Қаҳрамонларга таъзим ва шон-шараф

Шаҳримизда умумхалқ байрами 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан кенг миқёсдаги тадбирлар, учрашувлар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳолидан хабар олиш жамоатчилик вакиллари, ёшлар томонидан фахрийларни эъзозлаш тадбирлари кенг миқёсда ўтказилмоқда. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармонлари байрамга ўзгача руҳ ва кайфият киритди. Фармонда таъкидланганидек Хотира ва қадрлаш куни ўтказилиши муносабати билан иккинчи жаҳон урушида халок бўлганларнинг хотирасини абадийлаштириш, бугун ҳам сафларимизда туриб Ватан обрў эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга хисса қўшаётган фахрийларни эъзозлаш байрам тадбирларининг бош шиорига айланган.

Шаҳримизда бугунги кунда умргузаронлик қилаётган 6 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, 147 нафар фронт орти иштирокчиларини тантанали равишда табриклаш, уларга таъзим бажо келтириш, шон-шараф ишларини улуғлаш мақсадида шаҳар миқёсида тарғибот ташвиқот гуруҳлари ташкил қилинди. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Маданият вазирлиги, хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон бадиий академияси, Республика маънавият ва маърифат маркази, “Нурониц” жамғармаси ва “Маҳалла” жамоат фонди ҳамда бошқа нодавлат тижорат ташкилотлари билан биргаликда ватанимиз озодлиги ва шаъни – шарафи ҳимоячиларига бағишланган махсус учрашувлар ва маърифий бадиий кечалар ўтказилмоқда.

Байрам арафасида Фарғона вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шухрат Ғаниев шаҳримиздаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари Жамолиддин ота Жалилов ҳамда Дадабой ака Аҳмадалиевлар хонадонига ташриф буюриб, юртимиз тинчлиги ва осйишталиги учун олис юртларда жанг қилган қаҳрамонларга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг байрам муносабати билан йўллаган табрик хати ҳамда 7.5 миллион сўм пул мукофотларини жамоатчилик ва ёшлар вакиллари иштирокида тантанали равишда топширди.

Шунингдек, Марғилон шаҳар ҳокими Мирзоҳиб Убайдуллаев уруш қатнашчилари Абдуҳамид Солиев ва Абдусамат Ғуломовларга юртбошимизнинг табрик хатини уларга ўқиб эшиттирди ва тантанали руҳда топширди. Шаҳар жамоатчилиги вакиллари, шаҳар Мудофаа ишлари бўлими вакиллари иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари Мухторжон Ўринбоев, Акрамжон Ҳакимов ҳамда Сариосиё туманида юртимизга хиёнаткорона бостириб кирган жангариларга қарши курашда қаҳрамонларча халок бўлган Бобуржон Ғаниев хонадонида бўлиб Давлатимиз раҳбарининг табрик хати ҳамда байрам совғалари, мукофот пулларини топширдилар.

 

Ўз мухбиримиз.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube