.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube