Қадрдон мактабга туҳфа

Давлатимиз раҳбари томонидан таклиф қилинган “Китоб туҳфаси” лойиҳаси республикамиз аҳолиси томонидан кенг қўллаб-қувванланмоқда.

“Марғилон ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири, вилоят кенгаши депутати Набижон Собиров ҳам ўзи таълим олган Тошлоқ туманидаги – 3-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиларига вилоятимизда яшаб ижод қилаётган шоир ва ёзувчиларнинг 20 дан зиёд бадиий асарлари, ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналаридан ташкил топган китоблар тўпламини туҳфа этди.

Дарҳақиқат, саккизинчи мўъжиза сифатида эътироф этиладиган китоб инсон қалбининг чинакам ҳамроҳи, ақл ва фикр қайроғидир. Айниқса ёш авлод шуурида она тилига ҳурмат ва эҳтиром, миллий ўзликни англаш, она-Ватанга муҳаббат, унинг тақдири учун дахлдорлик, фидойилик туйғуларини мустаҳкам қарор топтиришнинг энг асосий омилларидан биридир.У инсониятнинг қадим тарих мобайнида яратган энг буюк мўъжизаси ва ихтиросидир. Бу маънавият сарчашмасидан ҳар биримиз руҳий озуқа оламиз.

— Бугунги кунда нафақат вилоят балки республикамиз миқёсида ҳам ўзининг ўз сўзи, ўрнига эга ижодкор Набижон Собировнинг эришган муваффақиятларидан беҳад мамнунман, -дейди унинг биринчи устози Ақилжон Фозилов. Айниқса унинг она тили ва адабиёти фанига бўлган қизиқиши баланд эди. Шу туфайли журналистика соҳасини танлади ва бу касбда озми кўпми ҳурмат, эътибор қозонди.

— Ярим асрдан зиёд тарихга эга бўлган мактабимиздан эл эъзозига сазовор бўлган кўплаб инсонлар етишиб чиққан, — дейди мактаб директори Бахтиёржон Исмоилов. Бугунги ташриф эса барчамизни бирдек қувонтиргани рост. Айниқса бир-биридан пурмаъно ҳикматлар ва адиблар ҳаётидан сўзловчи энг сара китоблар туҳфаси ўқувчиларни беҳад мамнун этди. Китобни бебаҳо совғадир, дея бежизга айтишмайди, ахир.

Буюк олимлар китобхонлик ҳақида фикр билдирар экан, адабиётлар билан ошно қалбга ҳеч қачон ёмонлик ин қурмаслигини, доимо яхшилик, эзгулик ҳамроҳ бўлишлигини таъкидлайдилар. Зеро, у ўтмишни бугун ва келажакка болайдиган ўзига хос кўприкдир.

Абдубанноб МАНСУРОВ.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube