ЭЪТИБОРСИЗЛИК – ЖИНОЯТ

Бугунги кунда транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлашда ички ишлар органлари ва жамоат бирлашмаларининг ҳамкорлиги тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, бу борада “Темир йўл ҳаракати хавфсизлик қоидаларига риоя этиш” мавзусида жойларда темир йўлни белгиланмаган жойларидан кесиб ўтиш, юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлар ва автомобил йўллари кесишмасидан ўтиш талабларига амал қилиш борасида ўтказилаётган маънавий-маърифий ишлар яхши самара бермоқда. Зеро бу маънавий тадбирларда аҳолига темир йўл вокзали, бекати ва юк саройларида турган вагон ҳамда цистерналарнинг устига чиқиш, юқори кучланишли электр симларига тегиш кутилмаган ҳолатларга сабаб бўлиши, темир ва автомобиллар йўллари кесишмаларида хавфсизлик талабларини менсимасликнинг фожиали оқибатлари жонли мисоллар билан тушунтириляпти.

Бироқ, шунга қарамай бу оддий хавфсизлик талаб- ларига эътиборсизлик ҳамон учраб турибди. Масалан, ўтган йилнинг октябр ойида “Пунгон-Поп” автомобил йўли ҳамда “Қўшминор-Поп-2” темир йўли 114 километри 10-пикетидаги қўриқланадиган темир йўл кесишмасида дахшатли фожеа юз берди. “Дамас” русумли 50А687LA давлат рақамли автомашина ҳайдовчиси А.Т. поезд йўқлигига ишонч ҳосил қилмасдан (бошқа бир қатор йўл қоидаси талабларини менсимай) темир йўлни кесиб ўтаётганида 3008-сонли юк поезди билан тўқнашиб кетади. Оқибатда ҳайдовчи ва яна 2 нафар йўловчи воқеа жойида халок бўлишади. Яна 4 нафар йўловчи эса турли тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилди.

Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Зотан, Қўқон минтақавий темир йўл тармоғидан олинган маълумотларга кўра ўтган йил давомида Андижон вилоятида 1 та, Фарғона вилоятида 3 та, Наманган вилоятида 5 та автомобилларнинг оқибати фожеали якунланган поездлар билан тўқнашуви содир бўлган. Ачинарлиси аксарият ҳолларда автомобил ҳайдовчиларининг оддий йўл қоидаси талабларига эътиборсизлиги бундай кўнгилсиз, фожеали ҳолатларга сабаб бўлган.

Ҳар бир ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари бўйича қўзғатилган жиноят ишлари юзасидан ўтказилган тергов ҳаракатлари буни яққол тасдиқламоқда.

Шундай экан, огоҳ ва хушёр бўлиш, йўл қоидалари талабларига қатъий ва сўзсиз амал қилиш ҳар биримизнинг бурчимиз Транспортда йўл қоидаларига эътиборсизлик, қўпол бўлсада аввало ҳайдовчининг ўзига, яқинларига, манзилига етказиб қўйиш мажбуриятини олган йўловчиларга нисбатан жиноятдир. Буни авто улов рулига ўтираётган, уни бошқараётган ҳар бир инсон ёдда тутиши зарур.

 Музаффар САЛИМОВ,

Вилоят ИИБ Транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўлими тергов бўлинмаси бошлиғи.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube