Гиёҳвандлик – умр заволи

Мамлакатимизда ўтказилаётган гиёҳвандликка қарши курашиш ойлиги тадбирлари доирасида жойларда аҳоли билан турли учрашувлар, давра суҳбатлари ташкилланмоқда, рейдлар ташкил этилмоқда.

Гиёҳвандлик бугунги кунда бутун дунё жамоатчилигини ташвишга солаётган долзарб муаммолардан биридир. Шу боис мамлакатимизда унга қарши курашиш, аҳоли, айниқса, ёшларни ушбу балодан асраш борасида кенг кўламли кескин чора-тадбирлар кўрилмоқда, тарғибот-тушунтириш ишлари мунтазам олиб борилаяпти, лекин шунга қарамасдан ўзига тегишли хулоса чиқармаган фуқаролар ҳам учраб турибди.

Фуқаро Р.О.Саматов 2018 йил ноябрь ойида келгусида гиёҳвандлик моддасини сотиш мақсадида Данғара тумани Тўлабой қишлоғи ҳудудидаги дала четида ўсиб ётган таркибида гиёҳвандлик моддаси мавжуд бўлган наша ўсимлигини баргларидан териб олиб, яшаш хонадонига ташиб келиб, қуритиб, сариқ қоғозга ўраб, хожатхонаси тепасидаги шифер тагида сақлаб келган.

Шундан сўнг, Р.О.Саматов 2019 йил 13 январь куни Қўқон шаҳрида жойлашган кўп қаватли уй олдида таниши А.Г.Чинниевга (жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг ҳукми билан ЖК 276-моддасининг 1-қисми билан судланган) 4,14 грамм миқдоридаги марихуана гиёҳвандлик воситасини 100.000 сўмга сотган.

Ўтказилган тадбир давомида А.Г. Чинниевдан 4,14 грамм марихуана гиёҳвандлик воситаси ашёвий далил тариқасида олинган.

Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг ҳукми билан Р.О.Саматов Ўзбекистон Республикаси ЖК 273-моддасининг 2-қисми билан айбдор деб топилиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК 273-моддасининг 2-қисми билан 5 (беш) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, жиноят жазосиз қолмайди.  Гиёҳвандликка қарши кураш ҳаммамизнинг бурчимиз. Бу қабиҳ ишни билгач, ўзини, оиласини, яқинларини бутун инсониятни ва келажак авлодларни ўйлаган ҳар бир киши гиёҳвандликка қарши курашда фаол бўлмоғи зарур. Шу қабиҳ иш ортидан тез бойиб олишни истаган одамлар қанчадан-қанча кишиларнинг умрига зомин бўлаётганига бефарқ қараб туриш эса мумкин эмас.

 Б.МИРЗАЕВ,

Фарғона вилояти ИИБ ТХТБ ҳузуридаги ТБ суриштирувчиси, катта лейтенант.

И.ТЎРАҚУЛОВ,

Фарғона вилояти ИИБ ТХТБ Марғилон бекати тезкор вакили, катта лейтенант.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube